20:06 / 17.03.2020
15101
Трамп «Хитой вируси» билан боғлиқ вазиятни сиёсийлаштирмасликка чақирди

АҚШ президенти Дональд Трамп Нью-Йорк штати губернатори Эндрю Куомони коронавирус эпидемияси билан боғлиқ вазиятни сиёсийлаштиришда айблаб, шу билан бирга Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти талабига зид равишда, коронавирусни “Хитой вируси” деб аташда давом этган.

Фото: AP / Evan Vucci

“Куомо барча штатлар бир хил шароитда бўлишини истамоқда. Бироқ хамма штатларда вазият турлича, баъзилари Хитой вирусидан кучли азият чекмоқда, баъзилари эса умуман йўқ. Эндрю, буни сиёсатга аралаштирма”, деб ёзган Трамп твиттерда.

Бир кун аввал Куомо матбуот анжуманида Нью-Йорк штати ҳамда унга қўшни Коннектикут ва Нью-Жерси штатларида 16 мартдан ресторан, кинотеатр, спорт заллари ёпилишини эълон қилган. Худди шундай чораларга Мэриленд ва бошқа штатларда борилган, Калифорниядаги Сан-Франциско шаҳри эса карантин эълон қилган. Нью-Йорк губернатори бу чоралар ҳамма ерда жорий қилинмаса, самарасиз эканлигини айтган.

16 март куни Трамп маъмурияти коронавирус тарқалишини тўхтатишга қаратилган бир қатор чоралар эълон қилди. АҚШ президентининг таъкидлашича, вазият июль-августгача кескин бўлиб қолиши мумкин.

Охирги маълумотларга кўра, айни вақтда АҚШда коронавирусдан касалланганлар сони 4773 нафарни, вафот этганлар эса 93 нафарни ташкил қилмоқда.

Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Top