20:45 / 27.01.2020
8
99842
Хитойдаги коронавирус: Қурбонлар сони ортмоқда, ҳаёт тўхтаб қолган

Хитойда нафас олиш йўл орқали юқувчи ва одамдан одамга ўтадиган янги коронавирус тўхтовсиз тарқалмоқда. Душанба кунги маълумотларга кўра, ҳалок бўлганлар сони 81 нафарга етган, қарийб 3 минг киши - вирусдан зарарланган.

Ўлим ҳолатларининг аксар қисми Хубэй провинцияси - вирус тарқалиш эпимарказига тўғри келмоқда. Провинция маркази бўлмиш Ухань шаҳри мэри вирус эпидемияга айланишидан огоҳлантирган, унинг сўзларига кўра, 11 миллион киши яшайдиган шаҳар ташқи дунё учун ёпилиб, карантин ҳолати жорий этилгунига қадар 5 миллион киши шаҳарни тарк этганди.

Ҳозир шаҳарни тарк этиш учун жиддий чекловлар ўрнатилган. Провинция чегараларидаги пунктларда тиббий ходимлар гуруҳлари ишламоқда ва улар чиқувчиларнинг тана ҳароратларини ўлчашмоқда. Уханда шахсий автомобилларда ҳаракатланиш ҳам тақиқланган.

Бир неча кун ичида шаҳарда янги шифохона қурилди ва яна биттасини қуриш ишлари кетмоқда. Матоли ниқоблар ва ҳимоя кийимлари ишлаб чиқарувчи фабрикалар тўхтовсиз ишламоқда.

Айни вақтда Хитойнинг яна бешта шаҳри карантин ҳолатида.

Кўплаб мамлакатларда туроператорлар Хитойга йўлланма сотишни тўхтатган ва асосан ушбу давлатдаги хорижликларни ватанига қайтариш билан шуғулланмоқда.

Хитой ҳукумати вирус тарқалишининг олдини олиш учун турли чораларни қўлламоқда. Ўтган ҳафтада Пекиннинг тарихий қисмида жойлашган, Тяньаньмэнь майдони яқинидаги «Тақиқланган шаҳар» (Гугун) сарой комплекси, шунингдек, Буюк Хитой деворининг бир қисми сайёҳлар учун ёпиб қўйилди, ой тақвими бўйича 25 январь куни бошланган хитойча янги йил байрами тадбирлари бекор қилинди.

Гуандун провинциясида яшовчиларга ниқоблар тақиш мажбурий қилиб қўйилди.

Шанхай ва Ҳонгконгда Диснейлендлар номаълум муддатга ёпиб қўйилди, Тибет маркази Лхасадаги қадимий Потала саройи ҳам ёпилган.

Ҳозирда Хитойнинг турли ҳудудларида янги йил таътиллари узайтирилган.

Узоқ муддатли таътил

Шанхайда ташкилотлар ходимларига 10 февралгача ишга қайтмасликка рухсат берилган, коммунал хизматлар, тиббий муассасалар ва супермаркетлар бундан мустасно. Мамлакатнинг бошқа ҳудудларида ҳам таътиллар камида бир ҳафтага узайтирилган.

Би-би-сининг Шанхайдаги мухбири Робин Брантнинг сўзларига кўра, бу Хитой учун хос бўлмаган қарордир. Расмий ҳисоб-китобларга кўра, бундай чора туфайли қарийб бир ярим миллиард хитойлик маълум вақтга жамоат транспортидан фойдаланиш имкониятидан маҳрум бўлади.

Кўплаб йирик савдо тармоқлари ҳам ўз дўконларини вақтинчаликка ёпган; айрим компаниялар ва банклар яқин орада Хубэйда бўлиб қайтган ходимларига уйдан туриб ишлашни тавсия этмоқда.

Ҳонгконг ҳукумати (бу ерда 8 киши коронавирусга чалинган) 17 февралга қадар мактабларни ёпган.

