19:29 / 05.03.2019
23899
Икром Алибоевнинг «Локомотив»дан «Сеул»га трансфери қиймати маълум бўлди
Фото: "Сеул" ФК

Ўзбекистон терма жамоаси яримҳимоячиси Икром Алибоевнинг «Локомотив»дан «Сеул» клубига трансфери қиймати 500 минг долларни ташкил этган. Темирйўлчилар клуби бош директори ўринбосари Тўлабек Акрамов Kun.uz мухбири билан суҳбатда ушбу маълумотни тасдиқлади.

«Икром Алибоев – клубимиз тарбияланувчиларидан бири. У 4 йил давомида жамоамизда ўйнаб, нималарга қодирлигини, кучлироқ чемпионатларда ўйнай олишини исботлади. Кўп вариантлар чиқди, биз танлаш ҳуқуқини унинг ўзига қўйиб бердик. Трансфер суммаси 500 минг доллар бўлди», – деди Акрамов.

Эслатиб ўтамиз, Алибоев Жанубий Корея клуби билан 2018 йил декабрь ойи ўрталарида 2021 йилгача мўлжалланган шартнома имзолаган эди.

25 ёшли хавбек ўтган ҳафта Кей-лигада дебют қилди. У «Сеул»нинг биринчи турдаги «Поҳанг Стилерс»га қарши ўйинида бошланғич таркибда майдонга тушди. Ушбу баҳсда сеулликлар 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди, Икром иккинчи голга ҳаммуаллиф бўлди.

Kun.uz тез орада Тўлабек Акрамов билан видеоинтервьюни тақдим этади. Унда «Локо» расмийси клубга алоқадор турли мавзулар қаторида Самвел Бабаяннинг тайинлови борасида ҳам изоҳ берган.
Top