20:08 / 18.03.2020
80741
Австралиялик олимлар иммун тизими коронавирусга қарши қандай курашишини аниқлашди

Австралиялик олимлар инсон иммун тизимининг коронавирусга қарши қандай курашишини аниқлашга эришганликларини билдиришди. 

Фото: EPA

Олимлар ўтказган тадқиқотларнинг сешанба куни Nature Medicine журналида эълон қилинган натижалари шуни кўрсатадики, янги вирусли инфекцияни бартараф этиш механизми одатий гриппга қарши курашдан деярли фарқ қилмайди. 

Бу шуни англатадики, ўрганишлар коронавирусга қарши вакцинани ишлаб чиқишда ёрдам беради.

Бугунга келиб дунё бўйлаб 160дан ортиқ давлатда 190 мингдан ортиқ инфекция ҳолати тасдиқланган; коронавирус 7,5 минг кишининг ҳаётига зомин бўлди.

«Ушбу кашфиёт жуда муҳим, чунки биз биринчи навбатда иммунитет тизимимиз янги коронавирус билан қандай курашишини жуда яхши англадик», дейди тадқиқотнинг ҳаммуаллифи, профессор Кэтрин Кедзирска.

Мельбурн шаҳридаги Питер Доэрти инфекциялар ва иммунитет институтида ўтказилган тадқиқотни кўплаб мутахассислар юқори баҳолашди.

Олимлар нимани кашф этишди?

Covid-19 вирусини юқтирган одамларнинг аксарияти соғайиб кетиши инсон иммунитети вирусга самарали қарши тура олишини тасдиқламоқда. 

Аммо бу кураш айнан қандай амалга ошади? Ушбу жангда иштирок этувчи тўрт хил иммунитет ҳужайраларини аниқлаган австралиялик олимлар бу саволга жавоб топишди.  
Тадқиқотларда коронавирус келтириб чиқарган зотилжам енгил шаклда кечаётган ва авваллари ҳеч қачон соғлиғидан шикоят қилмаган кўнгиллилар иштирок этди.

Шундай қилиб, Австралиядаги касалхоналардан бирига кейинчалик 14 кун ичида соғайиб кетган уханлик 47 ёшли аёл ётқизилади.

Профессор Кедзирсканинг BBC нашрига берган интервьюсида тушунтиришича, тадқиқотчилар «ушбу бемор иммун тизимининг реакциясини тўлиқ ўрганиб чиқишган». 

Аёл тикланишидан уч кун олдин, унинг қонида ўзига хос ҳужайралар пайдо бўлди.  Кедзирсканинг сўзларига кўра, одатий грипп билан оғриганларнинг қонида ҳам тикланишдан бироз аввал тахминан айни шу вақтда айни шу ҳужайралар пайдо бўлади. 

«Биз бу натижалардан ва инфекцияланган беморларда клиник соғайиш арафасидаги иммунитет ҳужайралари пайдо бўлишини аниқлай олганимиздан жуда мамнун бўлдик», деди профессор Кедзирска ва ўнлаб олимлар ушбу натижаларга эришиш учун тўрт ҳафта давомида тун-у кун таҳлиллар ўтказишганини қўшимча қилди. 

Бу коронавирусга қарши курашда қандай ёрдам бериши мумкин?

«Иммунитет ҳужайралари қайси нуқтада пайдо бўлишини билсангиз, бемор даволанишнинг қайси босқичида эканлигини аниқлаш мумкин бўлади», дея тушунтиради Суинберн Технология университети декани, профессор Брюс Томпсон.

Австралия соғлиқни сақлаш вазири Грег Ҳант, ўз навбатида, олимларнинг бу кашфиёти инфекцияга қарши вакцина ва потенциал дориларни ишлаб чиқишни тезлаштириши мумкинлигини таъкидламоқда. 

Кэтрин Кедзирска эса аллақачон янги вазифани белгилаган: иммун тизими энг оғир ҳолатларда нима учун касаллик манбасига кам жавоб қайтараётганини аниқлаш. 

«Бу вирусдан вафот этган ёки ўта оғир шаклда касал бўлганлар бошқалардан қандай фарқ қилишини тушуниш учун ечим бўлади ва шу орқали уларни қандай сақлаб қолишни ўрганишимиз мумкин», дейди профессор Кедзирска.

Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Top