8312.64 USD -2.21

9456.46 EUR +48.21

125.22 RUB +1.37

10578.7 GBP -23.60

19:09 / 12.10.2018 41894

Тахт учун кураш: Трампга президент сайловларида кимлар рақиб бўлиши мумкин?

Дональд Трампнинг президентлик муддати ўз экваторига етиб келди – навбатдаги президент сайловлари 2020 йил ноябрда бўлиб ўтади. Америка сиёсий анъаналарига кўра, 2019 йил баҳоридан давлат раҳбарлигига номзодлар республикачи Трампга рақобатчи бўлиш йўлидаги ўз дастурларини эълон қилишни бошлайди.

Амалдаги президент иккинчи муддатга ҳам ўз номзодини қўйишига шубҳа йўқ – 2017 йил қишидаёқ Трамп Федерал сайлов комиссиясига сайловларда иштирок этиш учун ариза йўллаган. Ҳаттоки 2020 йилнинг 24-27 августида Шарлотт шаҳрида партиянинг номзод кўрсатиш бўйича съезди бўлиб ўтиши ҳам аниқ.  

Демократлар томонда эса ҳозирча ноаниқлик ҳукм сурмоқда. Партия съезди 2020 йил 13-16 июлда бўлиб ўтади, лекин қаерда ўтказилиши ва энг муҳими, ким номзод бўлиши ҳозирча ноаниқ. Хўш, Трампга рақиб бўладиган эҳтимолий номзодлар кимлар? 

Майк Блумберг

Нью-Йоркнинг собиқ мэри ва медиамагнат Майкл Блумберг 2016 йилги сайловларда Хиллари Клинтонни қўллаб-қувватлаганди. 2001 йилги мэрликка сайловларда у Республикачилар партиясига кирган, 2007 йилда эса партия сафидан чиқиб кетган. 2018 йил октябрида эса Bloomberg агентлиги асосчиси демократ сифатида рўйхатдан ўтди.

Майк Блумберг

Унинг бу ҳаракати ва 2017 йилги оралиқ сайловлардаги фаоллиги ОАВга Блумберг бу сафарги президентлик сайловларида қатнашмоқчи деган тахминни берди. Яна шуниси маълумки, 2008, 2012 ва 2016 йилги сайловларда ҳам унинг иштирок этиши тахмин қилинган, аммо собиқ мэр бунга журъат қилмаганди. 

Трамп қандай фикрда? Блумберг ва Трамп бир-бирини кўп марталаб танқид қилишган. Амалдаги президент демократлар медиамагнатга юқори лавозимни ваъда қилиб сотиб олишганини айтган. Президент шунингдек собиқ мэр уни яхши билмаслигини, улар «атиги бир марта гольф ўйнашганини» ва Трамп унинг устидан ғалаба қозонганини таъкидлаган. 

Элизабет Уоррен

Ҳозирги пайтда сенатор Элизабет Уоррен Демократлар партиясидаги энг машҳур сиёсатчилардан. У ўтган сайловда Хиллари Клинтонни фаол қўллаб-қувватлаган ва 2018 йилги оралиқ сайловларда фаол ташвиқот кампаниясини олиб боряпти. Уоррен Трампни тез-тез танқид қилади ва уни «замонавий тарихдаги энг оммабоп бўлмаган президент» деб атайди.

Элизабет Уоррен

Уоррен ҳозирча президентлик сайловида қатнашишини оммага эълон қилмади, аммо айрим шарҳловчилар у Трампга бемалол рақобатчилик қилишини кўп бор айтишган.

Трамп қандай фикрда? Президентнинг ўзи Уорренни энг эҳтимолий рақобатчи дейди, аммо у ҳеч қандай жиддий хавфга эга эмаслигига ишончи комил. Трамп унга «Покахонтас» деб лақаб қўйган ва телевидение орқали уни бир неча марта шундай деб атаган.  

Берни Сандерс

Вермонтдан сенатор этиб сайланган Берни Сандерс 2016 йилда Демократлар партиясидан номзодлик учун курашда Хиллари Клинтонга ютқазган бўлса ҳам, сиёсатда фаол иштирок этишда давом этди. 2018 йил августида у ўз штатида оралиқ сайловларда ғолиб бўлди.

Берни Сандерс

Президентлик учун курашадими-йўқми, бу саволга Сандерс аниқ жавоб беришдан қочяпти. 2017 йил июлда сенатор сайловлар ҳақида гапиришга ҳали эрталигини айтганди. 2018 йили Стивен Кольбер шоусида эса сиёсатчи олий лавозимга номзодини кўрсатиши мумкинлигини истисно этмади.

Трамп қандай фикрда? Сенатор президенти мунтазам танқид қилиб келади, ҳатто уни бир марта «аҳмоқ» деб атаганди. Трамп қарз бўлиб қолмади, Сандерсни бир неча бор «ақлдан озган Берни» деди.

Жозеф Байден

АҚШнинг собиқ президенти 2020 йилги сайловларда қатнашишга тайёрлигини кўп марта билдирган. У оралиқ сайловларда демократларни фаол қўллаб-қувватлади. Қатор сўровлар натижаларига кўра, Байден эҳтимолий номзодлар орасида етакчиликни қўлга киритди, аммо шу пайтгача ўзини пойга иштирокчиси деб атагани йўқ.

Жозеф Байден

Байден 1984, 1988 ва 2008 йилги сайловларда президентликка номзодини кўрсатганди.  

