22:36 / 02.02.2020
0
4046
Новак Жокович Australian Open’нинг 8 карра ғолибига айланди

Сербиялик теннисчи Новак Жококович Австралия очиқ чемпионатининг 8 карра ғолибига айланди. Жокович мусобақа финалида австриялик Доминик Тимни мағлуб эта олди.

Учрашув 4 соат 3 дақиқа давом этган ва 6:4, 4:6, 2:6, 6:3, 6:4 ҳисобида сербиялик теннисчининг фойдасига якунланган.

“Доминикни ажойиб мусобақа билан табриклайман, оғир ўйин бўлди, бироз омад чопмади, бироқ сен ғалабага яқин бўлдинг. Сенда бунга ҳали вақт бор, сен Катта Дубулғанинг ҳали бир нечта унвонини қўлга киритасан. Доминикнинг оиласи ваунинг жамоасига ҳурматимни изҳор этаман, сиз ажойиб инсонсизлар. Ўз жамоам, бу ерга келган акамга миннатдорлик билдираман”, деб айтган Жокович.  

“2020 йил бошида даҳшатли воқеалар юз берди – Австралиядаги ўрмон ёнғинлари, дунёнинг турли бурчакларидаги ихтилофлар, Коби Брайант қизи билан бирга ҳалок бўлди, у менга жуда яқин эди, уни устозимдек кўрардим. Ўйлашимча, бу барчамизга ҳар қачонгидан жипсроқ бўлишимиз кераклигига эслатмадир. Бу ерга келиб, спортчиларни, тўпни узатувчи болаларни қўллаб-қувватлаган барчага, ташкилотчиларга миннатдорлик билдирмоқчиман, бу менинг севимли кортим, севимли стадионим ва бу ерда туриб ушбу мукофотни қўлларимда яна ушлаб турганимдан хурсандман”, деб якунлаган ўз сўзларини ғолиб.

32 ёшли Новак учун бу унвон Australian Open’даги саккизинчиси бўлди (2008, 2011-2013, 2015, 2016, 2019, 2020 йиллар). У бу борада рекордчи ҳисобланади. Сербиялик бу мусобақанинг финалларида ҳали бирор марта ютқазмаган. 

Жокович Катта дубулға сериясига кирувчи мусобақаларда умумий ҳисобда 17 марта ғолиб бўлган. Бу борада эркаклар ўртасида швейцариялик Рожер Федерер етакчилик қилмоқда – 20 та унвон. Унинг ортидан 19 та унвон билан Рафаэл Надаль келмоқда. 

Сербиялик теннисчи шунингдек 5 марта Уимблдонда (2011, 2014, 2015, 2018, 2019), 3 марта АҚШ очиқ чемпионатида (2011, 2015, 2018) ва бир марта Франция очиқ чемпионатида (2016) ғолиб бўлган.

Мельбурндаги ғалаба Жоковичга Профессионал теннисчилар ассоциацияси (АТР) рейтингида 1-ўринга қайтишга имкон беради. Умуман олганда унинг ҳисобида АТР’нинг 78 та мусобақасидаги ғолиблик бор. 

Доминик Тим эса Австралиядаги мусобақа финалчиси бўлгани эвазига дунёнинг 4-рақамли теннисчисига айланади.  

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top