20:53 / 21.03.2020
6501
Бугунги кунда Алиэкспрессдан маҳсулот буюртма қилиш мумкинми?

Бугун ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири ўринбосари Қаҳрамон Юлдашев иштирокида брифинг бўлиб ўтди.

Фото: SOPA Images

Вазир ўринбосари брифинг давомида кўпчиликни қизиқтирган қатор саволларга жавоб қайтарди. Қаҳрамон Юлдашев жумладан, Алиэкспресс онлайн платформасидан маҳсулот буюртма қилиш бўйича саволга жавоб берди.

“Ҳа, мумкин. Хитой ҳукумати комиссиясининг қарорига биноан 4 февралдан 4 мартгача почта жўнатмаларини жўнатиш тақиқланган эди. Ҳозирги вақтда эса Хитой билан почта алмашинуви Қозоғистон орқали ер усти транспорти орқали амалга оширилмоқда. Алиэкспресс орқали буюртма қилинган почта жўнатмалари, етказиб бериш вақтида бироз кечикиш мумкин. Бир қатор мамлакатларда парвозларнинг бекор қилиниши муносабати билан почта орқали асосан ер усти транспорти орқали амалга оширилмокда”, деди вазир ўринбосари. 

Унинг маълумот беришича, "Ўзбекистон почтаси" ва "Қозоғистон почтаси" ўртасида Хитой Халқ Республикасидан почта жўнатмаларини (жумладан Алиэкспресс буюртмаларини) юк машиналари орқали Қозоғистон орқали транзит қилиш тўғрисида келишувга эришилди.

“Почта жўнатмалари ва уларни жўнатиш санитария-эпидемиология стандартларига мувофиқ амалга оширилади, шунинг учун қабул қилувчиларни ташвишга соладиган ҳеч қандай сабаб йўқ”, деди Қаҳрамон Юлдашев.

У шунингдек, халқаро почта жўнатмалари билан боғлиқ вазият бўйича ҳам маълумот берди.

Вазир ўринбосарининг сўзларига кўра, 20 мартдан бошлаб Австрия, Бельгия, Болгария, Венгрия, Англия, Греция, Германия, Дания, Италия, Ирландия, Испания, Кипр, Люксембург, Латвия, Мальта, Нидерландия, Португалия, Польша, Руминия, Словения, Словакия, Франция, Финляндия, Хорватия, Чехия, Швеция, Эстония, Украина, Хитой, Литва, Беларусь, Қозоғистон, Туркманистон, Россия каби давлатлар почта алоқалари тўлиқ тикланди. Бунда почта ер усти транспорти билан Қозоғистонга етказилади ва кейин Европа ва Хитойга жўнатилади. 

“Транспорт алоқалари тикланишига қараб ушбу давлатлар рўйхатига ўзгартириш киритиб борилади. Киритилган ўзгаришлар ҳақидаги хабарлар маълум қилиб борилади”, деди Юлдашев.

Top