19:00 / 04.01.2020
1
9275
Ҳукуматнинг парламентдаги вакили ҳозиргача тайинланмагани айтилди
Фото: KUN.UZ

Вазирлар Маҳкамаси шу пайтгача парламентга ваколатли вакилини юбормаган. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Эркин Холбўтаев 4 январь куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг учинчи чақириқдаги фаолиятига бағишланган тадбирда айтиб ўтди.

“Давлат дастурида Вазирлар Маҳкамасининг парламентдаги вакили институти жорий қилиниши белгиланган эди. Ундан олдинроқ ҳам бу бўйича топшириқлар бўлганди. Депутатлар, жумладан мен ҳам нима учун шу пайтгача бу нарса жорий қилинмаётганига ҳайронман. У ҳукуматнинг парламентдаги вакили, вакил шу пайтгача нима учун жўнатилмаганини ҳукуматдан сўраш керак. Шу сабабли бунинг сабабини Вазирлар Маҳкамасидан сўраш керак. Биз бу ҳақда қизиққанимизда тайинли жавоб ололмадик”, дея Эркин Холбўтаевнинг сўзларидан иқтибос келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Ўзбекистон президентининг 2017 йил 28 сентябрдаги қарори билан Вазирлар Маҳкамасининг Олий Мажлисдаги ваколатли вакили лавозими жорий этилган эди. Қарорга кўра, ваколатли вакил Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Ижро этувчи аппаратининг таркибий бўлинмалари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро ҳокимияти органларининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарида кўриб чиқиладиган қонунлар ва бошқа ҳужжат лойиҳаларини тайёрлашда ўзаро яқин ҳамкорлигини таъминлаш, уларни Вазирлар Маҳкамаси Ижро этувчи аппаратида кўриб чиқиш, келишиш ва ахборот бериш жараёнларида иштирок этиши, шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси Раёсати мажлисларида қонунлар лойиҳалари, бошқа масалаларни муҳокама этиш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарида қонун лойиҳаларини (қонунларни) кўриб чиқишда иштирок этадиган Ҳукумат вакиллари таркибини шакллантиришда иштирок этиши белгиланган.

Ҳукуматнинг парламентдаги вакили Олий Мажлис палаталарида кўриб чиқиладиган қонун лойиҳалари, қонунлар, давлат дастурлари ва бошқа масалалар юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг келишилган нуқтаи назарини ифода этиши, бу орқали қонун чиқарувчи ва ижро ҳокимияти ўртасидаги мустаҳкам кўприк бўлиши, ваколатли вакилни Ўзбекистон президенти билан келишилган ҳолда бош вазир вакилни лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод этиш ваколатига эгалиги айтилганди.

Президент қарори билан ҳукуматнинг парламентдаги вакили институти штат жадвали тасдиқланган, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси биносида унга хона ажратилиши ва зарур ускуналар, компьютер техникаси, мебель, алоқа воситалари, жумладан, ҳукумат алоқаси ва транспорт билан таъминланиши белгиланган, бу топшириқлар ижроси бош вазир Абдулла Арипов зиммасига юклатилган. Бироқ маълум бўлишича, ҳалигача мазкур лавозимга ким тайинлангани парламентдагиларга маълум эмас.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top