9061 USD +179.00

10092.1 EUR +163.84

138.47 RUB +2.09

10926.7 GBP +151.91

21:30 / 08.08.2019 128104

Қирғизистонда яна сиёсий инқироз: Атамбоев нега таслим бўлди?

Фото: АКИ-TV

Кеча, 7 август куни Қирғизистонда навбатдаги сиёсий кескинлик тўлқинлари авж олди. Июль ойи охирида собиқ президент Алмазбек Атамбоевни жиноятда айблаб, уни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳукумат энди тўғридан-тўғри қуролли ҳужумга ўтди. Мамлакат махсус кучлари собиқ президентнинг уйига бостириб кириб, уни қўлга олишга ҳаракат қилди ва қуролли тўқнашув келиб чиқди.

Хаос қамраб ола бошлаган қўшни мамлакатда нега аҳвол бунчалик кескинлашиб кетди? Атамбоевни нималарда айблашмоқда?

Мамлакат прокуратураси уни бешта жиноятда гумон қилмоқда:

* ҳозир яшаб турган қароргоҳи жойлашган ерни ноқонуний ўзлаштиришда. Бу борада Қирғизистон ЖКнинг 319-моддасига (коррупция) кўра ҳарбий прокуратурада судгача текширув олиб борилмоқда.

* мамлакатдаги машҳур криминал Азиз Батукаевни қамоқдан чиқаришда. Атамбоев бу ишни амалга оширишни ўша вақтдаги ички ишлар вазири Шамил Атахановга буюргани айтилмоқда. Бу иш ҳам коррупцияда айблов сифатида кўрилмоқда.

* яна бир айблов «Ака Инвест» фирмаси билан боғлиқ. Пул ювишда айбланаётган бу корхона Атамбоевга алоқадор бўлиши мумкин.

* собиқ давлат раҳбари Бишкек ИЭС модернизацияси билан боғлиқ иш бўйича ҳам айбланган. Шунингдек, бу иссиқлик электростанцияси учун кўмир сотиб олишда йўл қўйилган эҳтимолий коррупция ҳолати алоҳида иш сифатида кўрилмоқда.

Кўриб турганингиздек, барча айбловлар коррупция билан боғлиқ. Атамбоев эса буларнинг барчаси ёлғон эканини, ўзининг айбсизлиги, буни керак бўлса ОАВда чиқиш қилиб исботлашга тайёрлигини маълум қилган. Атамбоев кечаги тўполонлардан кейинги чиқишида ҳам бу ҳақда таъкидлаганди.

Биринчи ҳужум ўхшамади

Атамбоевни қўлга олиш учун ўтказилган биринчи амалиёт муваффақиятсиз якунланди. Ҳар қанча ғалати туюлмасин, махсус кучлар (махсус топшириқли бўлинмалар - мамлакатнинг энг сара ҳарбийлари) собиқ президентни қўлга олишни уддалай олишмади. Биринчидан, Атамбоевнинг тарафдорлари махсус кучларга фаол қаршилик кўрсатишди. Атамбоевнинг қароргоҳида ҳарбий кийимдаги қўриқчилар ҳам бор эди. Ахир дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилинган одамнинг уйи турган гапки стратегик объект ҳисобланмайди. Аммо уни ҳамон ҳарбийлар ва махсус тайёргарликдан ўтган йигитлар қўриқламоқда. Нима бўлса-да, Атамбоевнинг қароргоҳи ҳарбий гуруҳ томонидан қўриқланди ва биринчи жангда улар туриб бера олишди.

Вазият шунчаликка бордики, мамлакат хавфсизлик қўмитаси раиси истеъфо сўради (Жээнбеков уни қабул қилмади). Бунга сабаб сифатида раис Атамбоевни қўлга олиш операцияси муваффақиятсиз якунланганини келтирди. «Биз 3,5 минг жангчининг барчаси билан ҳаракат қилишимиз мумкин эди. Улар қуролсиз эди», — деди хавфсизлик қўмитаси раиси Орозбек Опумбаев. Қизиғи, бу гап билан Қирғизистондаги махсус тайёргарликдан ўтган қўшин миқдори ҳам очиқланган.

