19:45 / 07.06.2020
24504
Флойднинг ўлими: АҚШга янги полиция тизими керакми?

Анъанавий полиция кучлари диққат марказида бўлиб турган АҚШда эски тизимни тугатиш орқали зўравонликларнинг олдини оладиган, жамоатчилик асосида хизмат кўрсатадиган ва жамоат хавфсизлигини таъминловчи янги тизимни яратиш бўйича муҳокамалар бошланиб кетди.

Фото: EPA/Vostock-photo

Намойишлари бошланганига 12 кун бўлди, аммо…

Афроамерикалик Жорж Флойд полиция зўравонлиги туфайли вафот этганидан сўнг Америкада бошланган норозиликлар бутун мамлакат бўйлаб тарқалиб, полициянинг молиявий ресурсларини қисқартириш ва ҳатто тугатиш ҳақидаги мунозараларни кун тартибига олиб чиқди.

Норозиликлар бошланганига қарийб 2 ҳафта бўлди. Аммо тинч намойишлар пайтида ҳам камераларга полиция зўравонлиги тез-тез тушиб қолаётгани жамоатчиликнинг полицияга нисбатан ғазабини янада кучайтирмоқда.

Хусусан, Флойднинг ўлдирилиши ортидан давом этаётган намойишчиларга шафқатсиз муносабатда бўлиниши, айниқса, Нью-Йоркнинг Буффало шаҳрида икки нафар полиция ходими 75 ёшли фаолни итариб йиқитгани ва унинг яраланишига сабаб бўлгани полиция бўлимларининг нечоғлик кераклиги хусусидаги масалани ўртага чиқарди.

Баҳслар мундарижасида нималар бор?

Намойишчиларнинг полиция зўравонлигига қарши ислоҳотларни талаб қилишлари мундарижасида полиция идораларини қисқартириш ва ҳатто бутунлай тугатиш ҳақидаги мунозаралар ҳам бор.

Бугунги кунда АҚШда полициячилар, биринчи навбатда, уйсизлик, гиёҳвандлик ва руҳий касаллик каби муаммолар билан шуғулланмоқда. Шу боис айримлар бундай ижтимоий муаммолар учун ажратилган бюджетни полицияга эмас, ижтимоий хизматларга ўтказиш мумкинлигини таъкидламоқда.

Ким қандай ислоҳот тарафдори?

Полицияни ислоҳ қилиш йўлидаги илк чақириқлар Флойд вафот этган Миннесота штатидаги Миннеаполис шаҳрида янгради. Шундан сўнг Миннеаполис маъмурияти «ҳибсга олиш пайтида полиция томонидан гумонланувчининг бўйнидан сиқиш амалиётини тақиқлаш» тўғрисида қарор қабул қилди.

Миннеаполис шаҳар кенгашининг баъзи аъзолари «полиция бўлимини тугатиш орқали жамоат хавфсизлигини таъминловчи» янги моделни таклиф қилишмоқда.

Миннесота штати Демократик вакиллар палатаси аъзоси Илҳан Умар ҳам полиция бўлимини тугатиш ҳақидаги таклифни қўллаб-қувватламоқда.

Миннеаполис мэри Жейкоб Фрей эса полицияни бутунлай йўқ қилиш ҳақидаги фикларни ёқламаяпти. Шу билан бирга, ислоҳотлар тарафдори эканлигини таъкидлаяпти.

6 июнь куни Миннеаполисда бўлиб ўтган намойишнинг минглаб иштирокчилари эса «полиция тизимининг молия бўлимини тугатиш» кераклигига урғу берди.

Трамп қандай фикрда?

Лос-Анжелес мэри Эрик Гаретти полиция бўлимига ажратилган бюджетдан 150 миллион доллар қисқартирилишини маълум қилди. Сиэтл полиция бошқармаси эса кўздан ёш оқизувчи газдан фойдаланишни 30 кунга тақиқлаб қўйди.

Нью-Йоркда полиция бўлимининг 6 миллиард долларлик бюджетидан уйсизларга, ижарада турувчиларга ёрдам берилиши, маблағлар, шунингдек, ёшларга оид дастурларга йўналтирилиши, полициячилар сони эса аста-секин камайтирилиши айтилмоқда.

Айни пайтда, масаланинг бошқа томони, яъни полицияга ажратилган бюджетни қисқартириш ва ходимлар сонини камайтириш жиноятчилик даражасининг ошишига сабаб бўладими ёки йўқми, деган савол ҳам қизғин муҳокама қилинмоқда.

Намойишчиларга қарши янада кескин чоралар кўриши кераклиги ҳақида баёнот берган Дональд Трамп эса ҳуқуқни муҳофаза қилиш ходимларига янада кўпроқ бюджет ажратиш керак, деган фикрда.

Намойишлар қачонгача давом этади?

Таъкидлаш жоизки, токи Трамп Флойднинг ўлимига ва ўтказилаётган намойишларга нисбатан ўз танқидий муносабатини ўзгартирмагунча, шунингдек, намойишларни полиция ва миллий гвардия кучидан фойдаланган ҳолда бостириш фикридан воз кечмагунча норозиликлар давом этиши кутилмоқда.

Мавзу
Миннеаполисдаги намойишлар
25 май куни Миннеаполисда полиция томонидан қўлга олинган 46 ёшли афроамерикалик Жорж Флойд вафот этгач АҚШда оммавий намойишлар бошланиб кетди.
Барчаси
Top