23:19 / 04.04.2020
28044
Фарғона вилояти ҳокимига янги биринчи ўринбосар тайинланди

Марғилон шаҳрининг собиқ ҳокими Мирзоҳид Убайдуллаев Фарғона вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосарига айланди.

«Фарғона вилояти ҳокими Ш.Ғаниевнинг 2020 йил 4 апрелдаги қарори билан Мирзоҳид Муродилович Убайдуллаев Фарғона вилояти ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари – вилоят иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бош бошқармаси бошлиғи этиб тайинланди», дейилади вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабарида.

Мирзоҳид Убайдуллаев

Мирзоҳид Убайдуллаев янги лавозимда Фарҳод Тошпўлатов ўрнида иш бошлайди.

2019 йил мартидан буён Фарғона вилояти ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келган Фарҳод Тошпўлатов Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигида иш бошлаши кутилмоқда.

Бундан аввалроқ Мирзоҳид Убайдуллаев Марғилон шаҳри ҳокими лавозимидан озод этилгани ва унинг ўрнига Қувасой шаҳрининг собиқ ҳокими Адҳамжон Зиёвуддинов тайинлангани хабар қилинганди. Қувасой шаҳрига эса Фарғона вилояти уй-жой ва коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси бошлиғи вазифасида фаолият юритган Равшан Раҳимжонов янги раҳбар этиб тайинланган. Бугун шунингдек, Данғара туманида янги ҳоким иш бошлади - Ёзёвон тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари Шуҳратжон Тожиҳакимов туманнинг янги раҳбарига айланди.

Top