8518.68 USD +5.11

9652.52 EUR +145.42

131.33 RUB +0.92

10847.7 GBP +94.20

19:00 / 17.05.2019 36314

Ёзнинг ҳал бўлиб улгурган 5 трансфери ҳақида

Ёзги трансферлар дарчаси ҳали расман очилмади, лекин футболчилар бирин-кетин ўз клубларига кетиш қарорларини билдиришмоқда. Френки де Йонг ва Аарон Рэмзи биринчилардан бўлиб ёзда бошқа клубларда бўлишларини билдиришганди. Ҳозирда эса ёзда жамоасини ўзгартириши аниқ бўлган футболчилар бир талай.

Эдер Милитао
«Порту» — «Реал», 50 млн евро

Фото: Paulo Oliveira / DPI / NurPhoto via Getty Images

Универсал ҳимоячи (ўнгда ҳам, марказда ҳам ўйнаши мумкин) «Порту»га бир йил олдин етти млн евро – энди эса 50 млн еврога сотилади. Португалларнинг «пул ишлаш» механизми хатосиз ишлашда давом этади. 21 ёшли бразилиялик футболчининг талантига шубҳа йўқ, аммо у биринчи мавсумдаёқ «Реал»да ўйнаб кета олишига шубҳа бор. Мадрид клуби мудофааси марказида Рамос – Варан жуфтлиги мавжуд, улардан бири жароҳат олсагина, захира футболчиларида имкон туғилади, ўнг қанотда эса Карвахаль ва Одриосола муқим жойлашган. Наҳотки, 50 млн еврога харид қилинган ҳимоячи захира ўриндиғида ўтириш учун келаётган бўлса? Худди жамоанинг энг заиф нуқтасидек марказий ҳимояга шундай трансфер қилинди. Кўринишидан, «Реал»нинг яна бир омадсиз трансфери.

Родриго
«Сантос» — «Реал», 45 млн евро

Фото: Buda Mendes/Getty Images

Ёш вингер трансфери борасида клублар бир йил муқаддам келишиб қўйишганди. Трансфер қиймати – 45 млн евро, бундан ташқари турли ютуқлар учун бонуслар кўзда тутилган. «Сантос» президенти Жозе Перес Родриго келажакда жаҳоннинг энг яхши футболчиларидан бирига айланишига ишонч билдирмоқдае. У шу билан биргаликда, ўз жамоаси футболчисининг «Реал»га трансферини «Лотин Америкаси тарихидаги энг яхши келишув» деб атаган. Қизиқ томони, Неймар 18 ёшида «Сантос» учун 30 гол уриб улгурганди, Родригода эса 3 баробар камроқ.

Андер Эррера
«МЮ» — «ПСЖ», эркин агент мақомида

Фото: Jean Catuffe/Getty Images 

Эрреранинг «МЮ» билан шартномаси муддати 30 июнь куни тугайди. Клуб ва 29 ёшли футболчи шартномани узайтириш бўйича келиша олишмади. Қишдаёқ Эррера ва «ПСЖ» ўртасида музокаралар бошланганди. Улар осонлик билан келишиб олишди - 4 йиллик шартномага кўра испаниялик таянчяримҳимоячиси ҳафтасига 200 минг евро миқдорида маош олади. Шу кунларда «МЮ» ва футболчи қўшма баёнот эълон қилишди: Андера жамоага ва мухлисларга миннатдорчилик билдириб, 5 йиллик фаолиятдан кейин Манчестерга миннатдорчилик билдирди. «ПСЖ»да майдон маркази жиддий кучайди.

Желсон Мартинш + Лусиано Вьетто
«Атлетико» ва «Спортинг» «Монако» иштирокида алмашув

Фото: Alex Pantling/Clive Brunskill/Getty Images

Трансфер ҳуқуқи «Атлетико»га тегишли бўлган Желсон Мартинш ҳозирда «Монако» сафида ўйнамоқда, агар монегаскликлар Биринчи Лигада қолишса, футболчининг трансфер ҳуқуқини сотиб олишмоқчи. Унда нега «Спортинг»? Гап шундаки, португаллар клуби собиқ футболчиси Мартиншнинг «Атлетико»га ўтиши масаласида мадридликлар билан судлашмоқда. Желсон 2018 йилнинг майида «Спортинг» мухлислари билан келиб чиққан можаро ортидан (ўшанда ашаддий фанатлар клуб базасига бостириб кириб, футболчиларга ҳужум уюштиришганди) клуб билан шартномасини бир томонлама бузганди.

