23:10 / 16.03.2020
49747
Коронавирусдан кейинги ҳаёт. Бугунни эслаб хижолат бўлмаймизми?

Коронавирус ва унинг ортидан келадиган ҳолатлар бизни кимга айлантиришини ҳозир билмайман. Ҳаммамизга тегишли бўлган бир муаммога қарши, ҳаммамиз бир куч бўламизми?

Фото: УНИАН

Кеча, дўстлар билан йиғилиб ўтирганимизда, бир шеригимиз жуда ўринли фикр айтди.

— Масжидларда, масалан жумада юртдошларимизнинг бир-бирига муносабатига эътибор бераман, ўзаро илиқликни кўриб, қойил қоламан. Кимгадир жой етмай қолса, ёнига чақиради, жойнамоз етмаса, ўзининг кийимини биров учун ечиб берадиганлар бор. Тиқилинчда биров қаттиқ гапирмайди, туртиниб кетса ўқраймайди. Машинада чиқишдаям, тирбандликларда бўладиган сигнал чалишлар йўқ: ҳамма тушунган, ҳамма сабрли.

Ростдан ҳам, худди инсоният каттароқ бир мақсадда бирлашгандек туюлади. Одамлар бир-бирига эмас, бир томонга юзланади. Бир мақсаддаги жамоатга айланади.

Энг қизиғи, оддий ҳаётимизда, масалан дўконда, кўчада, бозорда, йўлда бу нарсани кузатмаймиз. Аслида, у ерда ҳам, ўша масжиддаям айни одамлар, лекин худди бошқа одамдек, ўлчовлар ўзгариб кетгандек. Ҳамма ўз манфаатини ўйлайдиган алоҳида-алоҳида одамларга ўхшаб қолади. Масжидда бир-бирига кийимини ечиб бериб, пойабзалини тўғирлаб қўйган одамлар ташқарида йўл талашиб муштлашиши ҳам мумкин.

Очиғи, коронавирус ва унинг ортидан келадиган ҳолатлар бизни кимга айлантиришини ҳозир билмайман. Ҳаммамизга тегишли бўлган бир муаммога қарши, ҳаммамиз бир куч бўламизми, бутун Ўзбекистон бир масжидга, барча фуқаролар биродарларга айланадими?

Ёки аксинча, ҳамма ўзини ўйлаб, ўз манфаати йўлида ҳаракат қиладиган ваҳимачи, товламачи алоҳида одамларга ўхшаб қолишадими?

Биз киммиз ўзи?

Кеча, ўша юқоридаги гапга жавобан, бошқа дўстимиз айтди — «коронавирусдан кейин дунё бошқачароқ бўлади, яхшироқ бўлади». Ахир, билмадим, қанчадан буён, биринчи марта инсоният бир бўлиб, карантинга чиқяпти, бошқа бир борлиққа қарши курашяпти. Тарихий давр.

Коронавирусга бу қадар катта эътибор қаратилиши уни даволаш қийинлигидан ёки у қадар жиддий касаллик эканидан эмас. Барча муаммо юқумли ва юқиш осон йўллар билан амалга ошишида. Яъни, одамлар гигиена, кўрсатма ва маслаҳатларга амал қилиб, маълум муддат касалликнинг кўпайиши олди олинса, табиийки, беморлар шифо топиб, вазият енгиллашишни бошлайди.

Хитойда ҳам, Европада ҳам, беморларнинг даволаниб бўлмаётгани ёки ўлимлар эмас, юқишнинг тез суратларда ошиб боргани муаммо туғдирганди бошида. Ана, Хитойда карантинга риоя қилингач, юқишларнинг йўли тўсилгач, аввалги беморлар аста-секин даволанди ва энди коронавирус чекинишни бошлади. Даволанганлар сони янги чалинганлардан бир неча баробар кўп, бу суръатда бутунлай барҳам топади.

Европада ҳам, карантинга олинганлар ва ҳатто коронавирусга чалинганлар ҳам, вазиятга хотиржам ёндашишяпти, ҳазил билан, сокинлик билан ўз ҳолатлари ҳақида маълумот беришяпти. Масалан, «Челси» ҳужумчиси Ҳадсон-Одойи ҳам худди шундай, вирусга чалингани ҳақида хабарлар тарқалганди. Ҳозирда футболчининг ўзи вазият яхши томонга ўзгариб, аҳволи бирмунча яхшилангани ҳақида маълум қилди.

Айтмоқчиманки, коронавирус бир вабо эмас, ҳатто бутун халқимизга юққан тақдирда ҳам, ҳаёт давом этади, унинг эртаси ҳам бор.

Ана ўшанда, яъни катта муаммо чекиниб, яна оддий ҳаётга ўралашиб қолганимизда, бугунни эслаб, хижолат чекиб қолмаймизми? Ахир маданиятни, эътиқодни, илмни намойиш қилиш энг зарур бўлган паллаларда синовдан ўта олмай, фарзандларимиз олдида уялмаймизми?

Менимча, шу ҳақида фикрлаб кўриш жуда муҳим.

Қаҳрамон Асланов.

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top