19:00 / 20.03.2020
68348
Коронавирусга қарши чоралар: Президент фармонида нималар кўзда тутилган?

​​​​​​​20 март куни Ўзбекистон Республикаси президенти «Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонни имзолади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ҳужжат билан ижтимоий-иқтисодий соҳаларда қатор чора-тадбирлар амалга оширилиши белгиланди. Жумладан:

Солиқ соҳасида

  • 2020 йилнинг 1 апрелидан 1 июлига қадар туристик (меҳмонхона) йиғим ҳисоблаш ва ундириш тўхтатилади;
  • Қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган ерларни суғоришда фойдаланилган сув ресурсларидан фойдаланганлик учун ҳажмлар бўйича солиқ ставкалари 2020 йилда белгиланган ставкаларнинг 50 фоизига камайтирилади;
  • Жисмоний шахсларнинг 2019 йил учун йиллик даромадлари тўғрисидаги декларацияни тақдим этиш муддати 2020 йил 1 августгача узайтирилади;
  • Жисмоний шахсларнинг мол-мулк ва ер солиқларини тўлаш муддати 2020 йил 15 октябргача узайтирилади;
  • 2020 йил 1 апрелдан жисмоний шахсларнинг хайрия ташкилотларидан моддий манфаат кўринишида оладиган даромадлари солиққа тортишдан озод этилади;
  • Туманлар ва шаҳарлар халқ депутатлари Кенгашларига фаолияти туризм соҳасига бевосита ёки билвосита боғлиқ бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар учун жисмоний шахслар даромад солиғига белгиланган ставкани 30 фоизга камайтириш тавсия қилинди.
  • Маҳаллий ҳокимият органлари тадбиркорлик субъектларига мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ тўлаш муддатини фоизларсиз 6 ойга кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) имкониятини тақдим этади. Бунда, ушбу солиқларни кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) солиқ тўловчининг аризаси ва Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳамда Молия вазирлигининг ҳудудий бошқармалари раҳбарларининг хулосалари асосида бошқа ҳужжатларни талаб қилмасдан тақдим этилади.

2020 йилнинг 1 апрелидан 1 октябрига қадар:

  • якка тартибдаги тадбиркорлар учун ижтимоий солиқнинг энг кам миқдори ойига БҲМнинг 50 фоизига камайтирилади;
  • алкоголь маҳсулотлари билан улгуржи савдо қилувчи корхоналарнинг ажратмалари 5 фоиздан 3 фоизга камайтирилади;
  • алкоголь маҳсулотлари билан чакана савдо қилиш ҳуқуқи учун умумий овқатланиш ташкилотларининг йиғим миқдори белгиланган миқдордан 25 фоизга камайтирилади.

2020 йил 1 октябргача:

  • хўжалик юритувчи субъектларга ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтган дебиторлик қарздорликлари учун жарималар қўллаш тўхтатилади;
  • солиқ органлари вақтинча қийинчиликларни бошдан кечираётган хўжалик юритувчи субъектларга мол-мулк, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ тўловлари бўйича пеня ҳисобланишини тўхтатиб туради ҳамда солиқ қарзларини мажбурий ундириш чораларини кўрмайди.
  • Тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг солиқ текшируви 2021 йил 1 январгача тўхтатиб турилади, жиноят иш доирасида ёки юридик шахс тугатилганлиги муносабати билан ўтказилаётган солиқ текширувлари бундан мустасно.

Ижтимоий соҳада

  • Коронавирус инфекцияси билан касалланганлиги ёки касаллик юқтирганликда гумонланиб карантинга жойлаштирилган ота-оналарга (уларнинг ўрнини босадиган шахсларга, васийларга оталиққа олганларга), шунингдек уларнинг 14 ёшга тўлмаган фарзандига қараётган шахсларга ўртача иш ҳақининг 100 фоизи миқдорида вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси тўланади;
  • Коронавирус инфекциясини юқтирган ёки карантинга жойлаштирилган фарзанднинг ҳамда 14 ёшга тўлмаган боланинг ота-онаси (унинг ўрнини босувчи шахс, васий, оталиққа олувчи) бўлган ходим билан меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш тақиқланади.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги:

