19:39 / 21.04.2020
32153
Ўзбекистонда бир кунда қарийб 100 нафар бемор соғайди

Тошкент шаҳридаги Вирусология илмий-текшириш институти клиникасида коронавирус инфекциясига чалинган беморлардан яна 13 нафари буткул соғайди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими раҳбари Фурқат Санаевнинг телеграм каналида хабар қилинди.

«Аввал ҳам айтганимиздек, дарддан фориғ бўлаётган инсонлар қувончи коронавирус пандемияси билан курашаётган шифокорларга куч-ғайрат бағишламоқда. Бу каби хушхабарлар эса дунёни таҳликага солаётган коронавирус инфекцияси билан самарали курашиш мумкинлиги, ҳатто, ғолиб бўлиш имкони борлигини кўрсатмоқда. Қаҳрамон шифокорларимиз эса ушбу вазифани шараф билан бажаришаётганига гувоҳ бўлиб турибмиз.

Пойтахтимиздаги Вирусология илмий-текшириш институти клиникасида коронавирус инфекциясига чалинган беморлардан яна 13 нафари буткул соғайди. Улар Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъуллари иштирокида Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт марказига кузатилди.

Соғайган беморларнинг 3 нафари эркак, 10 нафари аёллардир. Улардан 11 нафари пойтахтимиздан, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларидан 1 нафардан. Беморлардан 1 нафари чартер рейсда Туркиядан Тошкентга келган. Қолган 12 нафари коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, инфекция юқтириб олган. Улар орасида энг ёши каттаси 71 ёшда бўлса, энг ёши кичиги эса 2019 йилда туғилган. Самарали даволаш муолажаларидан кейин, сўнгги текширувлар уларда инфекция йўқлигини кўрсатди.

Илк коронавирус инфекциясига чалинганларни қабул қилган мазкур клиника жамоаси бирдамлиги, маҳорати ва тажрибаси беморларнинг соғайишида ҳал қилувчи рол ўйнаганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Қувонарли жиҳати, бугун мамлакатимизда айни пайтга қадар коронавирус инфекциясига чалинганлар сонига нисбатан ушбу касалликдан соғайганлар кўрсаткичи кескин ошиб, 96 нафарга етди.

Шундай қилиб, айни пайтга қадар мамлакатимиз бўйлаб коронавирус инфекциясидан бутунлай соғайган беморлар бугун, аввалги кунларга нисбатан энг юқори кўрсаткични қайд этган ҳолда, уларнинг сони шу кунгача 357 нафарни ташкил этмоқда», дейилади хабарда.

Бугун кун давомида Андижон вилоятида 8, Фарғона вилоятида 5, Бухоро вилоятида 15, Хоразм вилоятида 4 нафар, Наманган вилоятида 20 нафар, Тошкент шаҳридаги  Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти клиникаси 21 нафар, Тошкент тиббиёт академияси кўп тармоқли клиникасида эса 10 нафар соғайгани ҳақида хабарлар берилганди.

Сўнгги маълумотларга кўра, Ўзбекистонда коронавирусдан зарарланиш ҳолатлари сони 1657тага етган, 6 бемор вафот этган.

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top