14:30 / 05.12.2019
0
5762
Тожикистондан электр импорт қилиш сентябрдан тўхтатилгани маълум қилинди

«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти Kun.uz’да Тожикистон сайтида чиққан маълумотга асосланиб эълон қилинган «Тожикистон Ўзбекистонга электр энергияси экспорт қилишни тўхтатди» сарлавҳали хабарга муносабат билдирди.

Жамият расмий сайтида эълон қилинган хабарда қайд этилишича, Тожикистон Республикасидан импорт қилинган электр энергия амалиёти тугатилганига қарийб 3 ой вақт бўлган. Бу ижтимоий тармоқларда муҳокама қилинаётгандек Ўзбекистоннинг Турманистондан электр энергиясини импорт қилиши билан боғлиқ эмас.

«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти бошқарув раиси матбуот котиби Улуғбек Уруновнинг таъкидлашича, «бу икки масалани бир-бирига боғлаш мутлақо нотўғри!»

Маълум бўлишича, 2019 йил 3 апрелдаги Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссияси қарори ва энергетика ҳамда сув манбалари мувозанатини барқарорлаштириш, мамлакатимиз истеъмолчиларини узлуксиз электр энергияси билан таъминланиш, шунингдек, 2019–2020-йилги куз-қиш мавсумига электр ускуна ва жиҳозларни сифатли тайёрлаш мақсадида 2019 йил 5 апрелда Тожикистоннинг «БАРКИ ТОЧИК» очиқ акциядорлик ҳолдинг компанияси ва «Ўзбекэнерго» АЖ ўртасида шартнома имзоланган. Мазкур шартномага мувофиқ 2019 йил апрель ойида Тожикистондан электр энергияси импорт қилина бошлаган. Сентябрь ойининг охирида шартномавий мажбурият якунига етган.

Улуғбек Уруновнинг маълум қилишича, 2019 йил сентябрь ойининг 4-санасида 158,52 млн. кВт•соат электр энергияси истеъмол қилинган бўлса, декабрь ойининг 4-санасида 203,97 млн. кВт•соат, яъни қарийб 30 фоизга кўпроқ электр энергияси истеъмол қилинган.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top