8584.5 USD +6.14

9673.87 EUR +45.52

136.34 RUB +1.82

10793.3 GBP +50.61

22:56 / 21.06.2019 8731

Утилизацион йиғимлар нима ва уларни кимлар тўлаши керак?

Дунёнинг кўплаб давлатларида транспорт воситаларини утилизация қилиш тизими мавжуд. Буни йўлга қўйишдан бир қанча мақсадлар кўзланади: 1. Экология ва атроф-муҳит муҳофазаси; 2. Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб қувватлаш; 3. Транспортлар қолдиқларини қайта ишлашга топшириш ортидан иккиламчи хом ашё ҳажмини ошириш; 4. Утилизация тизимини ишга тушириш орқали қўшимча корхоналар, иш ўринларини яратиш кабилар шулар жумласидандир.

Айни шундай қонун лойиҳаси Ўзбекистонда ҳам муҳокама қилинмоқда. Хўш, бу жараён бизда ҳам йўлга қўйилса, нималар юз беради?

Мавзуга ойдинлик киритиш мақсадида Давлат экология қўмитаси бошқарма бошлиғи Умиджон Абдужалилов билан суҳбатлашдик.

– Умиджон ака, суҳбатимизни ҳаммани қизиқтирган савол билан бошласак. Бу лойиҳанинг қонун тусига кириши автомобиллар нархи ошиб кетишига олиб келмайдими?

– Бу саволга аниқ жавобни автосаноат мутахассислари жавоб берганлари маъқул. Мен фақат бу қонуннинг экологиямиз учун аҳамиятли жиҳатларини очиб бераман. Аввало утилизация ва қайта ишлаш нима учун кераклигини тушуниб олсак. Утилизация бўйича қарорлар бизда олдин ҳам бўлган. Ёдингизда бўлса, бир вақтлар макулатура топшириш, металлолом йиғиш каби тадбирлар ўтказиларди. Ана шу тадбирлар натижасида кўчаларимизда қоғоз қолдиқлари камайди, бекор ётган темир бўлаклари эса ҳатто бутунлай йўқолиб кетди. Чунки уларни олиб бориб топшириш пунктлари пайдо бўлди. Кейинчалик кўчаларда биз баклажка деб атовчи елим идишлар тўлиб кетди. Уларни қабул қилувчи тизимлар йўлга қўйилиб, пул тўлана бошлагач, оммавий тарзда тўплана бошлади ва кам таъминланган инсонлар бундан даромад кўришни ўргандилар.

Худди шундай — автомобиллар ҳам эртами-кечми эскиради, фойдаланилмай қолади. Ҳозир ҳам чет ҳудудларда занглаб ётган машиналар талайгина. Дунёнинг ривожланган ва ҳатто ривожланаётган давлатларида автомобилларни утилизация қилиш тизими ишга туширилган ва бизда ҳам буни йўлга қўйиш вақти келди.

– Демоқчисизки, бизда ҳам ўша хорижда кўрганимиз каби кўплаб эски автомобиллар жамланадиган ва қайта ишланадиган корхоналар фаолияти йўлга қўйилади, яъни бекор ётган автомобилни олиб кетиш, қисмларга ажратиш, хом ашё ишлаб чиқаришга асосланган тизим ишга тушади.

– Албатта, мақсад ҳам шу. Чунки автомобиль анча мураккаб маҳсулот. Кўпчилик унинг эскисини оддий темир сифатида кўради. Лекин унинг шинаси алоҳида, мотори, ойнаси каби бўлаклари алоҳида қайта ишлашга муҳтож. Шунинг учун бу жараёнга оддий қоғоз ёки елим идиш йиғиш каби қарамай, анча жиддий ёндашилмоқда.

– Бундай қайта ишлаш корхоналарини йўлга қўйиш анча катта маблағ талаб қилади. Молиявий манбалар масаласи қандай ечилади?

– Бу бўйича бир қанча таклифлар берилган. Хориж тажрибасини ўргансак, кўп ҳолларда автомобиль давлат ҳудудига олиб кирилганда божлар билан бирга утилизация йиғими ҳам ундирилади. Маҳаллий автомобиллар бўйича эса автомобиль нархига утилизация суммаси қўшилади ёки алоҳида тўлов олинади. Баъзан айнан утилизация пайтида маълум сумма тўланиш амалиёти ҳам қўлланилади. Юқорида айтганимдай, бу масалада автосаноат бўйича экспертлар ўз хулосаларини берадилар.

Ҳар қандай ҳолатда ҳам эртами-кечми чиқитга чиқувчи маҳсулот, яъни бу ўринда автомобиль бор экан, уни талабларга кўра утилизация қилиш ва иккиламчи хом ашёни қайта ишлаш тизими яратилиши зарур. Чунки бундай тизимнинг бўлмаслиги экологияга жиддий салбий таъсир кўрсатади.

Аброр Зоҳидов суҳбатлашди.

Top