21:53 / 28.01.2020
0
58077
Хитойда коронавирус авжга чиқиши даври маълум қилинди. Вирус кўз шиллиқ пардаси орқали юқиши мумкинлиги аниқланди
Фото: Reuters

Хитойда тарқалган янги турдаги коронавируснинг авжга чиқиши даври 7-10 кундан кейин юз беради. Бироқ аҳоли ўртасида катта кўламли касалланиш бўлмайди. Бу ҳақда Xinhua нашрига интервьюда Хитойнинг соғлиқни сақлаш масалалари бўйича давлат қўмитасининг махсус комиссияси раҳбари, врач-пульмонолог Чжун Наньшань маълум қилди.

“Эпидемиянинг авжга чиқиши даври ҳақида бир нарса айтиш қийин. Бироқ фикримча, бу бир ҳафта-10 кун ичида юз беради”, деб айтган Наньшань.

Мутахассиснинг таъкидлашича, бугунги кунда коронавирусга чалинганларни даволай оладиган ягона дори воситаси йўқ, бироқ шифокорлар уни енгиш учун бир нечта ечимни топишди. “Бундан ташқари, беморларнинг ҳаётини таъминлаш технологиялари анча яхшиланди, ўлим даражаси муқаррар пасаяди”, деб ҳисобламоқда Наньшань.

Унинг айтишича, эпидемияни енгиш учун касалликни эрта босқичларда аниқлаш ва барча беморларни изоляция қилиш лозим. “Бу иккита оддий, бироқ шу билан бирга энг самарадор чоралардир”, деб таъкидлаб ўтган мутахассис.

Бу орада хитойлик шифокорлар хавфли коронавируснинг янги хусусиятларини аниқлашмоқда. Улар аввал вирус асосан ҳаво-томчи йўли билан юқишини айтган бўлсалар, энди у кўз орқали юқиши мумкинлиги исботланди. 

Агарда вирус қўл терисига тушса ва у билан кўз ишқаланса, вирус кўз шиллиқ пардаси орқали организмга тушади. Шу сабабли коронавирус чақирувчи янги турдаги зотилжамдан вакцина йўқлиги ҳисобга олинса, вирусдан ҳимояланишда шахсий гигиена ва қўлларнинг тез-тез ювиб турилишига катта эътибор қаратмоқ лозим. 

“Ҳимоя ниқобини тақиб юриш, қўлларни яхшилаб ювиш лозим – бу вирус тарқалиши ва унга чалиниш хавфини камайтиради”, деб маълум қилинган people.com.cn нашрида.

Аввалроқ таъкидланганидек, коронавирус 14 кунгача давом этадиган инкубация даврида ҳам юқиши мумкин.

Мавзу
Хитой коронавируси
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top