19:18 / 09.03.2020
63182
ЖССТнинг коронавирус бўйича экспертлари Ўзбекистонга келиб, вазиятга баҳо беришди

Шу кунларда Ўзбекистонда бўлиб турган Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ)нинг коронавирусга тайёргарлик бўйича етакчи консультанти Уте Эндерлейн ва ташкилотнинг фавқулодда ҳолатларга тайёргарлик кўриш дастурининг масъул ходими Жетри Регми дунёда давом этаётган эпидемияга қарши олиб борилаётган чоралар ва профилактик тадбирларнинг техник экспертизасини ўтказмоқда.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти вакили Ўзбекистонда коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш халқаро талаблар асосида амалга оширилаётганини маълум қилди.

«Улар мамлакатимизга кириш ҳудудларидаги санитария-карантин пунктларида назорат ва профилактик тадбирларни ташкил қилиш, даволаш муассасаларининг хавфсизлигини таъминлаш, лабораториялар салоҳиятини мустаҳкамлаш каби қатор масалалар бўйича техник тавсияларини ҳам беришмоқда», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

«Биз юртингизда бир ҳафта мобайнида бўлиб, коронавирус инфекциясининг четдан кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш, эпидемиологик назоратни кучайтириш борасидаги ишлар халқаро талаблар асосида, ЖССТ томонидан ишлаб чиқилган стандартлар ва тавсияларга мос равишда амалга оширилаётганига гувоҳ бўлдик. Юртингизда ушбу инфекцияга қарши барча чоралар кўрилмоқда», деган Уте Эндерлейн.

Бундан ташқари, ЖССТнинг экспертлари Ўзбекистон мутахассислари билан ҳамкорликда жаҳондаги коронавирус инфекцияси бўйича эпидемиологик ҳолатни ҳисобга олган ҳолда фавқулодда вазиятларда қандай йўл тутиш бўйича ҳам ўзаро тажриба алмашмоқда.

«Ўз ўрнида айтиб ўтиш лозимки, айни пайтда мамлакатимизга юқумли касалликлар, жумладан, COVID-19 инфекцияси кириб келишининг олдини олиш мақсадида давлат чегараларида санитария-карантин пунктларида барча эҳтиёт чоралари кўрилиб, назорат кучайтирилган. Бугунги кунда ушбу пунктларда бошқа тармоқ ходимлари қаторида 250 нафардан зиёд юқори малакали санитария-эпидемиология хизмати масъуллари белгиланган стандартлар бўйича иш олиб бормоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Санитария-эпидемиологик осойишталиги агентлиги ҳузурида узлуксиз 24 соат давомида фаолият кўрсатувчи штаб ташкил қилинган.

Эслатиб ўтамиз, шу кунгача мамлакатимизда коронавирус инфекцияси билан боғлиқ бирорта ҳолат қайд этилмаган. Шу ўринда Соғлиқни сақлаш вазирлиги яна бир бор аҳолидан ортиқча саросимага тушмаган ҳолда шахсий гигиена қоидаларига қатъий риоя қилишларини сўраб қолади», дейилади вазирлик хабарида.

  • 9 март ҳолатига кўра, коронавирус инфекцияси кириб борган мамлакатлар сони 104тага етган, бутун дунёда 111 645 кишида вирус аниқланган, вирус қурбонлари сони 3884 нафарни ташкил қилмоқда.
Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Top