21:13 / 07.07.2020
25165
Ўзбекистонга коронавирусга чалинганларни ташишга мўлжалланган реанимобиллар олиб келинди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ўзбекистонга коронавирус билан оғриган беморларни транспортировка қилиш учун махсус реанимобиллар олиб келингани ҳақида хабар берди.

«Бугун юқумли касалликлар тарқалишининг олдини олиш борасидаги ишларни ривожлантиришга хизмат қилувчи яна бир қувончли ҳодиса сифатида юртимизга хорижда ишлаб чиқарилган 15та махсус замонавий реанимобилларнинг олиб келинганини айтишимиз мумкин. 

Таъкидлаш жоизки, уч ойдан кўп вақт давомида юртимизда коронавирус инфекцияси билан касалланганлар даволанаётган тиббиёт муассасалари барча керакли жиҳозлар билан таъминланган.

Келтирилган янги махсус реанимобиллар эса беморларни транспортировка қилиш соҳасидаги камчиликларни тўлиқ бартараф қилишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Эътиборли жиҳати, ушбу реанимобиллар дефибриллятор, ЭКГ ва сунъий нафас бериш аппаратлари, дори-дармонлар каби барча керакли воситалар билан жиҳозланган бўлиб, беморни бир манзилдан тиббиёт муассасасига етказиб боргунча унинг ҳаётини сақлаб қолиш имкониятини беради. 

Шунингдек, беморларни ташишда тиббиёт ходимларининг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида реанимобиллар биобокслар билан таъминланган. Ушбу махсус насилканинг устига қилинган қопламада дарчалар бўлиб, улар орқали тиббиёт ходими беморга бемалол муолажалар ўтказиши мумкин», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

Эслатиб ўтамиз, 2017-2018 йиллар мобайнида Ўзбекистон тарихида биринчи марта тез тиббий ёрдам хизмати учун 1500та янги ихтисослашган автомашиналар харид қилинганди. 

Жорий йилнинг январида эса Тошкент шаҳридаги тез тиббий ёрдам хизмати учун хориждан келтирилган 150та Ford русумидаги энг замонавий реанимобиллар топширилганди. 

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top