22:46 / 02.02.2020
2
18959
Комил Алламжонов янги фонднинг молиялаштириш манбаларига ойдинлик киритди

Комил Алламжонов янги фонд ҳақидаги турли шубҳалар юзасидан муносабат билдириб, ўтмишда бўлгани каби бу фондга ҳам тадбиркорларни мажбурлаш эвазига пул жалб қилиниши ҳолатлари бўлмаслигини маълум қилди.

Фото: Маъруф Асқаров / KUN.UZ

Бугун, 2 февраль куни Тошкент шаҳридаги Hyatt Regency меҳмонхонасида Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди томонидан амалга оширилиши режалаштирилаётган лойиҳалар тақдимоти бўлиб ўтди. Очилиш маросимида чиқиш қилган фонд васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов фонд давлат маблағлари ҳисобидан молиялаштирилмаслигини маълум қилди.

«Рўй бераётган ушбу ўзгаришларни кўриб кўпчиликда Фондга бўлган турли фикрлар, нотўғри тахминлар бўлиши мумкин. Масалан, кимдир ушбу Фондни давлат томондан тузилган нодавлат фонд бўлиши мумкин деб қайғурса, яна кимдир давлат пулларини шу йўл билан совуриш учун яратилган ресурс деб безовта бўлиши мумкин ёки бўлмаса эртага ўтмишда бўлгани каби эндиликда ушбу Фондга ҳам тадбиркорларни мажбурлаш эвазига пул жалб қилинади деган хавотирлар бўлиши мумкин.

Шу фурсатдан фойдаланиб сизларга ишонч билан айта оламанки, бизнинг Фондимиз фақатгина хорижий грантлар ёки маҳаллий меценатлар ва хайрихоҳ бизнесменлар томонидан молиялаштирилади. Фонднинг ҳар бир хатти-ҳаракати, илгари фаолият юритган барча фондлардан фарқли равишда – унинг барча фаолияти, унинг таъсисчиларидан тортиб, то молиялаштириш манбаларигача – мутлақо очиқ бўлади. Ушбу Фонд журналист ва блогерларнинг ҳуқуқий билимларини ошириш, улар манфаатларини давлат органлари ва ҳукумат олдида тўлиқ ҳимоя қилиш, ёрдамга муҳтож ОАВларга моддий ёрдам бериш, Ўзбекистонда сўз ва матбуот эркинлиги таъминланишида бор имкониятларини ишга солади.

Фото: Маъруф Асқаров / KUN.UZ

Фурсатдан фойдаланиб, барча хорижий ва маҳаллий ташкилотларга Фонд лойиҳаларини молиялаштирилишида доимий ҳамкорлик қилиш учун очиқлигимизни маълум қиламиз.

Бугун 2020 йилнинг 2 феврали, қисқа қилиб айтганда 02.02.2020. Манбаларга кўра, ана шундай сана 100 йилда, яъни бир асрда бир марта такрорланар экан. Ва кимлардир бу кунда билдирилган барча тилаклар амалга ошади деб ишонади. Лекин бизнинг фикримизча, ҳар қандай эзгу мақсад йўлида амалга оширилган ишларни Аллоҳнинг ўзи доим қўллаб-қувватлайди. Биз ҳам бугун Яратгандан Фондимизнинг ишига ривож тилаб қоламиз», дея унинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top