8374.1 USD -18.86

9410.81 EUR -135.34

126.18 RUB -1.14

10898.9 GBP -181.50

20:30 / 15.03.2019 8036

Европанинг етакчи клублари клублараро жаҳон чемпионатини бойкот қилишлари мумкин

Европанинг етакчи клублари клублараро жаҳон чемпионати формати ўзгарадиган бўлса, ушбу мусобақага бойкот эълон қилиш билан таҳдид қилишмоқда. Süddeutsche Zeitung немис нашрининг маълум қилишича, бу ҳақда Европа клублари ассоциацияси раҳбари Андреа Аньеллининг ФИФА президенти Жанни Инфантинога юборган мактубида айтилган.

ФИФА кенгаши 15 март куни Майамидаги йиғилишда клублараро жаҳон чемпионати формати ўзгаришини тасдиқлаши мумкин. Янги ўзгаришларга кўра, мусобақа иштирокчилари сони 6 тадан 24 тагача ошиши, мусобақанинг ўзи эса ҳозиргидек ҳар йили декабрда эмас, балки ҳар 4 йилда бир марта ёз фаслида ўтказилиши мумкин. Жамоалар 3 тадан 8 та гуруҳга бўлинади, плей-оффга эса гуруҳ ғолиблари чиқади. Иштирокчиларнинг ярми Европадан бўлади.   

АP ахборот агентлигининг маълум қилишича, янги формат УЕФАдан ташқари, 6 та конфедерациядан 5 таси томонидан қўллаб-қувватланмоқда. Бундай форматдаги илк мусобақани 2021 йилнинг 17 июнидан 4 июлигача ўтказиш режалаштирилган. Аввал бу санага Конфедерациялар кубогини ўтказиш режалаштирилганди.    

Шунингдек “Ювентус” клуби раҳбари ҳисобланадиган Аньеллининг мактубини Европа клублари ассоциацияси бошқарувининг 15 аъзоси, жумладан “Манчестер Юнайтед”, “Реал”, “Барселона”, “Бавария”, ПСЖ, “Аякс” вакиллари имзолаган.

“Ассоциация ФИФАнинг ишчи гуруҳга янги мусобақанинг иқтисодий аудитини ўтказишга рухсат бермаётганидан ташвишда. Бундай қарор тегишли бизнес-аспектлар батафсил баҳолангандан кейин қабул қилиниши керак. Мусобақанинг ислоҳ қилиниши ҳақидаги қарор Европа футболи манфаатларига зиддир”, дейилган мактубда.

Клублараро жаҳон чемпионати 6 та футбол конфедерациясининг энг кучли жамоалари ўртасида ўтказиб келинади. Мусобақа 2000 йилда ташкил этилган бўлиб, 2005 йилдан бошлаб ҳар йили ўтказилади. Охирги мусобақа БААда бўлиб ўтиб, унда Мадриднинг “Реал” клуби зафар қучганди.

Top