Сеул суди Жанубий Кореянинг собиқ президенти Пак Кин Хенинг яқин дугонаси Чхве Сун Силга 20 йиллик қамоқ жазоси берди. Чхве Сун Сил порахўрлик, товламачилик ва ўз ваколатларидан четга чиқишда айбдор деб топилди. Бундан ташқари, Силга пора бергани учун Lotte Group компанияси директорлар кенгаши раиси Син Дон Бин ва собиқ президентнинг ёрдамчиси Ан Чжон Бом ҳам жазоландилар.    

Суд шунингдек Чхве Сун Сил зиммасига 16,6 млн долларлик жарима тўлаш мажбуриятини қўйган. Прокуратура унга 25 йиллик қамоқ жазоси ва 116 млн долларлик жарима берилишини сўраган. Бироқ суд баъзи ҳолатларни исботланмаган деб топган.

Ан Чжон Бомга ҳокимиятни суистеъмол қилгани учун 6 йиллик, “Лотте” компанияси раҳбари Син Дон Бинга Сил жамғармасига 7 млн доллар ўтказиб бергани учун 2,5 йиллик қамоқ жазоси берилган. Бинга шунингдек 7 млн долларлик жарима солинган.

Чхве Сун Сил билан боғлиқ йирик коррупцион можаро Жанубий Кореяда 2016 йил кузида авж олган. Аниқланишича, собиқ президентнинг яқин дугонаси ўз таъсиридан фойдаланиб, Жанубий Кореянинг йирик компанияларини у билан боғлиқ иккита жамғармага катта миқдорда “хайрия маблағлари” ўтказишга мажбур қилган. Бу йўл билан жамғармаларга 72 млн доллар ўтказиб берилган. Терговнинг кўрсатишича, Чхве Сун Сил, шунингдек, бир неча йил давомида давлат ишларидан хабардор бўлган ва сиёсий қарорлар қабул қилинишига аралашган.

Чхве Сун Силга 2017 йил июнида қизи таҳсил олган университетга босим ўтказгани учун 3 йиллик қамоқ жазо берилганди.