8562.34 USD +26.60

9731.96 EUR +165.96

135.34 RUB +2.77

10908.4 GBP +161.92

08:11 / 12.12.2018 17491

Ўзбекистонда янги кўкрак нишони таъсис этилди

Вазирлар Маҳкамасининг “Халқ таълими фидойиси” кўкрак нишонини таъсис этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ҳужжат билан “Халқ таълими фидойиси” кўкрак нишони таъсис этиш ва “Халқ таълими фидойиси” кўкрак нишони тўғрисидаги низом, “Халқ таълими фидойиси” кўкрак нишони ва унинг гувоҳномасининг тавсифлари тасдиқланди.

“Халқ таълими фидойиси” кўкрак нишони тўғрисидаги низомга кўра, кўкрак нишони билан халқ таълими соҳасида баркамол авлодни вояга етказиш, ёшларни ватанпарварлик ва истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш борасида фидокорона меҳнат қилган ҳамда соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшган фуқаролар тақдирланади.

Туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари кўкрак нишони билан тақдирлаш бўйича таклифларни тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, вилоятлар халқ таълими бошқармалари ва Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармасига ҳар йили 10 июлга қадар тақдим этади.

Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, вилоятлар халқ таълими бошқармалари, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги (кейинги ўринларда вазирлик деб аталади) тасарруфидаги республика ташкилотлари ва муассасалари кўкрак нишони билан тақдирлаш бўйича таклифларни белгиланган тартибда кўриб чиқади ҳамда ҳар йили 1 августга қадар вазирликка тақдим этади.

Кўкрак нишони билан бошқа вазирликлар ва идоралар тасарруфидаги таълим муассасаларининг педагог ва ходимлари ҳам ёшларга таълим-тарбия беришда эришган муваффақиятлари учун ушбу вазирликлар ва идоралар раҳбарлари таклифларига асосан тақдирланиш мумкин.

Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири томонидан кўкрак нишони билан тақдирлашга оид таклифларни кўриб чиқиш бўйича Комиссия ташкил этилади.

Комиссия йиғилишида номзодлар бўйича ҳужжатлар ўрганилиб, ҳар йили 10 сентябргача энг муносиб номзодлар бўйича якуний хулоса қабул қилинади.

Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазирининг кўкрак нишони билан тақдирлаш тўғрисидаги буйруғи ҳар йили 20 сентябргача чиқарилади.

Кўкрак нишони ҳар йили Ўқитувчи ва мураббийлар куни байрами арафасида Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири (ёки унинг топшириғига биноан бошқа масъул шахслар) томонидан тантанали вазиятда топширилади.

Кўкрак нишони билан мукофотланган шахслар энг кам ойлик иш ҳақининг тўрт баравари миқдорида бир йўла тўланадиган пул мукофоти олади.

Бир йўла тўланадиган пул мукофотлари Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Халқ таълими соҳасидаги ислоҳотларга кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўланади.

Бир шахс кўкрак нишони билан бир марта мукофотланади. Кўкрак нишони давлат мукофотларидан кейин кўкракнинг чап томонига тақилади.

Top