8562.34 USD +26.60

9731.96 EUR +165.96

135.34 RUB +2.77

10908.4 GBP +161.92

22:13 / 13.06.2019 43701

Нишон шифохонасидаги манзара: Аслида нима бўлганди?

Шу кунларда интернетда Қашқадарё вилоятининг Нишон тумани марказий шифохонасининг туғруққача бўлган даволаниш бўлимидаги ҳолат тасвирлари тарқалди. Хабарда палаталарга 8-9 нафардан аёл жойлаштирилгани, айрим аёллар коридорда, талабга жавоб бермайдиган жойда ётгани айтилганди.

«Интернет тармоғида жойлаштирилган фотосуратлардаги ҳолат юзасидан бўлим масъул ходимларидан тушунтириш хати олинганида беморларни бўлимдаги ўринларига жойлаштирилганга қадар ўзлари ва қариндошлари ерга жой тўшаб ётиб олгани таъкидланди.

Шунга қарамай, бўлимда назоратни сусайтиргани учун туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғининг Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича бошлиқ ўринбосари М.Ҳалилова ҳамда Туғруқ комплекси мудири вазифасини вақтинчалик бажарувчиси Н.Сазанбоева ўз вазифаларидан озод этилди», - дейди вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Дониёр Турсунов. 

Унинг қўшимча қилишича, Туғруқ комплекси ҳомиладорлар паталогияси бўлими врачи Б.Эсановага нисбатан интизомий жазо сифатида ўртача иш ҳақидан 30 фоиз миқдорида жарима жазоси қўлланган.

Маълумотларга кўра, Нишон тумани аҳолиси 147 мингдан зиёд бўлиб, шундан туғиш ёшидаги аёллар 40 минг нафардан ошади. 2019 йилнинг 11 июнь куни ҳомиладорлик паталогия бўлимидаги 20та ўринга 29 нафар бемор ётқизилган, уларнинг 6 нафари гинекология ва 3 нафари туғруқ бўлимига жойлаштирилган.

Айтилганидек, ўринга нисбатан беморлар сони кўп бўлиб кетганмиди?

«Ўша куни нима бўлганини тушуна олмай қолдик. Биз палатада эдик, сўнгра аёлларнинг «беморлар кўпайиб кетди, ерга жой солиб беришаётганмиш», деган гапларини эшитиб, коридорга чиқдик. Ҳақиқатан ҳам тўрт-беш аёл ерда, столлар устида ётарди. Кейин уларни ҳам хоналарга жойлаштиришди. Ҳозир кўриб турибмиз, кириб-чиқиб юришибди, саломатликлари яхши. Гоҳида шундай одам кўп бўлиб кетади. Олис қишлоқлардан келувчилар сони кўп-да...», дейди беморлардан бири.

Аслида, туманда туғадиган ва туғруққача бўлган аёлларни даволаш учун 98та туғруқ ўринларидан 8таси Толимаржон шифохонасида, 90таси туман марказий шифохонасига ажратилган (40таси туғруқ бўлими, 30таси гинекология бўлими ва 20таси ҳомиладорлик паталогия бўлимидир). Демак, туманда Оналик ва болалик саломатлигини асраш, уларни мунтазам равишда тиббий текшириб туриш, зарур ҳолатларда сифатли хизмат кўрсатиш учун салоҳият етарли, ўз касбининг чин мутахассислари ҳам хизмат қилмоқда. Умид қилиб қоламизки, бундай ҳолатлар нафақат Қашқадарёда, балки Ўзбекистоннинг бирор бир ҳудудида кузатилмайди. Чунки энди жаҳон Ўзбекистонни ўзгача қиёфада кўрмоқда.

Top