21:55 / 27.05.2020
10150
Шомуродов Осиёнинг энг қимматбаҳо футболчилари топ-20талик рўйхатидан жой олди

«Россия Премьер-лигасидаги осиёлик икки легионер ҳужумчи – Сардор Озмун ва Элдор Шомуродовда Европанинг кучли бешлик чемпионатларига йўл олиш учун яхши имконият бор. Икки форвард ҳам Россияда ўзини кўрсата олди, трансфер баҳоси ҳам ўсди. Бу тўпурарлар Осиёнинг энг қимматбаҳо футболчилари топ-20талигидан жой олган», - дея ёзади «Sportbox» сайти.

«Зенит»нинг етакчиларидан бири саналмиш Озмуннинг Санкт-Петербургда фаолият бошлаганидан кейинги трансфер баҳоси 9 миллиондан 18 миллион еврогача кўтарилди. Коронавирус пандемияси сабабли эса барча қатори пастлаб – 14,5 миллион еврони ташкил этмоқда. Шу нархда ҳам эронлик форвард Transfermarkt’га кўра, Осиёнинг энг қимматбаҳо футболчилари рўйхатида 3-ўриндан жой олган.

24 ёшли ўзбекистонлик ҳужумчи Элдор Шомуродовнинг трансфер баҳоси эса 5,2 миллион еврони ташкил этиб, Осиёнинг энг қимматбаҳо футболчилари рейтингида 18-ўриндан жой олган. «Ростов» голеадори Россияга келганида 750 минг евро нархланган бўлса, пандемиядан олдин 6 миллион еврогача баҳоланди. 

Осиёнинг энг қиммат футболчиси дея Сон Хён Мин саналади. «Тоттенҳэм» клуби ҳужумчисининг трансфер баҳоси 64 миллион еврони ташкил этган. 2-ўриндан «Порту»нинг япониялик яримҳимоячиси Сёя Накадзима (16 млн) жой олган. Осиё – трансфер нархи бўйича Россия Премьер-лигаси вакиллари топ-20ликдан жой олган ягона қитъа», - дейилади манбада.

Маълумот учун, Элдор Шомуродов 5,2 миллион евро трансфер баҳоси билан Ўзбекистоннинг энг қимматбаҳо футболчиси саналади.

Top