23:05 / 10.04.2020
67739
«Хотиржам бўлишга ҳали эрта» – карантиндан очилган Уҳандаги вазият ҳақида

23 январда бошланган 76 кунлик ташқи дунёдан узилишдан сўнг, коронавирус пандемияси ўчоғи Уҳан шаҳрида ҳаракатланиш учун расмий тақиқ олиб ташланди. Шунинг билан дунёдаги энг катта оммавий карантин тартиби 7 апрелда бекор қилинди.

Фото: REUTERS/Aly Song

Ғарб давлатлари ҳали вирус оқибатлари билан курашаётган бир пайтда, Уҳаннинг очилиши – президент Си Цзиньпиннинг эрта ғалаба қилиш режасидаги муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.

Уҳандаги 11 миллион аҳолининг кўпчилиги учун шаҳарнинг очилиши – бу шаҳар учун жиддий иқтисодий стрессни бартараф этиш ҳаракатлари бошланишини англатади. Шунингдек, аҳоли вируснинг иккинчи тўлқини бошланишидан хавотирда, деб ёзмоқда Financial Times нашри.

«Ҳали хотиржам бўлишга асос йўқ...»

Шунинг учун гарчи кўчаларда ҳаракат бошланган бўлса-да, кўплаб бизнеслар ҳали очилмаган. Кўплаб яшаш манзилларидаги тўсиқлар ҳануз олиб ташланмаган, бу ҳам эркин ҳаракат чекланишига сабаб бўлмоқда.

Бундан ташқари, қанчалаб одамлар Уҳанни тарк этиш учун рухсатнома олишни кутишмоқда, лекин улар борадиган манзилларида ҳам карантинга олинишади. Маҳаллий аҳоли эса жуда кўп одамнинг кўчаларда юриши кутилмаган тарзда яна вирус тарқалиб кетишига сабаб бўлиши мумкинлигидан хавотирланмоқда.

«Ҳали хотиржам бўлишга асос йўқ. Касаллик ҳукумат бутун халқнинг тиббий ресурсларини Уҳанга йўналтиргани учунгина жиловланди. Бироқ биз коронавируснинг иккинчи тўлқинига дош беролмаймиз», – дейди инқироз даврида Уҳанда бўлган академик Люси Чжан.

Уҳан мамлакатдан 23 январь куни ажратилган эди. Сал кейинроқ эса Ҳубей провинциясининг шаҳарлари ҳам ёпиб қўйилди. Умумий ҳисобда, карантин давомида 60 миллион одам «асирликда» сақланганди.

Гарчи Ҳубей провинцияси 25 мартда очилган бўлса-да, Уҳан эркин ҳаракат учун куни 7 апрелгача ёпиқ эди.

АҚШ, Италия ва Испанияда коронавирусни жиловлаш борасида жиддий кураш кетаётган бир пайтда, Уҳандаги вазият Хитой ОАВ томонидан мамлакатнинг муваффақияти сифатида талқин қилинмоқда.

Шаҳар очилган кун тонгида кўчалар машиналар сигналларига тўлиб кетди. Шаҳар теварагида ҳам одамларнинг тана ҳарорати ўлчаш тўхтатилгандан сўнг транспорт қатнови 10 баробарга кўпайган.

Ҳақиқий ғалабага ҳали бор...

Уҳанда одамлар шаҳар очилганидан хурсанд, лекин ҳақиқий ғалабага ҳали анча бор.

Уҳаннинг марказий қисми – Ҳонкоу коронавирус тарқаган энг биринчи манзил сифатида ном қозонган ва ҳануз бу ерда истиқомат қилувчилар қаттиқ назорат остида. Шу ерда жойлашган қатор кўпқаватли уйлар одамларнинг кириш-чиқишига йўл бермайдиган вақтинчалик баланд деворлар билан ўралган.

Чунки маҳаллий ҳукумат назоратнинг бекор қилиниши билан  коронавирус симптомлари кузатилмайдиган ташувчилар касаллик тарқатиши эҳтимолидан хавотирда. Шунинг учун ҳам ҳозир Уҳанда бирор жамоа орасида кимдадир коронавирус аломатлари сезиладиган бўлса, ўша жамоани тарк этиш мумкин эмас.

Касаллик юқтириб олиш эҳтимоли кўпчиликни ҳалиям уйда ўтиришга мажбур қилмоқда. Кўчага чиқаётганлар ҳам ўта эҳтиёткорлик билан ҳаракатланишаётгани ҳақида айтишмоқда.

«Мен ҳануз савдо марказларига бора олмаяпман. Чунки у ерларда касалликни ўзи билмаган ҳолда юқтираётганлар бўлиши эҳтимоли йўқ эмас.

Тасаввур қилинг: сиз оғир касалликдан тузалдингиз ва бирданига кўп еб-ичолмайсиз. Нормал ҳаётга қайтиш учун балансни ушлаш керак. Мана шу Уҳан бошидан кечириши керак бўлган тажриба», – дейди Уҳанда савдо соҳасида ишловчи Жек Мао.

Ҳукуматдан норозилар ҳам йўқ эмас

Вируснинг тўсатдан пайдо бўлиши ва унинг бирданига бошқа провинцияларга тарқаб кетиши ўн минглаб одамларни уйларига қамаб қўйди. Кўпчилик бу тутқунликка ўзларини ўргатиш учун ҳам қийналишди. Айни пайтда эса ҳаммаси изига қайтиши учун ҳаракат қилинмоқда.

Шунингдек, ҳукуматдан норозилар ҳам етарлича. Масалан, 39 ёшли савдо бошқарувчиси Ли Хиужуан ҳукуматнинг иқтисодий инқирозга секин реакция қилгани унга қимматга тушаётганини айтмоқда.

«Мен 2 ойлик даромадимни йўқотдим ва оилам билан ҳам бирга бўла олмадим. Ҳукумат эса менга ҳатто конпенсация сифатида уйга кетиш билетимни ҳам олиб бермади», – дейди Уҳандан Чангшага ўз ҳудудига кетаётган Ли Хиужуан.

Ҳозир Хитойнинг баъзи шаҳарларига, масалан Хангжоу ва Гуанжоуга қайтиш учун Уҳандан келаётган одам аввал коронавирус учун тест топшириши керак. Бу анча вақт талаб қилади, қолаверса бу камбағал оилалар учун анча қимматлик қилади. Пекинга қайтишни умид қилганлар эса карантин зоналарида ушлаб турилмоқда, бу эса, айримларнинг фикрича, шунчаки Уҳанда қолишдан ҳам ёмонроқ вариант.

Пекинда жойлашган электрон тижорат компанияси дастурчиси Никки Ху ҳам январда ота-онасини кўриш учун келганидан бери Уҳанда қолиб кетган. У Пекинга қайтмоқчи бўлган, бироқ пойтахт маъмурияти агар у шаҳарга келадиган бўлса, махсус ташкил қилинган карантинда яна 14 кун бўлиши лозимлигини билдирган.

«Бироқ мен Пекинга бориб яна карантинга олинишдан уйда, Уҳанда бўлишни афзалроқ биламан», – дейди Никки Ху хоним.

Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Top