18:58 / 04.04.2020
39564
ССВ: Ўзбекистонда коронавирусдан зарарланганлар орасида ёши 60дан юқори бўлганлар сони 18 нафар

Коронавирусга чалинган 263 нафар фуқародан 102 нафари хорижда бўлган, 161 нафари эса улар билан мулоқотда бўлиш оқибатида вирус юқтирган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ўзбекистондаги коронавирус беморлари бўйича қўшимча маълумотларни маълум қилди.

Маълум қилинишича, беморларнинг 120 нафари эркак, 143 нафари аёллар бўлса, шундан 13 нафари вояга етмаган болалардир. 

Беморларнинг ёш жиҳатидан таснифи қуйидагича:  

0-9 ёшгача – 8 нафар; 
10-19 ёшгача – 10 нафар; 
20-29 ёшгача – 51 нафар; 
30-39 ёшгача – 63 нафар (1 киши вафот этган); 
40-49 ёшгача – 73 нафар; 
50-59 ёшгача – 40 нафар; 
60-69 ёшгача – 13 нафар; 
70-79 ёшгача – 5 нафар (1 киши вафот этган).

Ҳозирга қадар хорижда бўлиб, коронавирус инфекцияси тасдиқланган фуқаролар сони 102 нафарни ташкил этмоқда. Улар Франция (2), Туркия (45), Россия (46), Буюк Британия (5), БАА (2), Саудия Арабистони (1) ҳамда Швейцария (1) каби давлатларда бўлиб қайтган. 

161 нафар фуқаро эса улар билан мулоқотда бўлгани учун юқтириб олишган. 

Айни пайтда коронавирус инфекцияси билан касалланганларнинг 146 нафари Тошкент шаҳрида, 27 нафари Фарғона вилоятида, 28 нафари Наманган вилоятида, 30 нафари Андижон вилоятида, 14 нафари Бухоро вилоятида, 13 нафари Хоразм вилоятида, 3 нафари Қашқадарё вилоятида ва 2 нафари Навоий вилоятидаги юқумли касалликларга ихтисослашган шифохоналарда даволанишмоқда.

«Барча беморларга шифокорлар томонидан Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг тавсиялари, халқаро тажриба ва белгиланган стандартлар асосида даволаш муолажалари олиб борилмоқда. Шу кунгача 25 нафар бемор ушбу касалликдан бутунлай соғайди. 

Эслатиб ўтамиз, Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасадди вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда эпидемиологик суриштирув ҳамда COVID-19 инфекциясининг тарқалиб кетмаслиги учун барча зарур профилактик чора-тадбирларни амалга оширмоқда», дейилади Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими раҳбари Фурқат Санаевнинг телеграм канали хабарида.

Эслатиб ўтамиз, Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирус ташхиси қўйилган беморларнинг эпидемиологик маршрути билан танишиш имконини тақдим этди.

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top