23:09 / 14.04.2020
67269
У қиролми ёки президент? Трампнинг пандемия давридаги энг можароли матбуот анжумани ҳақида

АҚШда коронавирус юқтирганлар сони дақиқа сайин ошиб бормоқда. Океанортида касалликка чалиниш оқибатида вафот этганлар сони 25 мингдан ошиб кетди. Бундай мураккаб даврда мамлакат президенти Дональд Трампнинг ўзини тутиши эса, очиғини айтганда, америкаликларнинг ғашига тегмоқда. Айниқса унинг матбуот анжуманларидаги чиқишлари...

Фото: AFP

Британиянинг ВВС нашри таҳлилчиси Жон Спел Дональд Трамп иштирокидаги сўнгги матбуот анжумани ҳақида мулоҳазаларини билдирди. Қуйида Жон Спелнинг шу борадаги мақоласи айнан келтирилади.

1998 йил Билл Клинтоннинг Моника Левински билан севги қиссаси ҳақидаги миш-мишлар муносабати билан ўтказилган брифингда қатнашганман. Трамп мени ҳақорат қилган 2018 йилги матбуот анжуманида ҳам табиийки бор эдим.

Трамп АҚШ разведкаси маълумотларига эмас, Владимир Путиннинг сўзларига ишонган Ҳелсинкидаги учрашувда ҳам бўлганман. Трамп ва Ким Чен Иннинг учрашувидан кейинги матбуот анжуманида қатнашиш ҳам насиб қилган. Хуллас, кўплаб катта учрашувларда иштирок этганман, аммо душанба куни кечаси Оқ уйдаги 2 соат-у 24 дақиқа давом этган матбуот анжумани мен қатнашган энг ҳайратланарлиси бўлди...

Кечаги матбуот анжуманида мен Дональд Трамп билан уч йил ишлаган журналист сифатида у ҳақида маълум хулосалар чиқардим.

Ярим миллион америкаликка юқиб, 23 мингдан ортиқ америкаликнинг умрига зомин бўлган коронавирус (13 апрель маълумоти, айни вақтда қурбонлар сони ошган – таҳр.) АҚШда тобора кенг тарқалаётган бугунги кунда Дональд Трампнинг март ойида «Ҳаммаси яхши бўлади, АҚШда инфекция юқтирганлар унчалик кўп эмас, тез орада бирорта касалланган қолмайди», деган гапларини тез-тез эслайман.

Нью-Йоркдаги мослаштирилган ўликхона / Getty Images

Кечаги матбуот анжуманида Трамп касалланганлар, вафот этганлар ёки оғир аҳволдагилар ҳақида эмас, фақат ва фақат ўзи ҳақида гапирарди! Трамп ОАВ унинг коронавирусга қарши сиёсатини нотўғри ёритаётганидан нолишга ҳам улгурди.

У матбуот анжуманидан кейин бизга бир видео кўрсатди. Гапларимга шубҳаланаётган бўлсангиз, ўша роликни томоша қилинг. Матбуот анжуманини телевизорда томоша қилган бўлсангиз, ўша ролик ҳам кўрсатилган. Бу видео Оқ уй вакиллари томонидан ишланган бўлса-да, кўпроқ сайловолди дастурларда ишлатиладиган роликларга ўхшарди. Агар у фильм бўлганида, зўр ном топиб қўйгандим: «Коронавирус: нега Дональд Трамп яхши, газеталар эса ёмон».

Ўша роликда кўрсатилган журналистлардан бири матбуот анжумани тугаши билан унинг гаплари контекстдан юлиб олинганини айтди. Трамп видео бошланишида хафадек кўринганди, аммо кейин заҳарханда билан бизга қўлини бигиз қилиб, мазах қилгандай ёйилиб кулди. Бу билан «Қандайсиз энди, омадсизлар», дегандек бўлди гўё.

Трамп берилган ҳар қандай танқидий саволдан кейин асабийлашарди. Масалан, у январда Хитойдан келаётган барча рейсларни тўхтатгани кўплаб америкаликларнинг ҳаётини сақлаб қолганини айтганида SBC журналисти Поли Рид бу қанчалик қатъий ҳаракат бўлмасин, февралда унинг ҳеч қандай самараси кўринмаганини айтди. Трамп эса бу оддий саволга қизишиб, журналистни «фейк», унинг телеканалини эса «шарманда» деб атади.

