8312.64 USD -2.21

9456.46 EUR +48.21

125.22 RUB +1.37

10578.7 GBP -23.60

00:14 / 09.08.2018 119161

Фарзандингиз ўқишга кира олмаган бўлса: ота-оналарга 6 маслаҳат

Айни кунларда жуда кўпчилик ёшлар ва уларнинг яқинлари ҳаяжонда: олий ўқув юртларига кириш учун тест синовлари бўлиб ўтмоқда. Кимнингдир уйида хурсандчилик, яна кимдир эса омади келмаганидан кайфияти тушиб кетган. Имтиҳондан муваффақиятли ўтиб, ўқишга кириб олганларни табриклаймиз, фарзандлари ўқишга киролмаган ота-оналарга эса қуйидаги маслаҳатларимиз билан танишиб чиқишни тавсия қиламиз.

1. Хотиржамликни сақланг

Умидларингиз оқланмади, аммо бундан фожиа ясаманг. Фарзандингиз имтиҳондан ўтолмагани учун ёмонга айланиб қолмайди. У ўзини кўрсатиши учун ҳали кўп имкониятлар бўлади. Айбдорларни изламанг, тинчланинг ва ҳаёт давом этишини тушунинг.

2. Фарзандингизни қўллаб-қувватланг

Фарзандингиз эртанги куни учун сизнинг олдингизда уялади. Эҳтимол у ҳаётида биринчи марта мағлубиятга дуч келган ва бундан эзилаётгандир. Вазиятни чигаллаштирманг. Нима бўлмасин уни қўллаб-қувватлашга тайёр эканлигингизни кўрсатинг.

3. Ижобий томонларини қидиринг 

Бунга бошқа томондан қаранг. Эҳтимол унинг ўқишга кириши сизга кўп бошоғриқлар олиб келиши мумкин эди. 

АҚШда кўп ўқувчилар битирувнинг биринчи йилида атайлаб ўқишга киришмайди. Бу давр gap year деб аталади — ёшлар бир йилни фойдали ўтказишга ҳаракат қилишади: ишлашади, саёҳат қилишади, ота-оналарига ёрдам беришади, ўзлигини қидириб топишга уринишади. Ҳужжат топшириш вақти келганида улар мажбуриятни эмас, масъулиятни ҳис қилишади. Фарзандингиз бир йил давомида улғаяди ва ўзига нима кераклигини тушуниб етади.

4. Бошқа йўлларни изланг

Фарзандингиз қандай бўлмасин ўқишга киришни истаса ва бунга иштиёқи кучли бўлса, хорижий ўқув юртларига ҳужжат топшириб омадини синаб кўрсин. Балки бу ерга ўқишга киролмаган фарзандингиз хориж ўқув юртига кириб кетар.

5. «Б» режага ўтинг

Фарзандингиздан энди нима қилмоқчилигини сўранг. Кўпчилик ўсмирлар ишлашни исташади.

Шуни билиб олишингиз лозимки, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 240-моддасига кўра, ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар меҳнатга оид ҳуқуқий муносабатларда катта ёшдаги ходимлар билан тенг ҳуқуқда бўладилар, меҳнатни муҳофаза қилиш, иш вақти, таътиллар ва бошқа меҳнат шартлари соҳасида улар учун меҳнат тўғрисидаги қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатларда белгиланган қўшимча имтиёзлардан фойдаланадилар.

Кечагина мактаб ўқувчиси бўлган ёшлар бугун дабдурустдан оғир меҳнат қилишлари осон эмас. Шу боис Меҳнат кодексининг 241-моддасида ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар меҳнатидан шу тоифа ходимларининг соғлиғи, хавфсизлиги ёки ахлоқ-одобига зиён етказиши мумкин бўлган меҳнат шароити ноқулай ишларда, ер ости ишларида ва бошқа ишларда фойдаланиш тақиқланиши кўрсатиб ўтилган.

Ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларнинг белгилаб қўйилган нормадан ортиқ оғир юк кўтаришлари ва ташишларига йўл қўйилмайди.

Иш вақтининг муддати ўн олтидан ўн саккиз ёшгача бўлган ходимларга ҳафтасига ўттиз олти соатдан, ўн бешдан ўн олти ёшгача бўлган шахслар учун эса ҳафтасига йигирма тўрт соатдан ошмайдиган қилиб белгиланади.

Унутманг, ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларни тунги ишларга, иш вақтидан ташқари ишларга ва дам олиш кунларидаги ишларга жалб этиш тақиқланади.

Меҳнат қилишдан ташқари, ўғлингиз ҳарбий хизматга бориши ҳам мумкин, зеро ҳозирда ҳарбий хизматни ўтаб келган ёшларга олий ўқув юртига киришда кўплаб имтиёзлар тақдим этилмоқда.

6. Кейинги йили ўқишга кириш учун тайёрланиш

Фарзандингиз бу йил ўқишга киролмаган бўлса, қайғуга ботманг. Унинг олдида яхшилаб тайёргарлик кўриш учун яна бир йил муддат бор. Қаттиқ тайёрланса, у ўқишга албатта киради.

Top