22:25 / 17.03.2020
20930
Имтиҳон. Вирусга хизматкор бўлиш ҳақида
Фото: Анна Ёлкина

Синов дунё. Вирус ҳам синов. Қандай синов, дейсизми?

Шундай синовки, у нафақат кишиларни, балки бутун халқни синайди.

Йўқ, мен Сизга айтсам, гап янада жиддийроқ – вирус халқнинг қай даражада ХАЛҚ бўла олганини кўрсатади.

Қандай қилиб?

2020 йил, 15 март, пешиндан олдин. Жияним билан дорихона олдидан ўтаётгандик. У: «Амаки, антисептик гель олайлик, мактабда ишлатаман» деб қолди (ҳали мактаблар «ёпилиши» ҳақида хабар тарқалмаган эди).

Жияним дорихонага кириб, икки дона гель олиб чиққач, ажабланган ҳолда менга бир манзарани чизиб берди. Гап шундаки, у гель сотиб олаётган пайтда дорихонага бир киши кириб, сотувда қолган гелларнинг ҳаммасини сотиб олиб кетибди...

«Жаноб Коронавирус»

Жияним чизиб берган манзара бошқа бир манзарани кўз олдимга келтирди.

Дейлик, вирус бу – онгли мавжудот. Ва унинг мақсади – халқларни забт этиш. Онгли мавжудотнинг эса хурсанд қиладиган ва уни хафа қиладиган нарсалари бўлади. Бунда вируснинг йўлини тўсувчи нарса уни ранжитади, унга йўл очувчи омил эса – хурсанд қилади.

Энди вирусга қарши турувчи халқни ҳам онгли бир шахс сифатида тасаввур этамиз. Унда бу «шахс»нинг вирусга қарши қиладиган ҳаракатлари, табиийки, мантиқли-тизимли бўлиши керак. Чунки ҳаракатларида мантиқ бўлмаса, вирусга қарши турувчини биз онгли мавжудот деб атай олмаймиз.

Ягона организм

Инсон организми бу – ақлли, ичида кечадиган ўзгаришларга тезкор равишда чора кўрадиган тизим. Танада вирусларга қарши доимий ва мунтазам кураш кечиб туради. Доимий! Бу сатрларни ўқиб турган пайтингизда ҳам танангизда бу кураш давом этяпти.

«Нега унда вируслар инсоният тинчлигига баъзида оламшумул рахна солиб қолади» дерсиз? Гап шундаки, гоҳида дунёнинг бирон-бир нуқтасида шундай вирус пайдо бўладики, инсон танасидаги тизим уни «таний олмайди» – зараркунанда деб қабул қилмайди. Натижада инсоният учун катта хавф пайдо бўлади ва... бундай вирус оламга машҳур бўлиб кетади.

«Жамият» ва «организм» – моҳиятан бир тушунча – иккисини ҳам «воқеликда юзага келадиган ўзгаришларга тезкор равишда жавоб берувчи тизим» деб таърифласа бўлади. Энди савол: биз қанчалик жамиятмиз?

Вирусга хизмат қилиш

Вирусни онгли мавжудот, деб тасаввур қилдик. Энди ўйлаб кўрайлик, вирус тарқалишининг олдини олиш учун оммавий чоралар кўрилаётган бир пайтда дорихонадаги бор антисептик геллар ва бошқа воситаларни «уруғи билан» сотиб оладиган «амаки» ва «хола»ларнинг иши «қаҳрамонимиз» – вирусни ранжитадими ёки хурсанд қиладими?

Бундай ҳаракатларнинг оқибатини ўйлаб кўрамиз.

Шу тобда керакли бўлиб турган воситаларнинг ҳаммасини дорихоналардан «бир-икки» киши сотиб олди дегани – бу минглаб одамлар ҳимоя воситаларисиз қолди дегани.

Бу дегани эса вирус осон тарқалиши учун омил яратилди, дегани. Худо кўрсатмасин, вирус кенг тарқалиб кетса ўша – дорихоналарни «тозалаб қўйган» кишилар ва уларнинг оилалари, аслида, «элга келган тўй»дан четда қолмайдилар. Токчаларига тизиб қўйган ҳимоя воситалари уларга ёрдам бермайди...

«Қайтар дунё»

Дунё – синов. Вирус ҳам синов. «Бандаларим бир тан-у бир жон бўлиб хатарга қарши турадими ёки йўқми?» Синовлар шу эътибор билан Яратган томонидан юборилса, не ажаб?

Буни эсдан чиқариб қўйиб, хатар келганда атай, фурсатдан фойдаланиб қолиш мақсадида маҳсулотларни қимматига сотиш, хизматларни қимматига кўрсатиш, билиб туриб энг керакли нарсаларни улгуржи сотиб олиб, кейин қимматлатиб сотишга уриниш ила вазиятни янада оғирлаштириш – бу гўё кўзни юмиб олиб, ўзни, ўзи яшаётган ва эртага болалари яшаши керак бўлган масканни хароб қилишга уриниш гўё.

Бу – оддий, ақл тақозо қилган ҳақиқат.

Кейинги авлодни жамият бўла оладиган авлод қилолмасак...

Инсонларнинг жамиятга айланмаслиги – фожиа. Нега? Чунки Инсонга Ер сайёрасини ҳар тарафлама обод қилмоқ вазифаси юклатилган, инсонлар жамият бўлолмаса... бу вазифани бажара олишмайди. Аксинча, ер юзини абгор қилишади ва бунинг ўзимиз гувоҳи бўлиб турибмиз.

Кўриб турибмизки, бугунликда юзага келаётган хатарларнинг, хусусан ҳаммамизнинг қалбимизни жунбишга келтириб турган вирус хатарининг замирида ҳолатимизни ўзимизга кўрсатувчи ишоралар бор.

Бу ишораларни уқиб олмасак, уқиб олиб кейинги авлодни жамият бўла оладиган авлод қилолмасак, ҳар қандай вирусга хизматкор бўлиб, бир кун келиб уларнинг бирига ўлжа бўлиб қолишимиз мумкин...

Муҳаммад Шакур

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top