Аммо Атамбоевни қўриқлаганлар қуролсиз эмаслиги кадрларда кўринди. Собиқ президентнинг қароргоҳидан олинган лавҳаларда фуқаролик кийимидаги йигитларнинг қўлида турли қуролларни кўриш мумкин эди. Тўқнашув оқибатида махсус кучларнинг бир ҳарбийси, «Альфа» бўлинмаси командири ўринбосари, подполковник Усен Ниязбеков ўқотар қуролдан олинган жароҳат туфайли ҳалок бўлди, 50 нафардан ортиқ ҳарбий жароҳатланди. «Альфа» махсус кучлари аскарларининг 6 нафар ҳарбийси асирга тушди.

Иккинчи уриниш. Атамбоевнинг ўзи таслим бўлдими?

Бугун, 8 август куни Атамбоевни қўлга олиш учун иккинчи операция амалга оширилди ва Қирғизистон Ички ишлар вазири, генерал-майор Кашкар Жунушалиев раҳбарлик қилган бу амалиёт самарали якунланди.

Ҳуқуқ-тартибот органларининг минглаб ходимлари жалб қилинган амалиёт якунида Атамбоев қўлга олинди ва машинада олиб кетилди.

Собиқ президентнинг вакиллари унинг ўзи ҳукуматга таслим бўлганини айтишмоқда. Интернетда Қирғизистон Ички ишлар вазири ўринбосари Курсан Асанов собиқ президентни таслим қилиш учун музокара ўтказгани тасвирланган видеолар тарқалди.

Атамбоев айни вақтда Қирғизистон ички ишлар вазирлигининг бош тергов бошқармасига етказилган.

Томонлар бир-бирини конституцияни бузишда айбламоқда

Қирғизистоннинг амалдаги президенти Сооронбай Жээнбеков собиқ президент махсус кучларга қуролли қаршилик кўрсатиш орқали конституцияга зид ҳаракат қилганини айтди. Ўз навбатида террорчи эмаслигини таъкидлаган Алмазбек Атамбоев ўзига қилинган қуролли ҳужум конституцияга зид эканини маълум қилди.

Атамбоев Россияга нега борганди?

Алмазбек Атамбоев ўзига қарши айбловлар жиддийлашганидан сўнг, яъни уни айбланувчи сифатида терговга чақиришганида кутилмаганда Россия президенти Владимир Путин билан учрашиш учун Москвага борганди. Аслида собиқ президентнинг бошқа мамлакат амалдаги президенти билан учрашувида ажабланарли ҳеч нарса йўқ, аммо бу учрашув Атамбоевдан дахлсизлик ҳуқуқи олиб ташланганидан сўнг амалга оширилгани қизиқ бўлди. Бундан ташқари, мамлакатда фавқулодда вазият ҳукм суриб турган бир вақтда собиқ президент амалдаги президент бўлатуриб минтақадаги энг йирик сиёсатчи билан учрашиши саволларни келтириб чиқариши табиий эди. Ўшанда учрашув якунида Путин Қирғизистонга сиёсий барқарорлик зарурлиги ва «барча фуқаролар амалдаги президент атрофида бирлашиб, унга давлатни ривожлантириш»да ёрдам бериши кераклигини айтганди.

Медведев Қирғизистонга келмоқда

Эртага, 9 август куни Қирғизистонда Евроосиё ҳукуматлараро кенгашининг навбатдаги йиғилиши ўтказилади ва унда Россия бош вазири Дмитрий Медведев ҳам иштирок этади. Ҳозирдан ташкилотга аъзо бошқа мамлакатлар бош вазирлари Қирғизистонга етиб келишмоқда. Масалан, Қозоғистон бош вазири Асқар Мамин аллақачон Бишкекда.

Атамбоев айбсизлигига ишонмоқда

Атамбоев ўз хоҳиши билан таслим бўлгани ҳақидаги тахминларда ҳам жон бор. Чунки собиқ президент ўз чиқишларида айбсизлигига тўлиқ ишонишини айтиб ўтди. Унинг мамлакатдаги ўн минглаб тарафдорлари борлигини инобатга олсак, Атамбоев судда ўзини оқлаб чиқиши ҳам ҳеч гап эмас. Чунки ҳукумат шунча халқ турган вақтда судда қандайдир ғирромлик бўлишига йўл қўймаса керак. Қолаверса, сўнгги хабарларга кўра, Атамбоевнинг минг нафардан ортиқ тарафдори у олиб кетилганидан сўнг Бишкекка йўл олиш тараддудига тушган…

Top