8584.5 USD +6.14

9673.87 EUR +45.52

136.34 RUB +1.82

10793.3 GBP +50.61

20:00 / 07.07.2019 18031

Темир йўллар институтида қандай ўзгаришлар кутилмоқда? 

1931 йили Ўрта Осиё темир йўл муҳандислари институти сифатида ташкил топган, айни пайтда «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти таркибидаги Тошкент темир йўл муҳандислари институти ўз профилини кенгайтирмоқда. 

Олийгоҳда 22 та кафедра фаолият олиб боради, 20 та бакалавриат ва 15 та магистратура таълим йўналишлари бўйича мутахассисларни тайёрлайди. Олий таълим муассасасидаги ўзгаришлар бўйича проректор Абдулазиз Ғуломов Kun.uz'га интервью берди. 

─ Темирйўл институти фақат битта йўналиш учун кадр чиқаради, битта соҳа учун ишлайди, «Темирйўл» нинг ўзи ҳам монопол ташкилот бўлганлиги учун, институт бошқаларга кадр етиштирмайди, дейишади. Ҳозирги қабул жараёнида ҳам буюртмачи битта бўлади, деган қараш юради. Ҳар йили қабул жараёнида кадр буюртмачиси битта бўлиб қоладими? Бу йилги қабулнинг ўтган йилгиларидан фарқи борми?

─ Бу қараш нотўғри. Биз битта корхона учун ишламаймиз. Албатта, асосий кадрлар истеъмолчиси «Ўзбекистон темирйўллари» АЖ таркибига кирувчи корхона ва ташкилотлар ҳисобланади. Шунга қарамай, институтда жуда кўп йўналишлар, хусусан умумий транспорт, логистика, қурилиш, иқтисодиёт ва бизнес, касб таълими йўналишлари ҳам мавжуд. Нафақат «Ўзбекистон темирйўллари»га, балки иқтисодиётдаги турли соҳалар учун кадр тайёрлаймиз.

Илгари алоҳида бўлган «Ўзбеккўмир», «Тошкент метрополитени» ҳам темирйўл тизимига ўтказилди. Ҳозир эса уларга ҳам кадр тайёрлаймиз. Жорий йилдан кончилик иши, кўмир қазиб олиш бўйича ҳам кадр тайёрлашни бошлаймиз. Бу биз учун янги соҳа. Шунинг учун четдан ўқитувчиларни жалб қилиш режалаштирилган.

─ Профилга мос бўлмаган соҳаларни қамраб олишнинг самарадорликка салбий таъсири йўқми?

─ Йўқ, салбий таъсири йўқ. Ҳар бир таълим йўналишининг ўз меъёрий ҳужжатлари бўлади, профессор, ўқитувчиларни жалб қилиш керак бўлади. Агар жараён тўғри ташкил этилса, бошқа таълим йўналишларини ҳам қамраб олиш имконияти пайдо бўлади. Лекин бу вазифанинг ўзига яраша қийинчилиги борлигини эътироф этиш керак.

Янги ташкил этиладиган кончилик иши ёки ўтган йили ташкил этилган Дронларни лойиҳалаш ва эксплуатация қилиш иши бўйича маълум жиҳатдан анча ишлашга тўғри келди. Дунёда тан олинган дрон ишлаб чиқарувчи корхоналар, олий таълим муассасаларига мутахассисларни юбориб, тайёрладик.

─ Ўтган йили кириш тест имтиҳонлари бир неча кун давомида ўтказилди, бу йил эса учта йўналишга ҳужжат топшириш имконияти мавжуд. Магистратура учун имтиёзлар бор, мақсадли қабул квоталари мавжуд. Бундай ўзгаришлар Темир йўллар институтига ҳам татбиқ этиляптими?

─ Албатта. Бу йил янги тартибдаги қабул режалаштирилган. Инсон ҳаёти хавфсизлиги масаласи юқори ўринда турадиган корхоналар учун кадр тайёрлаганимиз боис уларнинг соғлигига бўлган талаб ҳам юқори. Масалан, светофорни кўра олиши учун дальтонизм бўлмаслиги лозим. Институтга ҳужжат топшириш жараёнида ихтисослаштирилган тиббий кўрик жараёни ўтказилади. Бошқа ОТМларда давлат хизматлари агентлиги орқали ҳужжат топшириш тизими йўлга қўйилди, тиббий кўрик, саломатлик талаби масаласи боис бизда фақатгина институтнинг ўзида ҳужжат қабул қилинади.

