9061 USD +179.00

10092.1 EUR +163.84

138.47 RUB +2.09

10926.7 GBP +151.91

22:35 / 08.08.2019 28845

Ўзбекистон учун Қирғизистондаги тинчлик ва барқарорлик муҳим — Шавкат Мирзиёев Сооронбай Жээнбеков билан телефон орқали мулоқот қилди

Фото: Қирғизистон президенти матбуот хизмати

Бугун Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков билан телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати хабар берди.

«Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 8 август кунининг охирида Қирғизистон Республикаси Президенти Сооронбай Жээнбеков билан телефон орқали мулоқот қилди.

Давлат раҳбарлари сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалаларини муҳокама қилдилар.

Мулоқотда Қирғизистонда тинчлик ва барқарорликни сақлаш муҳим экани алоҳида қайд этилди. Қўшни мамлакатдаги вазият амалдаги қонунчилик доирасида тез орада барқарорлашишига умид билдирилди.

Ўзбекистон-Қирғизистон Давлат чегарасини ҳуқуқий жиҳатдан расмийлаштириш масалалари бўйича яқиндан ҳамкорлик қилиш ҳамда Чегарада ишонч чоралари тўғрисидаги шартномага мувофиқ унинг хавфсизлигини мустаҳкамлаш зарурлиги таъкидланди.

Суҳбат якунида давлат раҳбарлари кенг кўламли ҳамкорликни янада фаол ривожлантириш, дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шерикликка асосланган икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш борасидаги интилиши қатъий эканини тасдиқладилар», дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, Қирғизистонда кейинги кунларда республиканинг собиқ президенти Алмазбек Атамбоев билан боғлиқ воқеалар кескин тус олди.

Кеча, 7 август куни мамлакат махсус кучлари собиқ президентнинг уйига бостириб кириб, уни қўлга олишга ҳаракат қилди ва махсус кучлар билан Атамбоевнинг тарафдорлари ўртасида қуролли тўқнашув келиб чиқди.

Бугун, 8 август куни Атамбоевни қўлга олиш учун иккинчи операция амалга оширилди ва Қирғизистон ички ишлар вазири, генерал-майор Кашкар Жунушалиев раҳбарлик қилган бу амалиёт самарали якунланди.

Ҳуқуқ-тартибот органларининг минглаб ходимлари жалб қилинган амалиёт якунида Атамбоев қўлга олинди ва машинада Бишкекка олиб кетилди.

Атамбоев айни вақтда Қирғизистон ички ишлар вазирлигининг бош тергов бошқармасига етказилган.

Сўнгги хабарларга кўра, Атамбоевнинг минг нафардан ортиқ тарафдори у олиб кетилганидан сўнг Бишкекка йўл олган.

Top