21:52 / 22.01.2020
0
3477
Tesla’нинг капиталлашуви илк бор 100 млрд доллардан ошди

Tesla капиталлашуви 100 млрд долларга етган АҚШнинг илк автомобилсозлик компанияси бўлди. Бироқ айтиш жоиз, бу натижа оз фурсат сақланиб, компания нархи яна 100 млрд доллардан пастроққа тушиб кетган.    

Компания акциялари нархи 21 январдаги биржа савдолари вақтида 7,2 фоизга, кейинроқ эса электрон савдолар вақтида 1,2 фоизга ўсиб, бир донаси учун 555,1 долларгача етган. Бунинг эвазига компания капиталлашуви 100,1 млрд доллардан ошган.   

Бироқ Tesla бу рекорд натижани узоқ сақлаб қололмаган ва 22 январда унинг акциялари 547,2 долларгача арзонлашиб, капиталлашуви 98,2 млрд долларгача тушиб кетган. 

Шу тариқа, Tesla асосчиси ва бош директори Илон Маскнинг катта мукофот пули олишга имконияти янада ошди. Тадбиркор 2018 йилда яқин 10 йил учун қатъий белгиланган маошдан бош тортиб, унинг иш ҳақи компания молиявий кўрсаткичларига боғлаб қўйилган. Компания акциядорлари маъқуллаган шартномага кўра, агар Tesla капиталлашуви 100 млрд доллардан ошса ва бу кўрсаткич ярим йил давомида сақланиб турса, Маск 346 млн доллар мукофот пули олади.

Агарда компаниянинг бозор нархи 10 йил ичида 650 млрд долларгача етса ва компания режалаштирилган кўрсаткичларга эришса, тадбиркор 50 млрд доллардан кўпроқ мукофот пули олади.  

Tesla декабрь охирида Хитойдаги илк заводида ишлаб чиқарилган биринчи электрокарларни ўз мижозларига етказиб берди. Ҳозирда компания Европадаги илк заводини қуришга ҳозирлик кўрмоқда. Завод Германиянинг Грюнхайде коммунаси яқинида қурилади. 

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top