23:59 / 29.04.2020
5229
Эркакларнинг коронавирусдан ўлим даражаси аёлларга нисбатан 2,5 баравар юқори эканлиги аниқланди 

Хитойлик олимларнинг янги тадқиқотларига кўра, эркак ва аёлларнинг коронавирусга чалиниш даражаси бир хил, аммо касаллик эркакларда оғирроқ кечади ва уларда аёлларга нисбатан ўлим кўпроқ юз беради.  

Фото: AP

Январь бошларидаёқ хитойлик шифокорлар коронавирус юқтирганлар орасида эркакларнинг аёлларга нисбатан кўпроқ эканлигига эътибор қаратишганди. Улар 1100 нафар беморнинг клиник маълумотларини ўрганиб чиқишди ва 2003 йилда SARS коронавирусига чалинган 524 кишининг маълумотлари билан солиштириб чиқишди.  

Дастлабки хулосада сурункали касалликлари бўлган кекса ёшдагилар орасида ўлим даражаси юқори бўлиши тасдиқланди. SARS-CoV-2 коронавирусига чалинган эркак ва аёлларнинг ёши бир хил эди, аммо эркакларда касаллик оғир кечиши кузатилди.

Қайд этилишича, касаллик эркакларнинг ёшидан қатъи назар уларда оғир кечган.

Навбатдаги таҳлил эркаклар орасида ўлим даражаси аёлларга нисбатан 2,5 баравар юқори эканлигини кўрсатди.

Олимлар натижаларни SARS эпидемияси билан солиштириб кўриб, ўхшаш ҳолатни аниқлади.

«Бу натижалар ҳозирча дастлабки характерга эга, аммо коронавирус эркаклар учун нисбатан хатарли деб ҳисоблаш имконини беради», — дейилади тадқиқот хулосасида.

Ушбу хулоса Франция, Германия, Жанубий Корея ва Эрондаги беморларнинг клиник маълумотлари орқали ҳам тасдиқланган. Бу давлатларда коронавирусдан вафот этган эркаклар сони аёлларга нисбатан икки бараварга кўпроқни ташкил этади.

 

Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Top