19:37 / 17.03.2020
16196
Ўзбекистон Россия ва АҚШдан 7500та коронавирус тест тизимларини сотиб олмоқда

Расмийларга кўра, республикада коронавирус ҳолатларини ташхислаш бўйича техник имкониятлар етарли.

Ўзбекистон ҳукумати коронавирус текширувларини ўтказиш учун Россия Федерациясидан 6000та ва АҚШдан 1500та тест аппаратини сотиб олишни режа қилмоқда. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги қошидаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директори Баҳром Алматовга асосланиб Kun.uz мухбири хабар берди.

«Касалликни ташхислаш бўйича муаммо йўқ. Техник имкониятлар етарли. Барча тиббиёт ходимлари касаллик бўйича тайёрловдан ўтган.

Биз ҳозиргача Россиядан 3000та, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотидан 1500та ва Хитойдан ҳам 1500 тест системаларини сотиб олганмиз. Улар ҳозир кун давомида ишлатилмоқда.

Қолаверса, бугунги кунда қўшимча равишда Россиядан 6000та тест системалари сотиб олиняпти.

Шунингдек, биз АҚШнинг Касалликларни назорат ва профилактика қилиш марказидан ҳам яна 1500та аппаратни шу кунларда олиб келишни режалаштиряпмиз», – деди Алматов.

Унинг қўшимча қилишича, Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигининг барча вилоятлардаги марказларида вирусологик лабораториялар бор.

«Ҳар бир марказимизда ПЦР (полимеразная цепная реакция) аппаратимиз бор. Ушбу аппаратлар коронавирус инфекциясига тўғри диагноз қўя олади.

Марказларимиздаги мутахассисларимиз коронавирус бўйича махсус тайёргарликдан ўтган. Лабораторияларимиз эса керакли тест системаларимиз билан таъминланган», – деди агентлик директори сешанба куни матбуот анжуманида.

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top