8535.74 USD +17.06

9566 EUR -86.52

132.57 RUB +1.24

10746.5 GBP -101.19

15:10 / 03.06.2019 9199

Эксперт: Ўзбекистонда кўпайиб кетган капалаклар қишлоқ хўжалик маҳсулотларига хавфли эмас

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистонда кўпайиб кетган капалаклар қишлоқ хўжалик экинлари ва маҳсулотларига хавф туғдирмайди. Ўсимликларни ҳимоя қилиш илмий-тадқиқот институти директори Артём Учаров Миллий матбуот марказида журналистлар билан бўлиб ўтган матбуот анжуманида шундай фикрни билдирди. У Kun.uz мухбирининг «сўнгги вақтларда Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида капалаклар кўпайган. Айни ҳолат қўшни республикалар, хусусан Туркманистонда ҳам кузатилмоқда. Бунинг қишлоқ хўжалиги экинларига зарари ва уларнинг личинкалари келаси йил қишлоқ хўжалигида қандай хавф-хатар уйғотиши мумкин?», деган саволига шундай жавоб берди:

«Капалаклар хусусида сўз юритадиган бўлсак, улар “трипеница” деб аталади. 80 фоиз ҳолатда бу капалаклар қишлоқ хўжалигида бўлмаган экинларга зарар етказади. Бу зараркунанда капалак фақатгина Туркманистон, Россия ёки Ўзбекистонда кўпайгани йўқ. Унинг бу тарзда кескин кўпайиши ҳар 20-30 йилда кузатилиб турадиган жараён бўлиб, намлик юқори бўлган чоғларда қайд этилади. Баҳорда намлик ўта юқори даражада бўлгани сабабли трипеница кўпайиб кетди. Келгуси йил бу ҳолат одатдаги ҳолига қайтиши керак. Албатта бу аномал об-ҳаво шароитлари билан боғлиқ», - дея таъкидлади Артём Учаров.

Унинг сўзларига кўра, чигиртка ва шунга ўхшаш бошқа зараркунанда ҳашаротларнинг кўпайиш ҳолатлари ҳам об-ҳаво билан боғлиқ. 

Kun.uz мухбирининг «охирги пайтларда чигирткалар популяцияси ҳам қайд этилмоқда. Бу борада қандай ишлар режалаштирилган ва олиб борилмоқда?» деган саволига қуйидагиларни билдирди. 

«Чигирткалар масаласида ҳам шу гапни айтиш мумкин. Баҳор мавсумида намлик юқори бўлиб, ўт-ўланли озуқа захираси ортса, бир неча йил мобайнида ухлаб ётган чигирткалар личинкалари уйғонади ва оқибатда уларнинг кўпайиши кузатилади. Чунки, айнан мана шу зараркунандалар ҳақида гап кетганда, айтиш мумкинки, улар ва уруғи жуда мослашувчан бўлади. Шу боис, улар қулай об-ҳаво шароитини кутиб, бир неча ўн йил мобайнида уйқуда бўла олади. Уларни зарарсизлантириш борасида «Ўзагроҳимоя» АЖ томонидан профилактик ва мавсумий ишлар олиб бориляпти», - дея маълум қилди Артём Учаров.

Top