19:00 / 04.02.2020
6
23887
Хитойдан олиб келинганлар орасида коронавирусга гумон қилинаётганлар йўқлиги маълум қилинди

Хитойдан олиб келинган 250 нафар Ўзбекистон фуқароси орасида коронавирус юқтириб олганликда гумон қилинаётганлар йўқ. Улар 2 ҳафта Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги тиббий муассасаларда карантинда бўлиб туради.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати

Ўзбекистон Хитойдаги коронавирус эпидемияси сабабли бу мамлакатда яшаётган 250 нафар фуқаросини 4 февраль куни Пекиндан Тошкентга олиб келди.

Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги матбуот котиби Муҳаммаджон Бозоровнинг Kun.uz’га маълум қилишича, бирламчи текширувларда уларнинг ҳеч бирида коронавирус аломатлари аниқланмаган.

Унинг сўзларига кўра, бу фуқаролар 14 кун мобайнида карантинда бўлади.

Шу билан бирга, 250 нафар ўзбекистонликнинг қанчаси коронавирус ўчоғи – Ухань шаҳри ёки Хубей провинциясидан олиб келингани маълум қилинмади.

Айни пайтда, Уханда қолаётган бошқа ватандошларни олиб келиш учун яна бир самолёт Хитойга юборилган.

Аввалроқ Uzbekistan Airways 4-5 февраль кунлари Пекин-Тошкент йўналишида иккита, Ухан-Тошкент йўналишида битта чартер рейсни амалга ошириши маълум қилинган. Хитой пойтахтидан рейслар учун авиабилетлар ўртача тарифдан паст, Ухандан парвоз эса бепул этиб белгиланган.

Мавзу
Хитой коронавируси
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top