Якунда клублар муроса қилишди. «Атлетико» Мартинш учун 22,5 млн евро тўлаб беради. Ўз навбатида, «Спортинг» трансфер ҳуқуқи мадридликларга тегишли бўлган Лусиано Вьеттони (у охирги мавсумни «Фулҳэм»да ўтказди) 7,5 млн евро эвазига сотиб олади, келишувга кўра Вьетто кейинроқ бошқа клубга сотилганида «Атлетико» бу трансфердан 50 фоиз улуш олади.

Диего Годин
«Атлетико» — «Интер», эркин агент мақомида

Фото: Quality Sport Images/Getty Images

Годиннинг кетиши – Гризманн клубни алмаштириш бўйича узил-кесил қарор қилишига сабаб бўлди. Улар иккиси яқин дўст эди, уругвайлик футболчи франциялик футболчининг қизига чўқинтирган ота ҳисобланади. Бир йил муқаддам айнан Годин Гризманни «Барселона» таклифини рад этиб, қийин аҳволда қолган, трансферлар тақиқига учраган «Атлетико»га ёрдам беришга кўндирганди. Аммо энди Годин мадридликлар раҳбарияти билан шартномасини узайтира олмай, Италияга йўл олмоқда ва бу Гризманнда Мадридда қолишга сабаб қолдирмади. Мухлислар билан хайрлашув вақтида кўп йиллик сардор йиғлаб юборди. У «Атлетико»да 9 йил ўйнади ва 8 соврин ютиб олди, жумладан икки бор Европа Лигаси ғолиблиги ва Испания чемпионлиги, шунингдек, икки бор Чемпионлар лигаси финали. Клуб афсонаси кетмоқда. Дарвоқе, ёзда клубни яна бир узоқ йиллик футболчиси Хуанфран ҳам тарк этади. Унинг ҳам шартномаси шу йил ёзига қадар тузилганди ва клуб у билан ҳам шартномани узайтиришни истамади. Шу тариқа, кўпчилик одатланиб қолган «Атлетико»нинг таркибидан деярли ҳеч ким қолмаяпти.

Бонус: Антуан Гризманн
«Атлетико» — ???, 120 млн евро

Франциялик футболчи шу кунларда «Атлетико»ни тарк этишини маълум қилди. «Симеоне ва раҳбарият билан гаплашдим ва кетмоқчилигимни айтдим. Мухлисларга айтишим керакки, бу қарорни қабул қилиш жуда қийин бўлди. Аммо менга янги чорловлар зарур. Мен бу ерда илк катта совринларимни қўлга киритдим, бу ерда унутилмас беш йилни ўтказдим, сизларга барчаси учун миннатдорчилик билдиришни истайман». Бунга жавобан «Атлетико» президенти Энрике Сересо Антуаннинг қароридан қаттиқ хафалигини билдирди. Клуб мухлислари эса у бундан кейин клуб футболкасини киймаслигини тилашди.

Энди асосий савол: Гризманн қаерга кетади? Ҳамма «Барселона» ҳақида гапирмоқда, каталонлар клубининг собиқ президенти Жоан Лапорта ҳам у Каталонияга келишини айтди. Гризманнинг мадридликлар клуби билан шартномасида белгиланган бадал пули миқдори 1 июль куни 200 млн евродан 120 млн еврога тушади, «Атлетико» футболчисини шу нархга трансфер қилса, футболчининг собиқ клуби «Реал Сосьедад»га 20 фоизлик улуш ажратади.

«Атлетико» учун ноқулай келишув ва ғалати шартнома. Клуб футболчига йилига 23 млн евро миқдорида маош тўлаб келаётганди. Коутиньо ва Дембеле учун 280 млн евро тўлаган «Барселона» эса Гризманнинг нархи 120 млн еврога тушишини кутмоқда. Лекин айни вақтга келиб франциялик футболчи учун курашга бошқа гранд клублар ҳам қўшилмоқда: «ПСЖ» ва «Бавария».

Навбатда кимлар?
Яқин ҳафталарда трансферлар бозорида катта воқеалар бўлиши кутилмоқда. Матейс де Лигт, Лука Йович, Эден Азар, Гарет Бэйл ва бошқа кўплаб футболчилар. Шунингдек, «Атлетико»нинг яна бир асосий футболчиси Родрига «Манчестер Сити» жиддий қизиқмоқда.

Top