Трамп қандай фикрда? Амалдаги президент «Байден рақиб бўлишини орзу қилишини» айтган, чунки у ҳеч қачон 1%дан ортиқ овоз олмаган.

Жон Керри

АҚШнинг собиқ давлат котиби Жон Керри CBS News каналида чиқишида 2020 йилги сайловларда иштирок этиши мумкинлигини билдирди. Бир ҳафтадан кейин эса бу орада «шубҳаси борлигини» ва Конгресс сайловларига эътибор қаратишни таклиф қилди.

Жон Керри

Керри 2004 йилги сайловларда номзодини кўрсатган, аммо Жорж Бушга мағлуб бўлган. 

Трамп қандай фикрда? Керрининг сайловларда иштирок этишини изоҳлар экан, Трамп номзодлар борасида омади келганлигини айтди.

Жеймс Даймон

JP Morgan Chase директорлар кенгаши раиси ва бош директори Жеймс Даймон шу йилнинг сентябрида сайловларда Трамп устидан ғалаба қозониши мумкинлигини билдирди. Бироқ Демократлар партиясининг сўл қаноти уни қўллаб-қувватламаслигини, бусиз эса президентлик пойгасида қатнашишнинг имкони йўқлигини айтди.

Жеймс Даймон

Трамп қандай фикрда? Президент Даймонни асаби чатоқ деб атади ва шу билан бирга ўзини ўзи мақтаб ҳам қўйди. 

Мишель Обама

Мамлакатнинг собиқ биринчи хоними президентликка даъвогарлик қилмаслигини бир неча бор айтган бўлса-да, уни эҳтимолий номзодлардан бири сифатида кўришади. У 2017 йил апрелида сиёсатга аралашмаслигини билдирган ва унинг бу фикрини Барак Обама ҳам қўллаб-қувватлаган.

Мишель Обама

Аммо унинг 2018 йилги оралиқ сайловларда уюштирган кампанияси яна унинг номзодлик қилиши мумкинлиги ҳақидаги гап-сўзлар урчишига сабаб бўлди.  

Трамп қандай фикрда? Президент Мишель Обаманинг президентлик пойгасидаги эҳтимолий иштироки ҳақида ҳозирча фикр билдирмади. 

Хиллари Клинтон

2016 йилги сайловларда Трампга ютқазган Клинтон яна номзодини илгари суриши ҳақида расман ҳеч нима демади. Собиқ давлат котиби мағлубиятдан сўнг сиёсат майдонидаги фаоллигини оширди. Билл ва Хиллари Клинтон 2019 йил май ойигача давом этадиган 13та шаҳар бўйлаб турнега отланишди. 

Хиллари Клинтон

У Россиянинг Америкадаги сайловларга эҳтимолий аралашуви ҳақида гапирар экан, буни 2001 йил 11 сентябрь воқеаларига қиёслади. 

Трамп қандай фикрда? Клинтоннинг бу гапидан сўнг Трамп уни Кремль билан тил бириктирганликда айблади. 

Челси Клинтон

Клинтонларнинг қизи 2017 йилда «Трамп устидан 2020 йилда ғалаба қозонишга қодир эмас»лигини айтганди. Бироқ 2018 йилда Fox News телеканали Челси бу фикридан қайтганлигини ва ўзини «эҳтимолий номзодлардан бири» деб ҳисоблаётганлигини маълум қилди.

Челси Клинтон

У ҳозирча сайловларда иштирок этиш-этмаслигини расман билдирмади. 

Трамп қандай фикрда? Трамп ҳозирча бу борада фикрини билдирмади.

Опра Уинфри

Уинфрининг президентлик сайловларида иштирок этиши ҳақидаги гап-сўзлар унинг 2018 йилги «Олтин глобус» тақдимотидаги чиқишидан сўнг пайдо бўлди. 12 январь куни Лос-Анжелесда «Oprah For President» (Опра президентлик учун) деган ёзувли биллборд пайдо бўлди.

Опра Уинфри

2018 йил январида АҚШ миллий радиоси ўтказган сўров Трамп билан бўлажак пойгада унинг етакчи бўлиши мумкинлигини кўрсатди. Уинфри эса сайловларда иштирок этмаслигини маълум қилди.

Трамп қандай фикрда? Амалдаги президент Уинфрининг сайловлардаги эҳтимолий иштироки ҳақида гапираркан, «бу жудаям қувноқ бўлишини» айтди. Трамп телебошловчи устидан ғалаба қозонишига ишончи комил эканлигини ва у билан курашишга тайёрлигини билдирди.  

Бошқа номзодлар

Бугунги кунга қадар 29 киши АҚШ Демократлар партиясидан президентлик сайловларида иштирок этиши мумкинлигини маълум қилган. Юқоридагилардан ташқари, қуйидагилар ана шундай баёнот берди: Калифорния штатидан сенатор Камала Харрис, Конгресс депутати Тулси Габбард, Starbucks асосчиси Говард Шульц, боксчи Оскар де ла Хойя, АҚШ собиқ бош прокурори Эрик Холдер ва рэпер Канье Уэст.

Трамп қандай фикрда? Президент 2018 йилги Конгрессга сайловлар кампанияси давомида рақобатчиларини АҚШда социализм қуришга уринишда айблади.

Гап шундаки, янги демократлар Америка иқтисодиётини Венесуэла намунасида қайта қуришни истаётган радикал социалистлардир. 

Теглар

Top