19:56 / 07.01.2020
20
96315
«Ўзавтосаноат»да арзон автомобиллар ишлаб чиқариш режаси йўқми?
Шевроле Эквинокс. Фото: Маъруф Асқаров / KUN.UZ

Ўзбекистонда Spark, Nexia, Cobalt ва Gentra автомобилларини ишлаб чиқариш 2-3 йил ичида тўхтатилади. Уларнинг ўрнига чиқариладиган янги моделлар (масалан, Onix)нинг нархи эса 10-15 минг доллар атрофида бўлади.

6 январь куни «Ўзавтосаноат» АЖ масъуллари билан ўтказилган матбуот анжуманида ҳамёнбоп, 5-8 минг доллар нархдаги автомобиллар ишлаб чиқаришга оид аниқ режалар бор-йўқлиги борасида маълумот берилмади.

Бу ҳақдаги саволга жавоб берган Стратегик режалаштириш бошқармаси бошлиғи Рустам Қодиров арзон автомобиллар чиқариш борасида ҳам «ишлар олиб борилаётгани»ни айтиш билан чекланди.

«10-15 минг долларлик автомобилларни арзон деб бўлмайди. Арзон категориядаги автомобилларнинг нархи 10 минг доллардан паст бўлади. Бу бўйича ҳам ишлар олиб бориляпти. Мен Стратегик режалаштириш бошқармаси бошлиғи сифатида сизни ишонтириб айтишим мумкинки, биз жим ўтирганимиз йўқ – эрталабдан кечгача ишлаймиз ва бозоримиз ўсишини биз ҳам хоҳлаймиз.

Қанча кўп маҳсулот сотсак, ишлаб чиқариш ўзимизга шунча арзон тушади. Чунки 27 минг кишига кунига мингта машина чиқарса ҳам, 10 мингта машина чиқарса ҳам деярли бир хил маош тўланади, яъни масштаб эффекти. Қанча кўп машина ишлаб чиқарсак, қанча кўп машина сотсак, ўзимизга ҳам шунча яхши.

Шунинг учун ҳам арзон, ҳам бюджет, ҳам премиум сегментдаги машиналар ишлаб чиқариш бўйича иш олиб боряпмиз. Арзон категориядаги автомобилларнинг харидори кўп, шу боис бу сегментни ташлаб қўймаймиз», – деган Қодировнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top