23:28 / 02.07.2020
31283
Автосалондан нуқсонли ҳолда сотилган «Ласетти» янгисига алмаштириб бериладими?

Шаҳрисабз туманида яшовчи Жамшид Имомов шу йил 8 майда Тошкент шаҳри Сирғали туманида жойлашган «DRIVER`S VILLAGE» автосалонидан харид қилган «Ласетти» автомобили «брак» чиққан. Машина ҳозирча янгисига алмаштириб берилмаган.

Фото: GM Uzbekistan

Икки ой олдин автосалондан янги «Cobalt» сотиб олиб, бўёғи сифатсиз чиққани учун анча ғавғо орттирган харидор мурожаати Kun.uz`да эълон қилинган ва кўп ўтмай автомашина янгисига алмаштирилганди.

Таҳририятга яна бир фуқаро шунга ўхшаш муаммо билан мурожаат қилди. Бу сафар ҳам машинанинг бўёғи сифатсиз чиққан.

«Машинани уйга олиб келиб, 5-6 кун ўтгач, мутахассисга кўрсатганимда унинг бўёғи заводдан сифатсиз чиққани ва бошқа нуқсонлари ҳам борлигини айтди.

Дарров автосалонга бордим. Қайта текшириб кўришди, ҳақиқатан ҳам нуқсонли эканини айтишди. Орадан 20 кун ўтиб «UzAuto Motors» АЖдан мутахассислар келишди. Улар ҳам нуқсонни аниқлаб, таъмирлаб беришини маълум қилишди. Аммо мен янгисига алмаштириб беришларини талаб қилдим. Ахир янги машинага пул тўлаб, таъмирланганини уйга олиб бормайман-ку!

Аммо барибир музокара сўнгида таъмирлайдиган бўлишди. Ўн кундан сўнг таъмирлаш ишлари тугаб мени чақиришди. Лекин таъмирдан сўнг машинанинг нуқсони икки карра кўпайган эди.

Табиийки, машинани қабул қилмадим, алмаштириб беришларини талаб қилдим. Бироқ бугунгача ҳам янги машина ололганим йўқ», – деди Жамшид Имомов.

Шу йил 13 июнь куни машина ҳолати бўйича «UzAuto Motors» АЖ вакиллари ва «DRIVER`S VILLAGE» автосалони кафолат муҳандиси иштирокида тузилган далолатномада автомашинада қуйидаги нуқсонлар борлиги кўрсатилган:

1. LH SIDE BODY INNER панелида лак бўёқ қопламаси нуқсони борлиги.

2. LH SIDE BODY INNER орқа қисми панелида лак бўёқ қопламаси нуқсони борлиги.

Шунингдек, 4 июнь куни «UzAuto Motors» АЖ мутахассислари томонидан таҳлил ўтказилганида орқа чап эшик герметикаси ёрилгани сабабли эшик ички қисми қайта таъмирлангани, аммо таъмир ишлари автомашинанинг қолган қисмларига нисбатан текис чиқмагани қайд этилган.

«Мижозга автомобилни сифатли қилиб таъмирлаш ва орқа чап эшикни янгисига алмаштириб бериш таклиф қилиниб, мижоз розилиги билан автомобилга «UzAuto Motors» АЖ корхонаси томонидан орқа чап эшик ва таъмирлаш учун керакли мутахассислар ажратилиб, автомобилни таъмирлаш ишлари олиб борилди.

Таъмирлаш жараёнида «UzAuto Motors» АЖ корхонасидан олиб келинган орқа чап эшик ранги кузов рангига мос келмагани бўёқлаш цехи мутахассислари томонидан аниқланди», – дейилади «UzAuto Motors» АЖ корхонаси ва автосалон вакиллари иштирокида тузилган далолатномада.

Хуллас, ана шу сабаб — заводдан келтирилган эшик ранги машина рангига мос келмагани сабабли автомашина эшиги алмаштирилмайди ва таъмирлаб берилади.

Юқорида айтилганидек, мижознинг бу таъмирдан кўнгли тўлмайди ва у машинани қабул қилиб олмайди. Гарчи қоидага кўра, харид қилинган маҳсулот нуқсонли чиққан бўлса янгисига алмаштириш лозим бўлса-да, бу иш бажарилмайди.

Таъмир сифатидан эса мижознинг кўнгли тўлмайди. Қолаверса, мижоз қайтадан бўялган машинанинг нархи анчагина тушиб кетишини айтмоқда.

Ана шу тарзда муаммо ҳал этилмасдан қолиб кетгани бугун мижоз — Жамшид Имомовни ҳайрон қолдирмоқда.

Таҳририят масалага ойдинлик киритиш мақсадида «UzAuto Motors» АЖ билан боғланди. Жамият матбуот хизмати вакили ҳозирда мижоз билан алоқа ўрнатилгани ва машинани янгисига алмаштириб бериш чоралари кўрилаётганини айтди.

Ўйлаймизки, «UzAuto Motors» АЖ вакиллари шаҳрисабзлик бу фуқаронинг муаммосини ижобий ҳал қилиб берадилар.

Анвар Мустафоқулов,
Kun.uz мухбири

Мавзу
Kun.uz суриштируви
Kun.uz халқ мурожаатлари асосида жойларда бўлиб, муаммоларни ўрганмоқда ва холисона ёритмоқда.
Барчаси
Top