19:00 / 23.01.2020
4
67691
Хитойдаги ўлим вируси: Икки шаҳар карантинда, Пекинда байрам бекор қилинди

Хитой ҳукумати аллақачон 17 кишининг ҳаётига зомин бўлган хавфли вирус тарқалишини олдини олишга ҳаракат қилмоқда. Нафас олиш тизимини шикастловчи ва одамдан одамга юқадиган янги коронавирус билан 600 нафардан ортиқ инсон касалланган. Вирус аллақачон АҚШ, Таиланд ва Жанубий Корея ҳудудига кириб борган. 

Thepaper / AP / Scanpix / LETA

Чоршанба куни Хитой ҳукумати вирус илк маротаба аниқланган ҳудуд 8,9 миллион (бошқа манбаларда 11 млн) аҳолига эга бўлган Хубэй вилоятидаги Ухань шаҳрини карантинга олиб ёпиш тўғрисида қарор қабул қилди. Шаҳарга олиб борадиган барча йўллар ёпилди, шаҳар ичида ҳам жамоат транспорти ҳаракати тўхтатилди. 

Пайшанба куни худди шундай қарор Хубэйдаги яна бир шаҳар - 7 миллион аҳолили Хуанган учун ҳам қабул қилинди. Хуанганга борадиган барча поезд ва самолётлар рейслари бекор қилинган, шунингдек шаҳар ички транспорти ҳаракати тўхтатилган. 

Расмийлар, шунингдек, барча кенг кўламли тадбирларни - ой тақвими бўйича 25 январга белгиланган Янги йил байрами, оммавий сайллар, шу жумладан ибодатхоналардаги анъанавий ярмаркаларини бекор қилишга қарор қилишди. 

Янги йил давомида миллионлаб одамлар Хитой бўйлаб саёҳат қилишади.  Минглаб хитойликлар чет элга ҳам чиқиб кетади. 

Ухань ва Хуанган қамалда

Жума куни кечаси Хуанганда барча автобус ва поезд қатновлари тўхтатилади. Шаҳардаги кафе, ресторанлар ва кинотеатрлар ҳам ёпилади. Одамларга шаҳарни тарк этмаслик тавсия этилган.

Шу билан бирга, бир кун аввал шаҳарни тарк этмаслик тўғрисида буйруқ берилган Ухань аҳолиси ижтимоий тармоқларда маҳсулот етишмаслиги мумкинлигидан хавотир билдириб, нархларнинг кескин кўтарилишидан шикоят қилишмоқда. 

Шаҳардаги кўплаб дўкон пештахталари аҳолининг зудлик билан овқат захираси йиғишга киришгани ортидан бўшаб қолди.

Фуқаролар кийиш мажбурий бўлган тиббий ниқобларни ҳам фаоллик билан сотиб олишмоқда.

Пайшанба куни дунё бўйлаб транспорт ва иқтисодий алоқаларга эга катта ва муҳим шаҳар бўлган Ухандан чиқувчи барча рейслар бекор қилинди. Унгача шаҳар аэропортидан Лондон, Париж, Дубай ва бошқа кўплаб шаҳарларга тўғридан-тўғри рейслар мавжуд эди.

Пайшанба куни тонгида Ухандаги асосий темир йўл вокзали йўловчилар учун ёпилди / Reuters

Шаҳар музейлари, кутубхоналари ва театрлари кўргазмалар, экскурсия ва бошқа оммавий тадбирларни бекор қилишлари шарт. 

Ухандан чиқишга тақиқ қўйилишидан олдин ҳам йўловчилар ҳароратни ўлчаш назоратидан ўтишаётганди / AFP

Коронавируснинг янги тури тарқалиши билан боғлиқ хавфсирашлар фонд биржаларига ҳам таъсир кўрсатди: пайшанба куни Хитой индекслари тахминан 3 фоиз йўқотди.

Расмийлар фикрича, янги вируснинг манбаи Ухандаги денгиз маҳсулотлари, қушлар, илон, қуён ва бошқа ҳайвонлар сотиладиган бозоридир. Тирик парранда ва чорва молларини сотишга тақиқ аллақачон жорий қилинган. 

«Биз касаллик ёввойи ҳайвонлар сотиладиган бозордан келиб чиққанини биламиз. Эҳтимол, вирус ташувчиси ҳайвон бўлган ва кейин одамларга юқтирилган», деди Касалликларни назорат қилиш ва профилактика маркази директори Гао Фу. 

Янги вирус ҳақида нималар маълум?

  • 2019-nCoV вируси ҳали одамларга юқмаган коронавируснинг бир вариантидир. 
  • Коронавируслар — 38 турдаги вирусларни ўз ичига оладиган вируслар оиласи, уларнинг олтитаси (ва янги вирус билан - еттитаси) одамга юқади.
  • Тадқиқотчиларнинг фикрича, вирус одамларга ҳайвонлардан юққан, аммо у одамдан одамга ҳам юқиши мумкин. 
  • Инфекцион белгилари орасида иситма, йўтал, нафас қисиши мавжуд. 
  • Одамларга ҳайвонларга тегинмаслик, етарли даражада қайнатилмаган ёки қовурилмаган гўшт ва тухумлардан сақланиш ва шунингдек шамоллаш ёки грипп белгилари бўлган одамлар билан алоқа қилмаслик тавсия этилмоқда.

Ухань ҳақида нималар маълум?

Ухань - Хитойнинг асосий транспорт узелларидан бири ҳисобланади / GETTY IMAGES

Ухань, айрим маълумотларга кўра, жаҳондаги энг йирик шаҳарлар рўйхатида 42-ўринда, Хитойда эса 7-ўринда туради.

БМТ маълумотига кўра, Уханда 9 миллиондан ортиқ киши яшайди. Шаҳар ҳокимияти маълумотида эса кўпроқ рақам келтирилган - 11 миллион.

Шаҳарнинг йириклиги ва унинг иқтисодий тараққиёти вирус Осиёнинг бошқа мамлакатларига ва ҳатто АҚШга нега бунча тез етиб борганини изоҳлайди.

2016 йилда Ухандаги Тяньхэ халқаро аэропорти 20 миллиондан ортиқ йўловчига хизмат қилган. Ўтган вақт мобайнида йўловчилар оқими янада ошган. Ухандан Лондон, Париж, Дубай ва жаҳоннинг бошқа кўплаб йирик шаҳарларига тўғридан-тўғри авиарейслар мавжуд.

Ухань Яньцзи дарёси қирғоғида жойлашган. Шаҳар ўзининг юқори технологияли ва анъанавий саноати билан машҳур. Уханда кўплаб индустриал зоналар ва 52та олий таълим муассасаси фаолият кўрсатади, уларда 700 мингдан ортиқ талабалар таҳсил олади.

Маҳаллий саноат корхоналарига Fortune Global рўйхатидаги йирик 500 компаниядан 230таси инвестиция киритган.

Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top