21:56 / 24.02.2020
0
6553
Consumer Reports талқинига кўра энг яхши автомобил брендлари маълум қилинди 

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ихтисослашган Consumer Reports нотижорат ташкилоти АҚШдаги автомобил брендларининг навбатдаги тадқиқотини ўтказиб, энг яхши брендларни маълум қилди.

Фото : KUN.UZ

Мутахассислар бир қатор синовлар, сўровнома, асосий хавфсизлик тизимлари мавжудлиги ва “прогноз қилинувчи ишончлилик” мезонлари бўйича энг яхши брендлар рейтингини тузишди. 

Рейтингнинг етакчиси Porsche бўлди. Немис маркасининг Consumer Reports томонидан синалган барча уч модели харид учун тавсия қилинган, мижозлар мамнунлигининг энг юқори коэффициенти, юқори ишончлилик ва хавфсизликни кўрсатган.

2-ўринни Жанубий Кореянинг Genesis, 3-ўринни эса Subaru маркалари эгаллаган.

Етакчи ўнталикдан, шунингдек, Mazda, Lexus, Audi, Hyundai, BMW, Kia ва MINI брендлари жой олган.

33 бренддан иборат рейтингнинг охири поғонасини Fiat маркаси эгаллаган. Шунингдек, GMC (26-ўрин), Alfa Romeo, Jaguar, Cadillac, Land Rover, Jeep ва Mitsubishi брендлари ҳам рўйхатнинг охиридан жой олган.

Consumer Reports мутахассисларининг маълум қилишича, автомобилларнинг йўлда синалиши аноним тарзда ўтказилган, машиналар эгаларининг мамнунлигини баҳолаш учун уларнинг бу маркадаги машинани яна сотиб олишлари-йўқлиги сўралган, “прогноз қилинувчи ишончлилик” машина эгаларининг тезкор синови ёрдамида ҳисобланган, хавфсизлик эса машинанинг базавий комплектациясида фаол ва пассив ҳимоя тизимлари мавжудлиги билан баҳоланган.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top