Абитуриент учта йўналишга ҳужжат топшириш жараёнида иккинчи ёки учинчи йўналиш сифатида Темирйўллар институтини танлади, дейлик. У имтиҳонлардан ўтиб, бизда ўқиш учун тавсия этилсаю, лекин саломатлиги талабга жавоб бермаса, уни қабул қила олмаймиз. Шунинг учун нечанчи йўналиш қилиб танлашидан қатъи назар тиббий кўрикдан ўтиши керак бўлади. Тиббий кўрикдан қабул комиссиясининг йўлланмаси орқали ўтказилади. Темирйўлларнинг марказий поликлиникасида махсус комиссия тузилади, танлаётган йўналишига абитуриентнинг лойиқ ёки йўқлиги текширилади. Қабул жараёни 15 июндан 15 июлгача давом этадиган бўлса, тиббий кўрик ҳам айни шу муддатлар оралиғида ўтказилади. Тиббий кўрик абитуриентлар учун мутлақо бепул.

─ Институтда ташкил этилган дрон йўналиши алоҳида қизиқиш уйғотади. Дрон олиб киришнинг тақиқланиши кодексда белгиланган, дронни ишлатиш учун ҳам алоҳида рухсатнома талаб этилади. Шу нуқтаи назардан, дрон бўйича мутахассис тайёрлаш қийинчилик туғдирмайдими?

─ Албатта, маълум даражада қийинчилиги бор. Дронни нафақат олиб кириш, сақлаш, фойдаланиш ҳам жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши мумкин, яқинда бу бўйича қонунчиликда ўзгариш бўлди. Ноябрдан бошлаб бу фаолият учун қонуний санкция кучга киради. Шу боис дроннинг реал вариантини ушлаб кўриш қийин масала. Республикадаги геокадастр, шаҳарсозлик, картография каби ташкилотлар билан ҳамкорлигимиз бор. Улар бизнинг кадр истеъмолчиларимиз ҳисобланади. Шу ташкилотларга талабалар бориб, дронларни кўриш, танишиши имконияти яратилади.

Бизда учувчи аппаратлар бўйича тажриба мавжуд эмас. Шунинг учун чет элдан ўқитувчи мутахассисларни жалб қилиш, ўзимизнинг ўқитувчиларни стажировкага юбориш масаласи кўриляпти. Биздаги иккита профессор ва бир нафар магистр фуқаро дронларига эга бўлиш рухсатномасини қўлга киритган. Ўқув адабиётларини жамлаш масаласи кўриляпти.

─ Дрон мутахассислиги Ўзбекистон учун маҳаллийлашган соҳа эмас. Факультетнинг очилганига бир йўл бўляпти. Келгусида дрон бўлимлари ташкил этилиши, бу соҳанинг ривожлантирилиши бўйича режа борми?

─ Бугунги кунда мавжуд меъёрий ҳужжатларга асосан давлат, ҳарбий ва фуқаровий дронларга ажратилади. Улардан фойдаланиладиган соҳалар жуда кенг. Маҳаллийлаштириш ҳақида гапирганда, бизнинг битирувчи талабаларимиз нафақат дронларни эксплуатация қилиш, балки уларни ишлаб чиқариш бўйича ҳам билимга эга бўлади. Уларнинг ичини дастурлаш, қурилмавий жиҳатдан лойиҳалашни 100 фоиз ўрганишади. Санкт-Петербурдаги дрон ишлаб чиқарувчи заводни ўқитувчилар кўриб келишди,технологик жараён тўлиқ ўрганилди. Дронлар орқали 3D моделларни яратиш тажрибаси устида ишланмоқда.

─ Темирйўллар институти асосий буюртмачиси бўлган «Ўзбекистон темирйўллар» нинг илмий базаси ҳам ҳисобланади. У ердаги ўқитувчи мутахассисларнинг илмий салоҳияти қай даражада? Ўзбекистондаги темирйўллар тизими Европа стандартига мос эмас, совет моделида ишлайди, деган қарашлар ҳам бор. Соҳадаги замонавий стандартларни Ўзбекистонга маҳаллийлаштириш имкони борми?

