22:05 / 13.09.2019
3
25830
Халқ таълими вазири ўринбосари Президент мактаблари агентлигига директор бўлди

Президент қарорига кўра, Сарвар Наджимович Бобохўжаев Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги директори лавозимига тайинланди.

Шу муносабат билан, Сарвар Бобохўжаев Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирининг ўринбосари лавозимидан озод этилди.

Сарвар Бобохўжаев 1978 йилда туғилган, 1998 йилда Тошкент давлат техника университетини, 2002 йилда Япония халқаро университетини тамомлаган. Меҳнат фаолиятини 1997 йили «Бакри Узбекистан Телеком» хорижий корхонасида таржимон сифатида бошлаган. 1998-2016 йилларда «Ўзбекинвест» компанияси тизими, Жиззах давлат педагогика институти, Тошкент давлат педагогика университети, Ўзбекистон Миллий университети, Тошкент Сингапур менежментни ривожлантириш институтида турли масъул лавозимларда ишлаган.

Бобохўжаев 2016-2018 йилларда Тошкентдаги Инҳа университетига ректорлик қилган, 2017 йил мартидан ҳозирги кунга қадар «Ўзбекистон—Жанубий Корея» дўстлик жамияти кенгаши раиси ҳисобланади.

У 2017 йилдан буён Ўзбекистон халқ таълими вазири ўринбосари сифатида ишлаб келаётган эди.

Бундан аввалроқ Вазирлар Маҳкамасининг 13 сентябрдаги қарори билан Нозима Файзибоева Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги директорининг биринчи ўринбосари этиб тайинлангани хабар қилинганди.

Эслатиб ўтамиз, янги агентлик Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 9 сентябрдаги «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлигини ташкил этиш тўғрисида»ги фармони ва «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан ташкил этилган эди.

Фармонга кўра, қуйидагилар Агентликнинг идоравий бўйсунувига ўтказилди: 
•  Президент мактаблари; 
•  ижод мактаблари; 
•  Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ахборот-коммуникация технологиялари йўналишига оид фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб ҳамда Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернати ва Абу Али ибн Сино номидаги ёш биологлар ва кимёгарлар ихтисослаштирилган мактаб-интернати.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top