8389.97 USD +11.93

9491.57 EUR +3.44

129.72 RUB +0.63

11082.3 GBP -51.27

22:01 / 05.03.2019 25961

«Туризм полицияси мутлақо бошқача бўлиши керак эди». Бухородаги туризм муаммолари

Фото:uzbektourism.uz

Туризмни ривожлантириш нафақат иқтисодиёт, балки ижтимоий соҳалар тараққиётига ҳам хизмат қилади, деган эди Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев. 

Туризмни ривожлантириш миллий концепциясига кўра, 2025 йилда хорижий сайёҳлар сонини 7 миллионга, туризм экспортидан келадиган йиллик даромадни эса 2 миллиард долларга етказиш режалаштирилган.

«Тан олиш керак, туризм соҳасида ижобий ўзгаришлар кўп бўлди, лекин 100 фоиз йўлга қўйилмаган масалалар ҳам етарлича», — дейди Бухоро туризми ҳамкор ташкилотлар ассоциацияси ижрочи директори Бекзод Идиев.

Kun.uz мухбири билан суҳбатда бўлган мутахассис амалиётда ўзи дуч келаётган муаммолар юзасидан мулоҳаза ва таклифларини баён қилди.

«Транспорт масаласи талабга жавоб бермайди»

Йўловчи ташиш воситалари бизда яхшигина ривожланган, «Афросиёб» дейсизми, «Дримлайнер»ми... Лекин уларнинг нарх-навоси ва рейсларнинг камлиги ноқулайликлар келтириб чиқаради.

Шаҳарлараро қатнов мавжуд эмас, десак ҳам бўлади. Логистиканинг энг содда ва примитив усулларига қараб қолганмиз. Поезд ва самолётнинг вақти тўғри келмаса, меҳмоннинг автобусга куни қолади. Лекин автобуслардаги аҳвол жуда ачинарли.

Яқинда ўзим оилам билан Туркияга бориб келдим. Шаҳарлараро сайрга автобусда қатнаганимга мутлақо пушаймон бўлганим йўқ. Йўловчининг ҳордиқ чиқариши учун нимаики керак бўлса, ҳаммаси ҳозир: мини телевизор, вай-фай, текис йўл, юқори даражадаги сервис... Бизда эса бир шаҳардан иккинчи шаҳарга автобусда бормоқчи бўлган одам тавбасига таянади.

Ўзим ҳам туристик фирмани юритаман. «Афросиёб» кунда атиги икки маҳал қатнайди. Автобуслар талаб даражасида эмас. Шунга қараб кун тартибини мослаштиришга мажбур бўласиз. Сайёҳ эса вақтни тежаши, қисқа муддатда кўп нарсага улгуриши керак. Якка ўзи келадиган сайёҳлар-ку қанча оворагарчиликка дуч келади.

«Туристик полиция лойиҳада бошқача эди»

Туристик полиция лойиҳасининг ишлаб чиқилишида ўзим бевосита иштирок этганман. У сайёҳларнинг хавфсизлигини таъминлаш, уларга максимал қулайлик яратишни кўзда тутади. Лойиҳа бўйича, тарихий, амирлик, хонликлар давридаги кийимларда, тил биладиган миршаблар бўлса, туристик йўналишлар бўйлаб отда айланиб юрса, сайёҳлар билан суратга тушса... Бу ҳам тарихий, эртакнамо муҳитни жонлантиради, ҳам сайёҳларда катта қизиқиш уйғотади.

Лекин лойиҳадаги ҳолат амалиётга жорий қилишга келганда ўзгариб кетди. Милиционер формасидаги шахсларни териб қўйишган. Тўғри, ҳозирги полиция ҳам сайёҳларга қулайлик яратиш учун хизмат қиляпти. Лекин полиция формасининг ўзи, уларнинг машиналари кишида босим кайфиятини, назоратда эканлик ҳиссини пайдо қилади.

«Насриддин Афандини ҳам сарсон қилишди»

Биламизки, Насриддин Афанди кўҳна Бухоронинг имижини гавдалантирадиган рамзлардан бири. Лекин шаҳарнинг ўзига борсангиз, Афандини фақатгина унинг бир бурчакда турган ҳайкали эслатади, холос.

Бухоро шаҳрида Афанди образини жонлантириб, томоша кўрсатадиган киши бор. У билан ўзим суҳбатда бўлганман. Эшакка миниб, Афанди прототипида кўнгилочар саҳналар ташкиллаштиради. «Менга Эски шаҳардан жой ажратиб беринглар, солиқ ҳам тўлайман, томошалар кўрсатаман», деганда унга русхат беришмади, қанча сарсон қилишди. Гўёки бу шаҳарнинг мақомига тўғри келмасмиш...

Бухоронинг эски шаҳар қисмида учта тоқ бор. Қадимда улар ҳунарманд усталарнинг растаси сифатида хизмат қилган. Ҳозир эса у ерларни савдогарлар эгаллаб олган.

Бухорода етарлича ҳунарманд бор. Улар шу тоқларнинг остида ўз ишини бажариб турса, сайёҳлар қизиқмайдими? Жараённи жонли равишда кузатса, ўзи ҳам қўли билан лой қорса, темирни қиздирса, сайёҳ қанчалар завқ олади-ю, Бухоро ҳақида қандай яхши таассуротга эга бўлади?

«Хизмат кўрсатиш ёмон аҳволда»

Биз мамлакатга миллионлаб турист келтиришини истаймиз, лекин шунча туристга хизмат кўрсата оладиган шароитимиз мавжуд эмас.

