19:04 / 27.08.2020
15463
Ўзбекистонда нечта оила «Темир дафтар»га киритилгани маълум бўлди

Ўзбекистонда 409 мингта оила «Темир дафтар»га киритилган. Уларнинг оила аъзолари сони 1 млн 726 минг кишини ташкил этади, деб маълум қилди Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги департаменти бош мутахассиси Шаҳобиддин Давлатов.

Унинг сўзларига кўра, ушбу оилаларда ишсизлар сони 396 минг нафар.

«Йил охирига қадар уларни иш билан банд этиш таъминланади», – деди вазирлик расмийси 27 август кунги матбуот анжуманида.

Маълум қилинишича, аҳоли 5та мезон асосида «Темир дафтар»га киритиб борилмоқда:

  • меҳнатга лаёқатсиз ёки сурункали касалликлари оиласи аъзоси мавжуд бўлган оилалар;
  • якка-ёлғиз бевалар ва ўзгалар парваришига, қарамоғига муҳтож бўлган оилалар;
  • 5 нафар ва ундан ортиқ фарзанди мавжуд ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган оилалар;
  • коронавирус пандемияси натижасида ўзининг доимий даромад манбайидан маҳрум бўлган оилалар;
  • ҳақиқатан ҳам эҳтиёжманд, ночор ва моддий кўмакка муҳтож оилалар.

Кеча президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистондаги уч тоифа, хусусан «Темир дафтар»даги оилалар фарзандларига 500 минг сўмдан пул тарқатиш бўйича қарор имзолади.

«Пул ажратилишидан асосий мақсад – ёшларимизни кийим-бош, мактаб формаси ва ўқув қуроллари билан таъминлашдир» – деди Шаҳобиддин Давлатов.

Top