21:23 / 19.03.2020
60042
Президент фармони билан қатор солиқ имтиёзлари берилди

«Коронавирус пандемияси ва глобал инқирозли ҳодисаларнинг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида» президент фармони қабул қилинди.

Фармонга кўра, 2020 йилнинг 1 апрелидан 1 октябрига қадар:

  • якка тартибдаги тадбиркорлар учун ижтимоий солиқнинг энг кам миқдори ойига БҲМнинг 50 фоизига камайтирилади;
  • алкоголь маҳсулотлари билан улгуржи савдо қилувчи корхоналарнинг ажратмалари 5 фоиздан 3 фоизга камайтирилади;
  • алкоголь маҳсулотлари билан чакана савдо қилиш ҳуқуқи учун умумий овқатланиш ташкилотларининг йиғим миқдори белгиланган миқдордан 25 фоизга камайтирилади.

2020 йилнинг 1 апрелидан 1 июлига қадар туристик (меҳмонхона) йиғим ҳисоблаш ва ундириш тўхтатилади.

Қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган ерларни суғоришда фойдаланилган сув ресурсларидан фойдаланганлик учун ҳажмлар бўйича солиқ ставкалари 2020 йилда белгиланган ставкаларнинг 50 фоизига камайтирилади.

Жисмоний шахсларнинг 2019 йил учун йиллик даромадлари тўғрисидаги декларацияни тақдим этиш муддати 2020 йил 1 августгача узайтирилади.

Жисмоний шахсларнинг мол-мулк ва ер солиқларини тўлаш муддати 2020 йил 15 октябргача узайтирилади.

2020 йил 1 апрелдан жисмоний шахсларнинг хайрия ташкилотларидан моддий манфаат кўринишида оладиган даромадлари солиққа тортишдан озод этилади.

Туманлар ва шаҳарлар халқ депутатлари Кенгашларига фаолияти туризм соҳасига бевосита ёки билвосита боғлиқ бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар учун жисмоний шахслар даромад солиғига белгиланган ставкани 30 фоизга камайтириш тавсия қилинди. 

Маҳаллий ҳокимият органлари тадбиркорлик субъектларига мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ тўлаш муддатини фоизларсиз 6 ойга кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) имкониятини тақдим этади. Бунда, ушбу солиқларни кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) солиқ тўловчининг аризаси ва Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳамда Молия вазирлигининг ҳудудий бошқармалари раҳбарларининг хулосалари асосида бошқа ҳужжатларни талаб қилмасдан тақдим этилади.

Фармонда белгиланишича, 2020 йил 1 октябргача:

  • хўжалик юритувчи субъектларга ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтган дебиторлик қарздорликлари учун жарималар қўллаш тўхтатилади;
  • солиқ органлари вақтинча қийинчиликларни бошдан кечираётган хўжалик юритувчи субъектларга мол-мулк, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ тўловлари бўйича пеня ҳисобланишини тўхтатиб туради ҳамда солиқ қарзларини мажбурий ундириш чораларини кўрмайди.

Тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг солиқ текшируви 2021 йил 1 январгача тўхтатиб турилади, жиноят иш доирасида ёки юридик шахс тугатилганлиги муносабати билан ўтказилаётган солиқ текширувлари бундан мустасно.

Top