Бухоронинг Арк қисмидан Лаби Ҳовузгача бўлган масофада саноқли тамаддихоналар мавжуд. Борларида ҳам хизмат кўрсатиш сифатига юқори баҳо бера олмайсиз. Оддийгина сув, шарбат сотиладиган дўкончаларни ҳам учратмайсиз. Бутун бошли Эски шаҳарда атиги иккита ҳожатхона бор, холос.

Жуда кўп тарихий иншоотлар бор. Лекин улар ҳувиллаб ётибди. Масалан, Аркка кириб борган сайёҳ нимани кўради? Ҳувиллаган ҳовли, қуруқ деворлар, витриналарга бекитиб қўйилган кийим ва расмлар. Жонли муҳитни нега яратолмаймиз? Нега ҳамма нарсани музейлаштириш керак, нега жонли театр ҳосил қила олмаймиз? Нима учун Аркка кираверишда тарихий либос кийган миршаб эмас, жиддий форма кийиб олган милиционер туриши керак? Бор нарсамизни ҳам кўрсатиб беришнинг уддасидан чиқа олмаяпмиз.

Музейлар кўп, лекин улар ўртасида рақобат йўқ. Қанча одам кириб чиқаётгани билан қизиқишмайди, маркетинг ўлган.

«Ўзбекистон имижини яратишимиз керак»

Қўшни давлат фуқароларидан бири билан суҳбатда бўлганимда, Ўзбекистонга саёҳат учун келмоқчи бўлиб, интернетда бу ҳақида маълумот қидирганини, лекин маълумот жуда камлиги ва суратлар эски, сифатсиз эканлигини айтиб берганди. «Суратларни кўриб, бизда ижобий тасаввур уйғонмади», деганди у.

Интернетдаги маълумот ҳар қандай туристик шаҳар ҳақида биринчи тасаввурни шакллантиради. Туристик салоҳиятимизни кўрсатиб берувчи онлайн платформани ташкил этишимиз керак.

Меҳмон саёҳат чоғида дуч келадиган муаммолардан бири бу — валюта. Туристлар учун алоҳида, устига қадимий обидаларнинг тасвири туширилган пластик карта бўлса-ю, самолётдан тушибоқ, уларни сўм кўринишида картага ўтказиб олган меҳмон саёҳат чоғида ундан бемалол фойдаланса. Юртига қайтиб кетаётганда карта унинг ўзига сувенир сифатида совға қилиб юборилса. Бу ҳам яхши реклама, ахир. Келиб-кетган ҳар бир турист мамлакатни реклама қилувчи жонли маълумотлар базаси ахир. Уларнинг ҳар бирида ижобий таассурот қолдирсак ўз юртига бориб, бошқаларни ҳам шу ерга келишга даъват қилади.

«Туризм ривожи учун фақатгина қўмита жавобгар эмас»

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси

Туризмни ривожлантириш қўмитаси томонидан соҳани ривожлантиришда хусусий секторнинг ролини ошириш бўйича кўплаб ишлар амалга ошириляпти. «Янгилик қиламан», деган тадбиркорлар ҳам етарлича топилади. Лекин тадбиркор ишини битириши учун маҳаллий ҳокимиятнинг остонасида сарғайиши керак. Айнан маҳаллий ҳокимиятлар томонидан тадбиркор учун сунъий тўсиқлар ҳосил қилинади.

Энг оддий мисол. Туризм қўмитаси ҳамманинг телефонига тинимсиз хабарлар жўнатилди: биоҳожатхона қуриш бўйича тадбиркорларга имтиёзлар борлиги ҳақида. Лекин тадбиркор шу ишни амалга ошираман деса, маҳаллий ҳокимият рухсат бермайди. Бошқа ерда қур, онангга бор, отангга бор қабилида иш тутишади.

Тарихий обидаларни ободонлаштириш учун ҳам тўсиқлар мавжуд. Вазирлар Маҳкамасининг 53-сонли қарори мавжуд. Унга кўра, тадбиркор тарихий маданий объектни ривожлантириш учун инвестиция киритиши мумкин. Лекин бунинг учун тадбиркорнинг ҳисобида 2 миллиард сўм бўлиши шарт. Ахир, реал ўйлаб қараганда тадбиркор бунча пулни ҳисобида сақлаб турмайди-ку? Ахир тадбиркор маблағини доимий равишда айлантириб туриши керак. Номига ҳисобига пул ўтказиб олиш каби кўзбўямачилик кимга ва нима учун керак?

Бу соҳанинг ривожланиши фақатгина Туризм қўмитасининг елиб-югуриши билан битадиган иш эмас. Унинг яхшиланиши бошқа соҳаларнинг ҳам илгарилаб кетиши учун туртки беради. Биргина меҳмонхона хизматини оладиган бўлак, бунда қурилиш, текстил, маиший хизмат, транспорт соҳалари учун ҳам фойда келтиради.

Бизда ҳозир туризм билан шуғулланишни истаётганлар, унга пул тикаётганлар анчагина. Лекин рақобат сифатга таъсир кўрсатяпти. Арзонроқ нархларда хизмат кўрсатаман, сайёҳларни жалб қиламан деган фирмалар нархни тушириш ҳисобига сервис сифатини ҳам пасайтиради. Бу эса мижознинг ҳафсаласини пир қилиши табиий ҳол.

Нега президент жон куйдириб гапиради, йиғилишда ҳамма «ҳа, хўп, тушундик, бажарамиз», деб туради, лекин амалга оширишга келганда сансоларлик қилади? Юқорида қабул қилинган қарор энг қуйи бўғинга етиб келгунга қадар мазмун ҳам, ижро ҳам ўзгариб кетади.

Саодат Абдураҳмонова суҳбатлашди

Top