22:56 / 18.03.2020
32148
Коронавирус: Италия қурбонлар сони бўйича Хитойга яқинлашди

COVID-19 коронавирусига чалинганлар сони 200 мингдан ошиб кетган.

Фото: Reuters

18 март маълумотларига кўра, айни вақтда вирус дунёнинг 160дан ортиқ давлатида тарқалган, жами 212 минг 799 кишида касаллик қайд этилган.

Айни вақтда вирус қурбонлари сони 8787 нафарни ташкил қилмоқда.

ЖССТ маълумотига кўра, 84 мингдан ортиқ киши тузалган.

Сўнгги бир кунда энг жиддий ўсиш Италияда кузатилди - 4207 бемор ва 475 ўлим. Бу мамлакатда жами беморлар сони 35713 нафарга етган, 2978 киши ҳалок бўлган. 

Вирусдан энг кўп жабр кўрган давлат Хитой бўлиб турибди - 80894 кишида вирус аниқланган, 3237 киши вафот этган. Аммо сўнгги ҳафталарда бу мамлакатда вирус ортга чекинган - сўнгги бир кунда 13 бемор қайд этилди, 11 киши вафот этди.

Жанубий Корея ҳам вирус авж олиши даврини ортда қолдирган - сўнгги бир кунда 93 кишида вирусдан зарарланиш ташхиси қўйилди, 3 киши оламдан ўтди.

Эрон, Испания, Германия, Франция ва АҚШ каби давлатларда эса вирус шиддат билан тарқалишда давом этмоқда.

Эронда сўнгги бир кунда 1192 бемор рўйхатга олинган, 147 киши вафот этган - жами 17361 бемор ва 1135 қурбон.

Испанияда сўнгги бир кунда 2084 бемор рўйхатга олинган, 90 киши вафот этган - жами 13910 бемор ва 623 қурбон.

Германияда сўнгги бир кунда 1935 бемор рўйхатга олинган, 1 киши вафот этган - жами 11302 бемор, 27 қурбон.

АҚШда сўнгги бир кунда 1267 бемор рўйхатга олинган, 8 киши вафот этган - жами 7678 бемор, 117 қурбон.

Францияда 17 март маълумотига кўра, вирус юқтирганлар сони 7730 нафар, 175 киши вафот этган.

Россияда 18 март куни яна 33 кишида вирус аниқланди ва жами беморлар сони 147 нафарга етди.

Марказий Осиё

Бу минтақада вирусдан энг жиддий жабрланган давлат Қозоғистон бўлиб турибди. Қўшни давлатда илк ҳолат 13 март куни тасдиқланганди, айни вақтда вирус юқтирганлар сони 36 нафарга етди.

Айни вақтда Қозоғистон ҳукумати қатъий чоралар қўлламоқда. Коронавирус тарқалиши олдини олиш мақсадида Олмаота шаҳри 22 мартдан тўлиқ ёпилади. Шаҳардан ташқарида яшовчиларга шаҳарни тарк этиш учун 72 соат муҳлат берилган.

Шунингдек, шаҳарда 22 мартдан авиаалоқа ва темир йўл қатновлари тўхтатилади. 

17 март куни шаҳарга ҳарбий техника киритилганди.

Пойтахт Нур-Султонда ҳам карантин чоралари жорий этилган, бу шаҳарга ҳам кириш ва ундан чиқишда чекловлар ўрнатилади.

Бугун Қирғизистонда ҳам вирусга чалинишнинг илк ҳолатлари қайд этилди. Саудия Арабистонидан Умра зиёратидан келган уч кишида вирус аниқланган. Шу муносабат билан Жалолобод вилоятининг Сузоқ туманида ҳамда Ўш шаҳрида фавқулодда ҳолат жорий этилган.

Ўзбекистонда 18 март куни яна 7 кишида вирус аниқланди ва жами беморлар сони 18 нафарга етди.

11 март куни Франциядан Тошкентга келган аёл шу вақтгача 8 кишига - ўғли, қизи, турмуш ўртоғи, набираси, онаси, келини, ҳамкасби ва яна бир қариндошига вирус юқтириб улгурди (9 киши).

- 15 март куни Истанбул–Тошкент йўналишидаги 274-рейс билан келган Ўзбекистон фуқароси  турмуш ўртоғига вирус юқтирган. Шу рейсда келган яна икки йўловчида вирус аниқланган ва улардан бири ўз турмуш ўртоғига ҳам вирус юқтирган (5 киши).

- 14 март куни Лондон–Тошкент йўналишидаги 201-рейс билан келган ўзбекистонда 16 март куни вирус аниқланди, кейинроқ унинг турмуш ўртоғига ҳам вирус юққани маълум бўлди. Шу рейсда учган яна бир кишида вирус аниқланган (3 киши).

- Дубайдан келган бир ўзбекистонликда вирус тасдиқланган (1 киши).

Ҳозирча Тожикистон ва Туркманистонда вирус аниқланмаган.

Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Top