─ Илмий база, албатта, ривожланган. Темирйўл шунақа тизимки, у бошқалардан ажралиб ривожланиш хусусиятига эга эмас. Консорциум, кенгашлар асосида соҳаларнинг бир-бирига боғлиқлигини кўриш керак. Европа билан солиштирадиган бўлсак, озгина фарқланиши мумкин, лекин технологиялар деярли бир хил. Мисол учун, Испания корхонасининг поездлари юрибди. Технология умумий бўлса, орада ҳеч қандай муаммо бўлмайди. Йўлакнинг фарқи жиҳатидан орада узилиши бўлиши мумкин, лекин уларнинг технологияларини биз ўрганиб келяпмиз.

Мустақилликнинг илк даврида эса илмда бўшлиқ пайдо бўлган. Орадаги маълум бир авлодда узилиш бўлган. Илм билан шуғулланадиганларнинг орасида узилиш бўлган. Ҳозир илм ёшармоқда. Ёшлар илмга интилмоқда. Илмий салоҳиятни оширишда нафақат ички имкониятлардан, балки чет эл тажрибаларидан ҳам фойдаланяпмиз. 14-15 йилдан бери хорижий олийгоҳлар билан ҳамкорликда кадр тайёрланади. Орадаги бўшлиқ йил сайин камаймоқда.

─ Совет даврида Марказий Осиё учун ишлаб чиқилган, лекин амалга оширилмай қолган лойиҳалар мавжуд бўлган. Бу лойиҳаларни интеграциялаш масаласи нима бўлади? Узоқ йиллардан бери банк, молия соҳасида биз етакчимиз деб айта оламиз. Темирйўллар масаласида ҳолат қандай?

─ Институт 1931 йилда ташкил этилган. Ўрта Осиёда темирйўлчи мутахассисга бўлган эҳтиёжни қондиришни бизнинг институт орқали амалга ошириш мақсад қилинган. Олмаотада бизнинг филиалимиз бўлган, ҳозир у ажралиб, академия даражасига чиққан. Тожикистонда ҳам филиал бўлган, лекин асосий илмий база бизда бўлган. Бугунги кунда бизга яқин мамлакатлардаги темирйўл соҳаси кадрлари бизнинг битирувчиларимиз ҳисобланади. Ҳаттоки Россиянинг топ менежментида ҳам бизнинг битирувчилар бор. Институтимиз темирйўл транспортида илгари ҳам етакчи бўлган, ҳозир ҳам бу позицияни сақлаб турибди. Маълумки, шимолдан жанубга ҳам, шарқдан ғарбга ҳам йўллар Ўзбекистон орқали ўтади. Хитой орқали йўл ҳам, келажакдаги Ҳирот ─ Пешовар йўлида ҳам биз тайёрлаган кадрларнинг меҳнати иштирок этади. Темирйўллар соҳаси кадарлари Ўрта Осиё бўйича рақобатбардош деб айта оламиз. Мозори шариф йўналиши бўйлаб йўл қурилишида иштирок этганлар ҳам биз тайёрлаган мутахассислар саналади. МДҲ ҳудудида иккинчи бўлиб 250 км/с тезликдаги поездни йўлга қўйганимиз жаҳон миқёсида ҳар доим эътироф этилади, бунга кўп бора гувоҳ бўлганман. Тезликни 250 км/сга етказиш осон масала эмас, бунда фақатгина поезд эмас, тўлиқ инфратузилма технологияси муҳим рол ўйнайди.

─ Институт олдида ҳал этилиши керак бўлган қандай масалалар қолмоқда?

─ Рейтинг масаласи. Ҳам ички, ҳам ташқи рейтингга катта эътибор қаратамиз. Институтнинг жаҳон миқёсидаги рақобатбардошлигини таъминлаш режаси тузилган. Рейтингга кириш учун таълим сифатини ошириш масаласи бор. Ҳар йили ўқитувчиларнинг 30 фоизини хорижий тилларга ўқитиш тизимини йўлга қўйганмиз. Имиж билан ишлаш масаласи ҳам долзарб бўлиб турибди. Хорижий фуқароларни ўқитишга ҳам эътибор қаратяпмиз. Четдан жуда кўп талабалар келади. Темирйўл соҳаси бўйича институтнинг мавқеи юқори. Фундаментал билимларга катта эътибор берамиз. Ишга борганда физика, механика, кимёдан фундаментал билимларни билмаса, ундан ҳеч қандай мутахассис чиқмайди.

Алишер Рўзиохунов суҳбатлашди

Top