8584.5 USD +6.14

9673.87 EUR +45.52

136.34 RUB +1.82

10793.3 GBP +50.61

19:50 / 21.06.2019 21322

Самарқандда ноқонуний қурилишларга рухсат берган ҳокимнинг собиқ ўринбосарига жиноий иш қўзғатилган

Фото: samarkand.iamo.de

Бугун, 21 июнь куни Самарқандда вилоят прокуратураси ва бошқа ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарлари билан учрашувда ноқонуний қурилиш бўйича бир қатор саволларга жавоб берилди.

Жумладан, ноқонуний қурилишларга шароит яратиб берган, қурилиш учун қарор имзолаган ҳоким ва ўринбосарларга бериладиган ҳуқуқий баҳо масаласига вилоят прокурори ўринбосари Сирожиддин Усмонов ҳамда прокуратуранинг бошқа ходимлари томонидан аниқлик киритилди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Маълум бўлишича, шаҳар ҳокимининг собиқ ўринбосари Талант Эсиргапов Самарқанд шаҳрида қурилиш ва ер бериш масалаларини амалга оширишда мансаб сохтакорлигини амалга оширган. Хусусан, Т.Эсиргапов ва бир қатор мансабдор шахслар устидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 209-моддаси (Мансаб сохтакорлиги) билан жиноят иши очилган.

«Самарқанддаги мазкур муаммо бўйича бир йил олдин хатлов ўтказилганида 159та ноқонуний қурилиш ишлари олиб борилаётгани аниқланган. Жумладан, бир қанча қарорларга Самарқанд шаҳар ҳокимининг ўша пайтдаги ўринбосари Т.Эсиргапов имзо қўйган. Аниқроғи, 2018 йилнинг сентябрь – декабрь ойларида Самарқанд шаҳар ҳокими Фурқат Раҳимов хорижда хизмат сафарида бўлган вақтларида Т.Эсиргапов 30дан зиёд қарорларга имзо қўйиб берган. Бу ҳолат вилоят прокуратураси томонидан ўрганилиб, ноқонуний қарорларни қабул қилгани ва мансаб сохтакорлигига йўл қўйгани учун Т.Эсиргапов ҳамда Самарқанд шаҳар ҳокимлигининг бошқа мансабдор шахсларига нисбатан жиноий иш қўзғатилган. Бу бўйича вилоят прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда», — деди прокуратура вакили.

Маълумот учун, Талант Эсиргапов Самарқанд шаҳар ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари бўлган. Айни вақтда бу лавозимда Акрам Ўрозқулович Эгамов ишламоқда.
 

Top