  • 2020 йил 1 апрелдан 14 ёшгача бўлган фарзандлари бор ижтимоий нафақа олувчи оилалар сонини 10 фоизга ошириш, болани икки ёшга тўлгунга қадар боқиш ва моддий ёрдам бериш бўйича чоралар кўради;
  • Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда тиббий, санитария-эпидемиология ва бошқа ходимларга коронавирус инфекциясининг тарқалишига қарши курашиш тадбирларида иштирок этганликлари учун ойлик маошининг 6 фоизи миқдорида кунлик қўшимча тўлов жорий этади;
  • давлат бюджетидан молиялаштириладиган ва фаолияти тўхтатилган мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус ва олий таълим, спорт ва маданият муассасалари ходимларига иш ҳақи ўз вақтида тўланишини таъминлайди;
  • Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда бир ҳафта ичида аҳолига вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик тўғрисидаги ҳужжатларни беришнинг соддалаштирилган тизимини ташкил этиш чораларини кўради.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги бир ҳафта ичида қуйидагилар кўзда тутилган тартибни ишлаб чиқади:

  • мактабгача таълим муассасалари ва умумтаълим мактаблари фаолияти тўхтаб турган даврда тарбияланувчилар ва бошланғич синф ўқувчиларининг ота-оналарига ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларга йиллик меҳнат таътилидан фойдаланишнинг йиллик режасидан қатъи назар йиллик меҳнат таътили (олти ойдан кам ишлаганларга ҳам) тақдим этилади;
  • карантин чоралари даврида иш берувчилар ходимларни, айниқса ҳомиладор аёллар, кексалар, имконияти чекланган ва сурункали касалликларга чалинган шахсларни уларнинг розилиги билан масофадан ишлашга, мослашувчан иш жадвали ёки уйдан туриб ишлашга ўтказишлари мумкин.

Инқирозга қарши жамғармадан Жамоат ишлари жамғармасига қўшимча 200 миллиард сўм ажратилади. Ушбу маблағлар одамларни иш билан таъминлаш, бунинг учун маҳаллаларда қўшимча инфратузилма объектлари қуришга йўналтирилади.

Давлат бюджети ва молия соҳасида

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

  • Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва Инқирозга қарши курашиш жамғармасини молиялаштиришни таъминлаш мақсадида 2020 йилда бюджетни қўллаб-қувватлаш учун халқаро молия институтларининг имтиёзли кредитлари ва бошқа манбалар ҳисобидан 1 млрд АҚШ доллари миқдоригача ташқи қарз маблағларини, шунингдек, иқтисодиётнинг реал сектори корхоналари, экспорт қилувчилар ва тижорат банкларини қўллаб-қувватлаш бўйича чора-тадбирларни молиялаштириш учун қўшимча маблағларни жалб қилиш чораларини кўради;
  • икки ҳафта муддатда солиқ ва божхона маъмурчилигини такомиллаштириш орқали ишга солинмаган захираларни излаб топиш, ҳисобланган солиқлар тўлиқ тўланишини таъминлаш, «яширин» иқтисодиётни қисқартириш ҳамда солиқ ва божхона маъмурчилигининг янги самарали шаклларини жорий этиш бўйича комплекс чора-тадбирларни тасдиқлайди.
  • Шунингдек, пул-кредит сиёсати инструментларидан фаол фойдаланиш ҳисобига пул бозорига ҳар ойда умумий суммаси 1 трлн сўмгача ликвидлик тақдим этилади;
  • банкоматлар етарли миқдордаги нақд пул маблағлари билан узлуксиз таъминланади;
  • масофавий банк хизматлари ривожлантирилади.

Тижорат банклари томонидан:

  • туристик операторларга, меҳмонхона бизнеси субъектларига, транспорт-логистика компанияларига ва туризм тармоғининг бошқа корхоналарига, шунингдек, ташқи савдо операцияларига жорий этилган чекловлар туфайли молиявий қийинчиликларга дуч келган хўжалик юритувчи субъектларга ажратилган кредитлар бўйича умумий суммаси 5 трлн сўмлик қарздорликларни тўлаш бўйича кечиктириш (жарима санкцияларини ҳисобламаган ҳолда) 2020 йил 1 октябрга қадар узайтирилади;
  • хусусий тадбиркорлик корхоналарига тақдим этилган айланма маблағларни тўлдириш учун, шу жумладан, истеъмол бозорини энг зарур товарлар билан тўлдириш учун қайта тикланадиган револьвер кредитлар ажратилади.
Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top