Қўшни Мўғулистон ва Қирғизистонда ҳам Хитой билан чегаралар ёпиб қўйилди, вирусдан зарарланиш бўйича битта ҳолат қайд этилган Мўғулистон баҳоргача мактаблар ва бошқа олий ҳамда ўрта таълим муассасаларини ёпиб қўйган, шунингдек, 2 мартга қадар оммавий тадбирлар ўтказилишига тақиқ қўйилган.

ХХРнинг иккинчи рақамли одами, Давлат кенгаши бош вазири Ли Кэцян Уханга келди

Бугун Хитойга Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош директори Тедрос Адханом Гебрейесус учиб келди, у бу ерда мамлакат ҳукумати ва соғлиқни сақлаш вазирлиги расмийлари билан маслаҳатлашув ўтказади.

Сўнгги статистика

Хитойда:
2827 вирусни юқтириш ҳолати
5794 ўхшаш симптомлар аниқланган, аммо ҳозирча ташхис қўйилмаган
461 киши оғир аҳволда
81 ўлим ҳолати
51 бемор соғайган ва шифохонадан жавоб берилган

Хитой ҳудудларидан ташқарида камида 45та вирусдан зарарланиш ҳолати қайд этилган:

Таиланд - 8
АҚШ ва Австралия - 5тадан
Сингапур, Тайвань, Малайзия, Жанубий Корея - 4тадан
Франция, Япония - 3тадан
Вьетнам - 2
Непал, Канада, Камбожа - 1тадан

Вирус юқтирганларнинг барчаси сўнгги бир ой ичида Уханда бўлган ёки у ердан келганлар билан алоқада бўлган.

Вирусдан қандай ҳимояланиш мумкин?

Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти янги коронавирусга чалинмаслик учун нималар қилиш кераклиги борасида қуйидаги тавсияларни берган:

  • қўлларингизни совун ва сув ёки спиртли аралашма билан ювинг;
  • йўталганда ёки акс урганда оғзингиз ва бурнингизни тиббий ниқоб, салфетка, енгингиз ёки букилган тирсагингиз билан тўсинг;
  • шамоллаш ёки грипп аломатлари бўлганлар билан ҳимояланмаган алоқада бўлишдан узоқлашинг ҳамда сизда иситма, йўтал ва нафас қисиши ҳолатлари пайдо бўлганида тиббий ёрдам олиш учун мурожаат қилинг;
  • тирик маҳсулотлар сотиладиган бозорда бўлганингизда жониворлар ҳамда улар тегиши мумкин бўлган воситаларга ҳимояланмаган ҳолда тегинишдан эҳтиёт бўлинг;
  • таомни, айниқса, гўштни астойдил пиширинг.

Ҳар бир одам - хавф

Коронавируснинг асосий асоратларидан бири - нафас олишнинг қийинлашишидир, шу туфайли шусиз ҳам бу борада муаммолари бор кекса кишилар вирусдан осонлик билан ўлим топмоқда.

Вирус янги, шунинг учун унга қарши вакцина мавжуд эмас.

Шу кунларда хитойлик тиббиётчилар вирус ҳатто инкубация даврида ҳам юқиши мумкинлигини тасдиқлашди, яъни симптомлари пайдо бўлишидан олдиноқ одам вирусдан зарарланган бўлади.

Инкубация даври 1 кундан 14 кунгача давом этиши мумкин.

Пекинда ва бошқа бир неча шаҳарларда метро вагонлари ҳар куни бир мартадан дезинфекция қилинмоқда; эскалаторлар ва чипта кассалари кунига уч марта дезинфекциядан ўтказилмоқда.

Ҳукумат айрим аҳоли пунктларида такси ҳайдовчиларни ҳам автомобиллари салонини ҳар бир йўловчи чиқиб тушишидан кейин дезинфекция қилишга чақирмоқда.

Мавзу
Хитой коронавируси
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top