Унга журналистлар ёқмаслиги аниқ. Аммо президент саволларга эринмай 1,5 соат жавоб берди. Трамп бизни ёқтирмаса-да, жараёндан завқланаётгани кўринарди.

Демак, матбуот анжуманларидаги тажрибамга қайтамиз. Бундай катта анжуманларда битта бўлса ҳам савол бериб қолиш омаднинг ўзгинаси, мен сизга айтсам. Одатда бунга улгурмайсиз ҳам. Кечаги анжуманда эса мен нақ бешта савол бердим. Дарвоқе, Трамп саволларимдан бирини «жуда яхши» деб атади (қанчалик ажойибман-а). Ҳа, Трамп мулоқотни яхши кўради.

У ҳар бир жавобга эринмай жавоб беради / Getty Images

У мен кўрган сиёсатчилар ичида мулоқот учун энг очиғи. Бунақа инсон кимга ёқмаслиги мумкин? У анжуман бутун мамлакатга ва дунёга трансляция қилинаётганини билиб туриб барча саволларга эринмай жавоб берди. Трампнинг ҳамма саволга ҳижжалаб жавоб бериши ҳар бир чиқиши қизғин олқишланадиган кўп йиллик мусиқа гуруҳининг якуний концертига ўхшарди. Трампнинг ўзини тутишидан шундай хулоса қилиш мумкин: у ўзини яхши кўришларини хоҳлайди ва уни қандай қилиб яхши кўрмаслик мумкинлигини тушунмайди.

Президентнинг коронавирус мавзусидаги чиқишларига қайтсак. Трампнинг бу галги душмани олдингиларига ўхшамайди, унинг юзи йўқ, уни ҳақорат қилиб бўлмайди. Худди сайловдаги рақибларини «ёлғончи Тед» (Тед Круз), «уйқучи Жо» (Жо Байден), «болакай Рубио» (Марко Рубио) деб атагандек. Коронавирусни мазах қилишдан маъни йўқ. У ўзини қандай аташларига тупурган.

Трамп президентликка келгунига қадар ҳамма унинг айтганини қиладиган оилавий бизнесни бошқарган. Кечаги матбуот анжуманида у АҚШни ҳам шу тарзда бошқармоқчи бўлаётгандек кўринди. Трамп мамлакатда тезроқ ишлаб чиқариш корхоналарини очиш ҳақида ўйлаётганини айтди. Бунинг имкони бормикин? Ахир бу губернаторларнинг ваколатига кирмайдими?

Маълумот учун, АҚШда федерал конституция амалда. Яъни, ҳудудлар бирор масалада мустақил қарор қабул қилиши мумкин.

Матбуот анжуманида эса Трамп ҳаммасини ўзи ҳал қилажагини кўрсатаётгандек бўлди. Президент олтита ҳудудни ижтимоий масофани сақлаш бўйича талабни жорий этишга кўндира олмаётганини айтганди. Олтита ҳудудда бир тартибни ўзгартира олмаётган президент қандай қилиб карантинни бекор қиларкин?

Матбуот анжуманидан сўнг Нью-Йорк мэри Эндрю Куомо шундай деди: «Конституцияда бизда қирол йўқ дейилган. «Мен бутун мамлакат устида ҳукмронлик қила оламан, чунки мен президентман», дейиш – ҳаддан ошишдан бошқа нарса эмас. Бу қиролларга хос одат. Бизда Жорж Вашингтон деган қирол бўлмаган, президент Жорж Вашингтон бўлган».

Аммо оилавий бизнесни бошқариб юрган одам учун ҳаммаси бошқачага ўхшайди.

Матбуот анжуманидан чиқиб унда нималар бўлганини яна бир бор ўйлаб олдим. Менимча, Трампнинг ОАВни ёмон кўриши сайловчиларга бошидан ёққан.

Айтганча, кеча Оқ уйга киришда ҳамманинг тана ҳарорати текшириб кўрилди. Матбуот анжумани залига киришдан аввал яна текширишди. Яхшиям қон босимни ўлчашмади. Аминманки, матбуот анжумани давомида кўпчиликнинг қон босими ошиб кетган...

Жон Сопел. ВВС таҳлилчиси

Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Top