23:33 / 31.01.2019
38644
Tashkent City қандай қурилмоқда? Илк пресс-тур ташкил этилди

Тошкент шаҳри марказида Tashkent City лойиҳаси амалга оширилаётгани ҳақида бир неча бор хабар қилинган. Айни лойиҳа атрофида эса, турли хил хабарлар пайдо бўлмоқда. 31 январь куни мазкур лойиҳада ишлар қандай олиб борилаётгани ва ОАВ вакилларини қизиқтирган саволларга жавоб бериш мақсадида пресс-тур ташкил этилди. 

Журналистлар ва операторлар жамоаси даставвал Boulevard деб номланган тураржойлар мажмуаси барпо этилаётган 7-лотга ташриф буюришди. Ушбу мажмуани қураётган Premium Village компаниясининг 7-лот бўйича раҳбари Александр Цон тураржой бинолари қурилишига доир тафсилотлар билан ўртоқлашди. 

«Мажмуа fast-track, яъни параллел лойиҳалаш асосида қурилмоқда. У 6та кўп қаватли бинолар мажмуасидан иборат бўлади. Ҳар бир уй остига 582тадан узунлиги 14 метрлик 80 см диаметрдаги қозиқоёқлар қоқилиб чиқилди. Барча уйлар ерости сувларидан ишончли ҳимояланган», - деди Александр Цон. 

Premium Village компаниясининг 7-лот бўйича раҳбари Александр Цон

У, шунингдек, мажмуа 2020 йил май ойида фойдаланишга топширилишини билдирар экан, тураржой биноларининг сейсмик бардошлигига ҳам ойдинлик киритди. 

«Уларнинг зилзилабардошлиги норматив бўйича +9 баллдир. Биноларнинг бетон ишларида 400 маркали цемент ишлатилмоқда. Бу 1 см2.га 400 кг юк мос келади, деганидир. Шунга биноан, бемалол ушбу уйлардан харид қилган бўлар эдим», - дея таъкидлади 7-лот раҳбари. 

Унинг айтишича, ишлар 2 сменада ташкил этилган бўлиб, биринчи сменада ишчилар 8-17 оралиғида ишлайди. Иккинчи смена кечки 20-00дан тонгги 5-00гача давом этади. 

«Менга 12 соат ишлайдиган ишчи керак эмас. Чунки, бу хавфсизлик жиҳатидан ҳам мақсадга мувофиқ эмас. Кўп ишлаган ишчи ёки хато қилади, ё бўлмаса, бирор кор-ҳол рўй бериши мумкин. Қолаверса, Ўзбекистонда иш соатлари белгилаб берилган. Шунга кўра, иш ва дам олиш кунлари ташкил этилади», - деди Александр Цон. 

Таъкидлаш ўринлики, ОАВ вакилларига қурувчилар учун барпо этилган шароитлар кўрсатилиши айтилган бўлса-да, фақатгина Discover Invest ходимлари ишлаётган офиснигина кўришга имкон берилди. 

Шу билан бирга, маълум қилинишича, Boulevard мажмуасининг 15 фоиз хонадонлари сотиб бўлинган. 

Top