23:22 / 03.07.2020
5032
Илон Маскнинг бойлиги бир ҳафта ичида 5,2 миллиард долларга кўпайди

Америкалик тадбиркор, Tesla компанияси раҳбари Илон Маскнинг бойлиги компания акциялари нархи ошаётгани сабабли бир ҳафта ичида 5,2 млрд долларга кўпайиб, умумий ҳисобда 46,3 млрд долларга етди.    

Forbes нашрининг хабар беришича, Маск 26 июндан 2 июлгача бир неча миллиард долларга бойиган. Унга биржада нархи ошаётган Tesla компаниясининг 13 фоиз акцияси тегишли. Компания акциялари қимматлашаётгани сабабли унинг капиталлашуви 224,5 млрд долларга етган. Таъкидланишича, Tesla компанияси S&P 500 индексида келтирилган барча 500 компанияни ортда қолдирган. 

“Бу рақамлар кўпаяди ва камаяди, бироқ асосийси одамларга ёқадиган аъло сифатли маҳсулот ишлаб чиқарилиши бўлиб қолади”, деб изоҳ берган Маск ушбу ҳолатга. Бундай муваффақият эвазига тадбиркор Forbes’нинг энг бой кишилари рўйхатида 9 позицияга кўтарилиб, 22-ўринни эгаллаган.

2003 йилда ташкил этилган Tesla ҳозирда электромобиллар, қуёш батареялари ва бошқа энергия тўплаш тизимлари ишлаб чиқаради.

Top